ҚВП, мактаб ва боғчаларни энди тадбиркорлар иситади
Президентимиз жорий йилнинг 1 февралида Андижон вилоятига ташрифи давомида Бўстон туманида ижтимоий соҳа муассасалари иссиқлик таъминотини давлат-хусусий шериклик асосида ташкил этиш бўйича амалга оширилган ишлар билан танишган эди. 2023 йил 10 апрель куни эса «Ижтимоий соҳа объектларининг иситиш тизимларини давлат-хусусий шериклик асосида модернизация қилиш тўғрисида»ги қарор қабул қилинди.
Унда ижтимоий соҳа объектларидаги иситиш тизимларининг куз-қиш мавсумида барқарор ишлашини таъминлаш, ушбу объектларга иссиқлик энергиясини узлуксиз етказиб бериш ҳамда энергия ресурсларидан оқилона ва самарали фойдаланиш, шунингдек, соҳага хусусий инвестицияларни кенг жалб қилиш кўзда тутилган.
Қарорда давлат ва хусусий шериклар томонидан амалга ошириладиган чора-тадбирлар аниқ белгилаб берилди. Жорий йил 1 июнга қадар ижтимоий соҳа объектларининг иссиқлик таъминоти тизимини модернизация қилиш лойиҳа-смета ҳужжатлари ишлаб чиқилиб, давлат экспертизасидан ўтказилади, 1 июлгача лойиҳалар бўйича концепциялар тасдиқланади. Шу йилнинг 1 августидан тендерларни ташкил қилиш ҳамда хусусий шерикларни шаффоф ва очиқ шартларда танлаб, модернизация ишларини бошлаш белгиланди.
- Мазкур қарор билан вилоятимизда эксперимент тариқасида 6 та туманда жойлашган 871 та ижтимоий соҳа объектлари, жумладан, 442 та умумтаълим мактаби, 273 та мактабгача таълим, 100 та соғлиқни сақлаш ва 56 та маданият, мусиқа ва спорт муассасалари учун тадбиркорлар билан давлат-хусусий шериклик битимлари тузилади, - дейди вилоят молия бошқармаси бошлиғи ўринбосари Ойбек Оқбўтаев. – Жумладан, Жомбой туманида 116 та, Нарпай туманида 147 та, шунингдек, Тойлоқда 128 та, Каттақўрғонда 198 та, Самарқанд туманида 124 та ҳамда Иштихон туманларидаги 158 та муассаса қамраб олинади. Айни пайтда вилоятдаги барча ижтимоий соҳа муассасалари хатловдан ўтказилиб, техник нуқсон ва камчиликлар аниқланмоқда. Қарорга кўра, барча иситиш тизими, иссиқ сув тармоқлари, кўмирхона ва печлар таъмирланиб, тайёр ҳолга келтирилгач, тадбиркорлар ихтиёрига ўтказилади.
Режага кўра, 2023 йилда Жомбой туманида 56 та, Нарпайда 70 та умумтаълим мактаби, Тойлоқ туманида 15 та, Каттақўрғонда 19 та тиббиёт муассасаси, Самарқанд ва Иштихон туманларида 11 тадан маданият уйи, мусиқа ва спорт мактабларининг иситиш тизимлари тадбиркорлар қўлига ўтади. Шунингдек, давлат-хусусий шериклик шартномасига кўра, Каттақўрғон туманида 64 та, Самарқанд туманидаги 42 боғча йил якунигача замонавий иситиш тизимлари билан таъминланади.
Шартномага кўра, тадбиркорлар ижтимоий соҳа объектларида Ўзбекистонда камида бир йил синовдан муваффақиятли ўтган ва хизмат қилиш кафолати камида 15 йилни ташкил қиладиган қозонларни ўрнатишлари лозим. Лойиҳаларни амалга оширишда маҳаллий ҳокимликлар инвестиция маблағининг 50 фоизини давлат бюджети ҳисобидан қоплаб беради. Иситиш объектлари ва тизимлари тадбиркорларга битимда белгиланган муддатда вақтинчалик бепул фойдаланишга берилади.
Эксплуатация харажатлари ўн йил муддатда давлат бюджети ҳисобидан ажратиб борилади ҳамда хусусий шериклар томонидан бажариладиган ишлар ва хизматлар сифати доимий назорат қилинади.
Дилмурод Тўхтаев.