Рамазон ҳайити – эзгулик ва бирдамлик байрами

Яратганга беадад шукроналар бўлсин, Аллоҳ назар қилган юртимизда бу йилги Рамазон ойи миллий анъана ва қадриятларга мос тарзда, халқимизга хос бағрикенглик, меҳр-оқибат фазилатлари тўла намоён бўлган ҳолда, тинч-осойишта ҳолда ўтмоқда.

Ушбу муборак ой бошланиши арафасида қабул қилинган Президентимиз қарорида белгиланганидек, ой давомида эҳтиёжмандлар ҳамда илм-маърифат йўлида изланаётган ёшларга ёрдам бериш, оилавий ришталарни мустаҳкамлаш, маҳаллаларда ўзаро тушуниш ва ишонч муҳитини кучайтириш, ҳудудларни ободонлаштириш ва кўчат экиш ишларига алоҳида эътибор қаратилди. 

286 жомеъ масжидида таровеҳ намозлари ўқилди ва уларнинг 198 тасида Қуръон хатм қилинди. Бу масканларда ибодат амалларини тўла-тўкис адо этиш учун барча зарур шарт-шароитлар яратилди. 

Саховат ва меҳр-мурувват тадбирлари уюшқоқлик билан олиб борилди. Имом-хатиблар бошчилигида ҳомийларни жалб қилган ҳолда  5400 дан ортиқ кам таъминланган, эҳтиёжманд оилаларга 3 миллиард 250 миллион сўмлик моддий ёрдам кўрсатилди, озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб берилди. Кексалар ва ногиронлиги бўлган шахслар, ижтимоий кўмакка муҳтож оилалар ва турли миллат вакиллари таклиф этилган ҳолда 200 дан ортиқ хайрия ифторлик маросимлари ўтказилди. 

25 март куни давлатимиз раҳбари иштирокида бутун мамлакатимиз бўйлаб ўтказилган ифторлик маросими Самарқандда ҳам юқори савияда ташкил этилиб, 16 туман ва шаҳарларимизда эҳсон дастурхонлари ёзилди.

Эртага – 30 март куни бутун мусулмон оламида бўлгани каби юртимизда ҳам Рамазон ҳайити кенг нишонланади. 

Давлатимиз раҳбарининг ушбу байрамни муносиб нишонлаш ҳақидаги қарорида маҳаллий ҳокимликлар ва бошқа мутасадди идоралар, ташкилотларга Рамазон ҳайитини халқимизнинг миллий анъана ва урф-одатларига уйғун ҳолда ўтказиш бўйича тегишли чора-тадбирларни амалга ошириш белгилаб берилди.

Вилоятимизда Рамазон ҳайитини юқори савияда ва тартибли ташкил этишга қизғин ҳозирлик кўрилмоқда. 

Байрамни юқори савияда, тартибли ва хавфсизлик таъминланган ҳолда ўтказиш мақсадида маҳаллий ҳокимликлар, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ва маҳалла раислари билан ҳамкорликда иш олиб борилмоқда.

Эртага 285 та масжидда ҳайит намози ўқилиши кўзда тутилган. Айни пайтда бу масжидларнинг ҳолати тегишли ташкилотлар томонидан ўрганилиб, ҳайит намозига келувчилар учун қулай ва хавфсиз шароит яратилмоқда, ободонлаштириш ишлари олиб борилмоқда.

Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг тегишли кўрсатмалари асосида ҳайит намози ўқиладиган масжидлар имом-хатибларига зарур тавсиялар берилди. Намоздан кейин ибодат аҳли учун қисқа маърузалар, дуолар ва насиҳатлар ўтказилади. 

Рамазон ҳайити – эзгулик ва бирдамлик байрами. Бу кунларда мусулмонлар бир-бирини зиёрат қилиб, хонадонига ҳайит табриклари билан бориши анъанага айланган. Қариндош-уруғ, қўни-қўшнилар ҳолидан хабар олиш, уларга яхши сўзлар айтиш ва ҳадялар бериш савобли амаллар ҳисобланади. Ўзбекистон мусулмонлари идораси вилоят вакиллиги томонидан ҳам байрам кунларида имконияти чекланганлар, қариялар ва беморларни йўқлаш учун ҳайит табриклари тайёрлаб қўйилди.

Аллоҳ таоло бу муборак кунларни юртимизга файзу барака, осойишталик ва фаровонлик олиб келувчи байрамлардан қилсин!

Рамазон ҳайити барчамизга муборак бўлсин!

Аҳмадхон Алимов,

вилоят бош имом-хатиби.