Qushhovuzmi yoki Qo`shhovuz? Самарқанд шаҳрида "Давлат тили ҳақида"ги қонуннинг татбиқ этилиши ҳақида мулоҳазалар
Уммон каби соф, теран ва рангин тилимиз бор. Уни дунё ўрганмоқда. Аммо биз шу пайтгача фақат йилнинг 21 октябрь санасида турли тадбир ўтказиш ҳамда оммавий ахборот воситаларида чиқиш қилиш билан кифояланиб келдик, холос. Аслида қонуннинг ҳаётга татбиқ этилишини таъминлаш, уни ҳурмат қилиш шу юртда яшаётган ҳар бир фуқаронинг бурчидир. Ваҳоланки, ўзбек тилимизга давлат тили мақоми берилганлигига 30 йил тўлди.
"Ҳар қадамда ажнабий ёзувлар..."
Албатта, 1989 йилда қабул қилинган "Давлат тили ҳақида"ги қонун ижроси бўйича вилоятимизда, хусусан, Самарқанд шаҳрида маълум даражада ишлар амалга оширилди. Лавҳалар, эълонлар, нархномалар, ишлаб чиқарилган маҳсулоту географик объектларнинг номлари давлат тилида, лотин алифбосида ёзилган. Аммо республикамизда ички ва ташқи туризмни ривожлантиришга эътибор берилаётган бир пайтда бу кўҳна масканга ташриф буюрган сайёҳларнинг савдо шохобчаси-ю хизмат кўрсатиш корхоналари бинолари пештоқига турли тилларда ёзилган лавҳаларни ўқиб, энсаси қотиши табиий.
Яқинда қўшни республикадан келган танишим Самарқанд шаҳри қиёфаси кейинги пайтларда жиддий ўзгарганлиги, янгиланганлигини ҳавас билан эътироф этди. Шу қатори эътирозини ҳам билдирди: "Ҳар қадамда ажнабий тиллардаги ёзувларни учратяпман. Сизнинг республикангиз каби бизнинг давлатимиз ҳам кўп миллатли. Аммо фуқароларимиз давлат тилини яхши билади ва унга нисбатан ҳурмат ва эътиборда бўлади".
Бу гаплардан хижолат бўлдим. Нима деб ўзимни оқлашга қийналдим. Меҳмонни кузатгач, Самарқанд шаҳрида бу борада қилинган ишлар ва камчиликлар билан имкон даражасида танишиб чиқишга ҳаракат қилдим.
Корхона маъмурияти юқоридан кўрсатма кутяптими?
Рост, "Давлат тили ҳақида"ги қонуннинг 20-моддасида кўрсатилганидек лавҳалар, эълонлар, нархномалар давлат тилида эмас, ажнабий тилларда ёзилган. Масалан, "Постронним въезд запрешенна" (Кўксарой майдони), "Принимаем оплаты по коммунальные платёжи карты экспресс оплата" (Улуғ Турсунов кўчаси), "Salvatini", "Personal", "Ramsey", "Daniels", "Elysee", "Parumurie", "U. S. Polo", "ASSN", "NBU" "KARAVAN studio" (Бўстонсарой кўчаси), "EDU-cation IPP", "Дикая вишня", "Образование зарубежом", "HOTEL SHAHNAME", "CITY HOTEL SAMARKAND" (Университет хиёбони), "Салон красоты", "HOTEL EMIR XAN", "Bugatti", "Pizza Strada", "Детский мир LOTOS", "Crafers" ва ҳоказо. Шаҳардаги Шоҳруҳ кўчасидаги "Malika" меҳмонхонаси ҳам давлат, ҳам хориж тилида ёзилган…
Танишиш давомида ҳатто шаҳарнинг айрим муассасалари номи фақат чет тилларида ёзилган лавҳаларга дуч келдик. Бу ҳолат асосан хусусий меҳмонхона, тиббиёт клиникаси ва фирмаларда учрайди. Тўғри, меҳмонхоналарнинг лавҳа ва эълонлари хорижлик сайёҳлар тушуниши учун инглиз тилида ёзилиши мақсадга мувофиқ. Аммо ушбу лавҳа ёнига ўзбек тилида ҳам унинг номини ёзиш мумкин-ку?! Масалан, Шоҳруҳ кўчасидаги "Malika" меҳмонхонаси кириш қисмида ўрнатилган лавҳалар ҳам ўзбек, ҳам хориж тилида ёзилган.
"МЕДСИ" тиббиёт марказида ҳамма ёзувлар - лавҳа, эълон, реклама, нархнома, эшиклардаги ёзувлар ва бошқа кўрсаткичлар фақат рус тилида ёзилган. Ёки шаҳардаги "8 март" МЧЖ (ҳозирда "Зарафшон текстиль") маҳсулотлари ёрлиқ (этикетка)лари фақат рус тилида ёзилмоқда. Иш юритиш ҳужжатлари ҳам асосан рус тилида. Ҳолбуки, ишловчиларнинг 95 фоиздан ортиғини маҳаллий миллат вакиллари ташкил қилади. Жамият раиси ўринбосарининг айтишича, шу пайтгача давлат тили масаласида ҳеч ким уларга эътироз билдирмаган. Наҳотки, корхона маъмурияти юқоридан кўрсатма ва текширишлар бўлишини кутиб ўтирса?!
"ГУМ", "ЦУМ", "Дальный лагерь"га ким боради? "Поворот"гачи?
Айрим давлат ва жамоат ташкилотларининг ҳам номланишида эътиборсизлик бўлаётгани хунук ҳолат. Масалан, Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти вилоят бўлими идорасининг барча кўрсаткич ва пешлавҳалари кирилл алифбосида ёзилган. "Бухгалтерия", ООО "Самарқанд зиё тарқатувчи", деган пешлавҳага кўзингиз тушади (Кўксарой майдонидаги Кенгашлар уйи биносининг 1-қавати).
Худди шундай ҳолат қурилиш ободонлаштириш ташкилоти, "Ўзчарм" савдо уюшмаси, Ўзбекистон "Миллий тикланиш" ҳамда Халқ демократик партиялари вилоят кенгашлари, уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш идораси, улгуржи савдо уюшмаси, "Қишлоққурилишинвест" масъулияти чекланган жамияти сингари ташкилотларда ҳам мавжуд. Афтидан бу ташкилотларда ҳали лотинча алифбода пешлавҳаларни ёзиш урф бўлмаган. Хўп, кириллчада ёзилибди ҳам дейлик. Айрим жойларда унинг хато ёзилганига кулишни ҳам, куйинишни ҳам билмайсиз. Масалан, Паст Дарғом тумани, Арабхона маҳалласи ҳудудида, йўл ёқасида очилган кушхона пештоқида "Қушхона", деб ёзилганига нима дейсиз?!
Маълум бир йўналишда қатновчи жамоат транспортларида шўролар даврида ишлатилган номлар ҳамон учрамоқда. Бу ачинарли ҳол. Масалан, "ГУМ", "ЦУМ", "Дальный лагерь", "Бетонка", "Сельский", "Поворот", "Дагбитский", "Арақ заводи", "Бульвар", "Фрунзе", "Некрасов", "Партсъезд", "Колхоз Победа", "Гребной канал", "Ленинский", "Октябрский", "За линия" ва ҳоказо.
Шўрбо, лагман, барак...
Шаҳар ҳудудида кўрсаткич ва лавҳаларни ёзишда икки-уч тилни аралаш ҳолда қўллаш ҳолатлари ҳам учрайди. Масалан, Ислом Каримов кўчасидаги миллий таомлар ошхонаси олдидаги лавҳада шундай ёзилган: "Шўрбо, лагман, барак, сомса, манты, казон кабоб, ош палов, шашлыки, халиса, салаты, европейские блюда". Ёки Амир Темур кўчасида "BLUCS CAFE популярная блюда. Магазин". Бундай ҳолатни шаҳарнинг хоҳлаган жойидан топиш мумкин.
Қонуннинг 22-моддасида кўрсатилган географик объектларнинг номлари давлат тилида акс эттирилиши масаласи деярли ўз ифодасини топган. Аммо баъзи кўча номларини ёзишда ўзбекча ёзилганлигига қарамай, унинг уст қисмига инглизча ёзилмоқда. Масалан, Mirzo Ulug`bek ko`chasi ёзувининг устига Mirza Ulugbek str. шаклида берилмоқда. Ёки баъзи кўча номлари кирилл алифбосида ёзилмоқда. Масалан, М.Собиров кўчаси, Ўзбекистон кўчаси, 40-уй. Ёки Али Қушчи кўчаси, Али - Қушчи кўчаси, Али Қушчи ўтар кўчаси. Бу кўча ҳатто кирилл алифбоси имлосига зид равишда "Али - Қушчи кўчаси" шаклида ёзилган. Ёки "Али Қушчи ўтар кўчаси" шаклида ёзилиши бошқа бир шахс Али Қушчи ўтар номидаги кўча тушунилади. Бизнингча, Али Қушчи кўчаси ўтиш йўлакчаси ёки тор кўчаси, деб номлаш мақсадга мувофиқ бўларди.
"Имло қоидаси" фақат филологларга керакми?
Шунингдек, ҳар икки алифбо "Имло қоидалари"га амал қилишда ҳам анча-мунча камчиликлар учрайди. Жуда кўп жойларда "х" ва "ҳ" ҳарфларини фарқламаслик, бош ҳарфлар ҳамда жуфт ва такрор сўзлар имлосидан бехабарлик ҳолатлари учрайди. Масалан, Фарход, озиқ овқат, хамкор, таъом кабилар.
Шаҳардаги 37-сон болалар боғчасидаги лавҳалар оддий имло қоидаларига риоя қилинмасдан ёзилган. Масалан, MTM ҳудудидаги ёзувларда тутуқ белгиси (`)ни нотўғри қўллаш ҳолатлари мавжуд. Дарс жадвали лотинча ёзилгану фанлар номи русча. З2-МТМда эса "Таомнома" лотин алифбосида ёзилгану таомлар номлари ҳамда уларни тарқатиш жараёнлари русча. Завтрак, обед, полденник, плов с мясом, лагман, суп ва бошқалар. Ёки айрим жойларда «FHDYO»ни «FXDYO» тарзида ёзиш «удум» бўлган. Нима, "Имло қоидаси"ни мактабгача таълим муассасалари ходимлари ўрганмайдими ё қоида фақат филологларга керакми?..
«Qushhovuz» қаерда?
«Сиёб деҳқон бозори»нинг Бибихоним мажмуасига чиқиш томонидаги дарвозаси рўпарасида ўрнатилган кўрсаткичдаги "QUSHHOVUZ" ёзувини ўқиб бир оз ўйланиб қолдим. Қўшҳовузни билар эдим. Қушҳовузи қаерда экан? Бу тарихий ҳовузни археологлар топган бўлса, уни ҳеч жойда ўқимадик-ку?! Кейин ёзув тагидаги кўрсаткичга эътибор билан қарасам, у Қўшҳовуз кўчаси томонга қаратилган экан...
Нафақат Самарқанд шаҳрида, балки вилоятда ишлаб чиқарилган маҳсулотларнинг номлари ва нархномаларида асосан русча, баъзи ўринларда номигагина қисқа ўзбекча ёзилганлигини кўриш мумкин. Масалан, "Zakusochnaya - Baxt, колбаса полукусочная, ЧП Бахт. Жамбай с. Кангли. Жомбой Кангли к", "Smetana Puremiky. Тайлякский район, с. Курганча. Тайлоқ тумани, Курғонча қ".
Баъзиларида эса матн фақат рус тилида ёзилгану алифбо аралаш - кириллча ва лотинча бўлиб, гўё корхона Россияга қарашли, у Ўзбекистон ҳудудида жойлашган. Масалан, "Bravo классическая йогурт. ОЩО Bravo. г.Самарканд, ул. Буюк ипак йули, 112", "АССОРТИИ в томатном соке консервированные. "Khakim Naimov" OK. Самаркандский район, село Кушкуприк", "Печенье, Элитное печенье. Республика Узбекистан, г. Самарканд, улица Спитаменшах, 5\13. Биковская 5\6", "Макон консальтинг юридическая консултация №2". Ана, холос.
Хуллас...
Хуллас, она тилимиз миллат кўзгуси сифатида намоён бўлар экан, уни ҳар хил чет тиллари таъсиридан муҳофаза қилишимиз, миллий тил сифатида сайқаллаштириб боришимиз зарур. Шу билан бирга юртимизда уни суиистеъмол қилишлари ва бузишларига қарши муросасиз муносабатда бўлишимиз керак.
Муродқосим АБДИЕВ,
филология фанлари доктори, профессор.