Раҳмат Маматов: Ёмон одам йўқ, характери оғир кишилар бор
Вилоят ички ишлар бошқармасида ички ишлар органларини халқнинг ишончли ҳимоячиси сифатида халқчил, профессионал тузилмага айлантириш ҳамда аҳоли билан мақсадли ишлашга йўналтириш борасида олиб борилаётган ишлар юзасидан матбуот анжумани ўтказилди.
Анжуман пресс-релизида қайд этилишича, жорий йилнинг тўрт ойи давомида вилоят ҳудудида 2242 та, жиноят қидирув соҳасида эса 1358 та жиноят содир этилган. Жумладан, 231 та гиёҳвандлик, 7 та одам савдоси, 11 та қимор ўйинларини ташкил этиш, 16 та ноқонуний қурол сақлаш, 57 та фоҳишахона сақлаш, 62 та пора олди-берди жиноятлари аниқланган. Умумий жиноятлар ўтган йилнинг шу даврига нисбатан кўпайган бўлса-да, ўлим билан боғлиқ йўл-транспорт ҳодисалари (70/51), транспорт воситасини олиб қочиш (5/4) жиноятлари камайган.
Тезкор-қидирув тадбирлари натижасида умумий жиноятларнинг 95,9 фоизи (2150 таси) фош этилиб, қидирувдаги шахсларнинг 116 нафари ушланган.
– Статистик рақамларни берамиз, лекин сизлар билан очиқ мулоқот қилиш, ички ишлар идоралари ҳамда оммавий ахборот воситалари ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш учун бугунги тадбирни ташкил этдик, - деди вилоят ИИБ бошлиғи, полковник Раҳмат Маматов анжуман аввалида. – Чунки ички ишлар идораларини профессионал тузилмага айлантиришда жамоатчилик билан, журналист ва блогерлар билан яқиндан ишлашимиз лозим.
Вилоят ИИБ бошлиғи статистик рақамларга тўхталиб ўтирмади ва матбуот анжумани савол-жавоб тарзида давом этди.
ОАВ вакилларини кейинги пайтда ижтимоий тармоқларда кенг муҳокамаларга сабаб бўлаётган ички ишлар ходимлари ва уларнинг хатти-ҳаракатлари билан боғлиқ ҳолатлар, профилактика инспекторларининг фаолияти, вилоят ва Самарқанд шаҳар кўчаларида йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш борасидаги ишлар, ситуацион марказдаги янгиликлар ва бошқа масалалар қизиқтирди. Шу ва бошқа масалалар юзасидан бошқарма бошлиғи ҳамда соҳавий хизматлар мутасаддилари батафсил маълумот берди.
Жумладан, бошқарма бошлиғининг маълум қилишича, яқинда Самарқанд шаҳрида қозоғистонлик сайёҳлар билан юз берган ҳолат юзасидан ўтказилган хизмат текшируви натижаларига кўра, икки нафар ходим ички ишлар тизимидан ишдан бўшатилган ва уларга нисбатан прокуратура органлари томонидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Шунингдек, бу ходимларнинг икки нафар раҳбари ҳам вазифасидан озод этилган.
Бундан ташқари, йил бошидан буён хизмат вазифасини етарли даражада бажармаган, фуқаролар билан ишламаган 11 нафар профилактика инспектори ички ишлар тизимидан ишдан бўшатилган. 10 нафардан ортиғига интизомий жазо чораси қўлланилган. Фуқаролар мурожаатлари билан ишлаш бўйича яна бир масъул ходим аҳоли мурожаатига эътиборсиз бўлгани учун кеча вазифасидан озод этилган.
– Ижтимоий тармоқларда муҳокама этилаётган ёки халқнинг эътирозига сабаб бўлаётган ҳар бир ҳолатни, албатта, муҳокама қилиб, зарур чоралар кўрамиз, – деди Р.Маматов. – Бундай вазиятларга ички ишлар ходимлари ҳам, фуқаролар ҳам сабабчи бўлиб қолишади. Аммо форма кийган, халқнинг хизматига кирган ходим ҳар қандай ҳолатда ҳам, аввало, муомала маданиятига риоя қилиши, ўзини аҳолининг ҳимоячиси эканлигини ҳис қилиши керак. Жамиятда ёмон одам йўқ, фақат оғир характерли кишилар бўлиши мумкин. Жиноятчи ёки ҳуқуқбузарни аввало, шахс сифатида ҳурмат қилиш керак. Қилган хатти-ҳаракати, жиноят ёки ҳуқуқбузарлигига эса қонун доирасида жавоб беради.
Матбуот анжуманида вилоят ички ишлар идоралари билан ҳамкорликда оммавий ахборот воситалари вакиллари, блогерлардан иборат жамоатчилик кенгаши тузиш таклифи билдирилди ва қўллаб-қувватланди.