Рақамлар ортидаги тақдирлар: Ёлғон маълумотлар фош этилди
Вилоят ҳокимлигининг ишчи гуруҳи Самарқанд шаҳри, Жомбой ва Каттақўрғон туманларидаги ёшлар бандлигини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳолатини ўрганди.
Маълумотларда Самарқанд шаҳрида 2 835 нафар ишсиз ёшлардан 2 851 нафарининг бандлиги таъминлангани ёзилган бўлса-да, ўрганиш натижалари бу борада олиб борилаётган ишлар етарли эмаслигини кўрсатди.
2 851 нафар ёшлар ишга жойлашганлиги бўйича тегишли ҳужжатларнинг электрон базаси шакллантирилганлигига қарамай, уларнинг 231 нафари ишга кирганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар мавжуд эмас. Ишга кирган ёшлар билан телефон орқали суҳбатлашилганда, рўйхатдаги телефон рақам бошқа кишига тегишли эканлиги, рўйхатда кўрсатилган фамилия, исм-шарифли фуқаро эмаслиги ва бошқа ҳудудларда яшаши маълум бўлди.
Жумладан, Алишер Навоий маҳалласида яшайди, дея киритилган Норқулова Соҳиба, Асламова Умида, Қосимова Севда Акрам қизи, Насриддинов Умидхўжа, Қаршиев Дилшод, Мирзаев Умед, Тўйчиев Фаррух, Бобоев Улуғбек, Болтаев Отабекнинг ушбу маҳаллада яшамаслиги ва “ZARAFSHON TEKSTIL” МЧЖда ишламаслиги аниқланди.
Шунингдек, ишга жойлашган, дея киритилган ёшларнинг 56 нафари ишламаслигини таъкидлади.
Жомбой туманида 1 360 нафар ёшлар бандлиги таъминланган, деб кўрсатилган маълумот ўрганилганда рўйхатдаги 76 нафарининг бандлиги таъминланмаганлиги аниқланди. Ишга жойлаштирилди, дея тақдим этилган ёшлар рўйхатида 40 нафари 30 ёшдан ошган фуқароларни ташкил қилади.
Каттақўрғон туманида жами 1 288 нафар ишсиз ёшлардан 1 256 нафарининг бандлиги таъминланган. Секторлар томонидан ҳудудлардаги ишсиз ёшлар тўғрисидаги маълумотлар туман штабига тақдим этилмаган.
Ишга жойлаштирилган ёшларнинг рўйхати ўрганиб чиқилганда 30 ёшдан ошган (57 нафар) фуқароларни ҳам рўйхатга қўшиш ҳолатлари борлиги маълум бўлди.