Қурилиш ишлари халқ билан бамаслаҳат амалга оширилади

Вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи А.Бобоев вилоятда олиб борилаётган қурилиш, ободончилик ва бунёдкорлик ишлари ҳақида маълумот бериш мақсадида ўтказилган матбуот анжуманида бу фикрни қайта-қайта таъкидлади.
– Бугун мамлакатимизнинг барча ҳудудларида бўлгани сингари вилоятимизда ҳам кенг кўламли қурилиш, бунёдкорлик ишлари амалга оширилмоқда, ҳудудлар обод қилиняпти, – деди А.Бобоев. – Бундан хабардорсизлар, бевосита гувоҳ бўлиб турибсизлар. Лекин барча юртдошларимиз ҳам бу ҳақда етарли маълумотга эга бўлмаслиги мумкин, шунинг учун ижтимоий тармоқларда, ўзаро суҳбатларда турли хил фикрлар ҳам билдирилади. Шунинг учун бугун сизлар билан юзма-юз гаплашиб, айрим йирик лойиҳалар ҳақида маълумот беришни, сизларнинг таклифларингизни эшитишни, қизиқтираётган саволларингизга жавоб беришни лозим топдик.
Вилоят раҳбари дастлаб йирик лойиҳалардан бири – “Ширин” ишбилармонлик маркази ҳақида маълумот берди. Зарафшон дарёси бўйида 665 гектар майдонни эгаллаган мазкур лойиҳа турар-жойлар, маъмурий ва бизнес марказлари, таълим ва тиббиёт муассасалари, кўнгилочар масканлар, шунингдек, замонавий транспорт ва муҳандислик коммуникацияларини ўз ичига олади. Шаҳарчани барпо этиш 4 та босқичга бўлинган бўлиб, биринчи босқичда дарё устида кўприк қурилгач, унинг икки томонидаги 100 гектар ер майдонида қурилиш ишлари амалга оширилади. Кейин навбатдаги босқичларда иш олиб борилади. Аҳоли учун ижтимоий инфратузилма тўлиқ яратилади, яъни мактаб, болалар боғчаси, поликлиника, маҳалла бинолари, участка нозири пунктлари қурилади.
Шундан сўнг вилоят ҳокими Оқдарё тумани Даҳбед шаҳарчасида жойлашган 4,7 гектар майдондаги Маҳдуми Аъзам зиёратгоҳи, Самарқанд шаҳридаги 2,2 гектар ҳудудда реставрация ва реконструкция ишлари олиб борилаётган Имом Мотуридий мажмуаси ҳақида маълумот берди.
– Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан Имом Мотуридий мажмуасини кенгайтириш ва обод қилиш жараёнида уй-жойи кўчирилаётган ёки бир қисми олиб қўйилаётган ҳар бир оила рози қилинган ҳолда, улар учун турар жой, компенсация маблағи берилиб, кейин бу иш амалга оширилмоқда, – деди вилоят раҳбари. – Ҳеч кимнинг хоҳишига қарши иш қилинаётган эмас. Бундан ташқари, Ўзбекистон кўчасидаги ҳарбий госпитал ўрнида аҳоли учун дам олиш маскани, истироҳат боғи ташкил этамиз. 5,4 гектар ҳудудда кўп йиллик манзарали дарахтлар мавжуд ва лойиҳага кўра, улар тўлиқ сақлаб қолинади, боғнинг асосий қисмини яшил майдон ташкил этади. Ҳуддуддаги маданий мерос объекти сифатида рўйхатга олинган биноларга зарар етказилмаган ҳолда улардан музей, кутубхона, креатив тўгараклар сифатида фойдаланамиз. Боғ ҳудудида павилионлар, ёпиқ ва очиқ аттракционлар, нуронийлар маскани, спорт ва соғломлаштириш майдончалари ташкил этилади. Қорасув массивидаги “Янги Ўзбекистон” боғидаги ишларни ҳам давом эттириб, бу масканни шу ҳудудда яшовчи аҳоли ҳордиқ чиқарадиган кўркам истироҳат боғига айлантирамиз.
Вилоят етакчиси Самарқанд шаҳридаги темир йўл орти қисмида 3 мингга яқин маънан эскирган уй-жой ўрнида реновация лойиҳаси асосида 100 минг аҳоли учун мўлжалланган кўп хонадонли уй-жойлар массиви қурилиши, Самарқанд шаҳридан Ургут туманига тортилаётган темирйўл тармоғи ҳақида ҳам маълумот берди.
Матбуот анжуманида вилоятда ижтимоий соҳа объектлари, йўл ва коммуникация тармоқлари қурилиши, яшил боғлар ташкил этиш масалаларига ҳам эътибор қаратилди. Оммавий ахброт воситалари вакиллари ва ижтимоий тармоқлар фаолларининг мавзу юзасидан саволларига батафсил жавоб берилди, таклифлар эшитилди.
– Самарқандни янада обод қилиш, туризмни иқтисодиётнинг асосий драйверларидан бирига айлантириш ва аҳоли учун ҳар томонлама муносиб турмуш шароити яратиш борасида кўп режаларимиз бор, – деди тадбир якунида А.Бобоев. – Уларнинг айримлари ҳақида бугун маълумот бердик. Шу билан бирга бугун сизларнинг савол, таклиф ва мулоҳазаларингизни эшитиб, ўзим ҳам кўп маълумотларга эга бўлдим. Шунинг учун бундай учрашувларимизни мунтазам ўтказиб борамиз ва йирик лойиҳаларни амалга оширишда сизларнинг, умуман, халқимизнинг фикри биз учун жуда муҳим.