Вилоят ИИБда Жамоатчилик кенгаши тузилди
Самарқанд вилояти ички ишлар бошқармаси ҳузурида Жамоатчилик кенгаши фаолияти йўлга қўйилди.
Жамоатчилик асосида доимий фаолият юритувчи ушбу кенгаш Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 20 январда қабул қилинган “Ички ишлар органларини халқчил профессионал тузилмага айлантириш ва аҳоли билан янада яқин ҳамкорликда ишлашга йўналтириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида тузилди.
Шу муносабат билан ташкил этилган йиғилишда Жамоатчилик кенгаши ички ишлар органлари билан халқ ўртасида кўприк вазифасини ўташи, ИИБ фаолиятини янги босқичга олиб чиқишда муҳим ўрин тутиб, ҳар бир ходимда ўз ишига масъулият ортиши, юртга дахлдорлик туйғуси шаклланишига хизмат қилиши таъкидланди. Шунингдек, Жамоатчилик кенгашининг асосий вазифалари ва ваколатлари таништирилди.
Тадбирда узоқ йиллар ички ишлар органи тизимида фаолият юритган, истеъфодаги полковник Шавкат Саъдуллаев Жамоатчилик кенгаши раиси этиб сайланди. Кенгаш аъзолигига нодавлат ташкилот вакиллари, тизим фахрийлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари қабул қилинди.