Қуёш панеллари ўрнатишда нега сусткашликка йўл қўйиляпти?
2023 йилда Самарқандда 3251 та аҳоли хонадонларида жами қуввати 17,6 МВт бўлган қуёш панеллари ўрнатиш режаси белгиланган. Аммо амалда вилоят бўйича қуввати 3,55 МВт қуёш панеллари ўрнатилиб, белгиланган режа бор-йўғи 20,8 фоизга бажарилган.
Бу ҳақда халқ депутатлари вилоят Кенгашининг 89-сессиясида айтилди.
Маълумотларга кўра, бу борада энг ёмон ҳолат Самарқанд шаҳрида — 12 фоиз. Шунингдек, Паст Дарғомда 19 фоиз, Каттақўрғон туманида 16 фоиз, Жомбойда 18 фоиз, Пайариқ туманида 19 фоизга, Самарқанд ва Тойлоқ туманларида 20 фоиз, Иштихон ва Ургут туманларида 21 фоизга бажарилган.
Қолган туманларда ҳам белгиланган режаларнинг бажарилиши 50 фоизга етмайди.
Шунингдек, хонадонларга қуёш панеллари ўрнатиш бўйича 3 251 та аҳолининг 175,5 млрд. сўм кредитга бўлган талаби аниқланиб, рўйхати шакллантирилган. Лекин, бугунги кунда 833 та (25 фоиз) аҳоли хонадонлари учун жами 22,5 млрд. сўм кредит ажратилган, холос.