“Рашидовлар сулоласининг маликаси” ёхуд 28 йил аввалги суҳбатга сўзбоши
Шароф Рашидов номидаги халқаро фонд қайтадан ташкил топгани ҳақидаги хабарни эшитиб, ич-ичимдан қувониб юрган кунларимнинг бирида шу фонд раҳбариятидан телефон қўнғироғи бўлиб қолди:
— Шароф ака, сиз онамиз Хурсан Ғафуровна билан очиқ матбуотда биринчи ва охирги марта суҳбат қурган журналистсиз, — деди Гулнора Рашидова. — Яқинда онамизнинг таваллуд топганига юз йил тўлади. Шу муносабат билан Жиззах вилояти газетаси ана шу суҳбатни кўчириб босиб, ҳамшаҳарларга тортиқ қилишмоқчи экан... Шу суҳбат матнини топишга ёрдам беролмайсизми? Биздаги газета нусхаси Шароф Рашидов музейининг ойнаванд жавонига қўйилган, музей инвентарига айланиб қолган, жойидан қўзғатишга журъат қилолмадик ва шу муносабат билан ўзингизга мурожаат қилишни лозим топдик...
Бу фахрли топшириқ муносабати билан бундан ўттиз йилча муқаддам кечган ўша воқеалар хаёлимдан бирма-бир ўта бошлади...
Маълумки, 1985 йил Марказқўмнинг машҳур XVI пленумидан кейин Рашидовни оммавий қоралаш бошланиб кетди. Кеча отаси ўрнида ота деб билганлар ҳам бир юмалаб, бошқа тусга кирдилар. Лекин ўз одамийлик қиёфасини сақлаб қола билган инсонлар ҳам йўқ эмасди. Бу оғир ва мусибатли жараённи ҳеч ким журналист, атоқли таржимон ва олим Асил Рашидовчалик чуқур таҳлил қилмаган бўлса керак. Устозимиз ўзининг “Акам ҳақида” деб номланган таҳлилий-публицистик рисоласида ўша кунларнинг тала-тўп манзарасини шу қадар ўта синчковлик ва одилона чизиб берганки, қиёси йўқ!
1989 йилнинг ёзидан Ислом Каримов даври бошланди ва ўша йил августида ўтган республика фаоллари йиғилишида республика раҳбари ўз маърузасида шундай чуқур ва маънодор шиорни ўртага ташлади: “Марҳумларнинг тили йўқлигидан фойдаланиб, уларга тош отишни бас қилайлик!...”.
Залда гулдурос қарсаклар янгради, гап ким ва нима ҳақида кетаётгани ўз-ўзидан аён эди. Лекин бу масалада залда тўпланганларнинг бу қадар якдиллиги кўпчиликни, ҳатто Каримовнинг ўзини ҳам ҳайратга солган бўлиши мумкин. Ўша пайтда йиғилишда Ўзбекистонда “Рашидовчилик”ни тугатиш учун марказдан юборилган, халқ тилида “десантчи”лар деб ном олган малъунларнинг каттагина гуруҳи ҳам қатнашаётган эди. Улар ҳам бошқаларга қўшилиб қарсак чалишга мажбур бўлишди! Ушбу нутқ ва мардона шиор Шароф Рашидовга бўлган муносабатнинг бурилиш нуқтаси бўлган эди, назаримда! Кейин эса ёв қочиб, ботирлар кўпайиб кетди... Шунга қарамай, Шароф Рашидов устида қора булутлар қуюқлашган дастлабки кезларда ажойиб ҳажвчи шоир ва жангчи Зоҳиджон Обидов томонидан ёзилган “Арслоннинг ўлими” шеърий-фельетонини (1985 йил, “Муштум” журнали) бадиий ижоддаги қаҳрамонлик деб аташ мумкин. Мазкур фельетон жангчи-шоирнинг қувғин ва тазйиқ остига олиниши, ўз навбатида, журнал бош муҳаррири Иброҳим Раҳимнинг вазифасидан четлатилиши билан якун топган бўлса, журналист Бобомурод Даминовнинг “Рашидов ҳақида сўз” мақоласи дастлабки оқлов қўнғироғи бўлиб ёдда қолди.
Кейинроқ деновлик депутат Иброҳим Файзуллаев Шароф Рашидов номини оқлашни Ўзбекистон ССР Олий Совети сессияси кун тартибига қўйиш таклифини билдирганда, зал қарсаклардан ларзага келди. Шу аснода фарғоналик бир гуруҳ СССР ва Ўзбекистон ССР олий Совети депутатларининг Рафиқ Нишонов номига йўлланган “Рашидовга тош отишни бас қилинг!” деган мурожаати республика матбуотида эълон қилинди... Ўша йиллари республика ва ҳатто Москва минбарларидан СССР Олий Совети депутатлари — ёзувчи Одил Ёқубов, академик Эркин Юсупов ва журналист Аҳмаджон Мухторовларниг таъсирчан сўзлари бот-бот янграб турди.
Ислом Каримов ташаббуси билан Ўзбекистонда “Пахта иши”ни қайта ўрганиш юзасидан республика комиссияси иш бошлади ва камина бу комиссия ишини ёритишга жалб қилиндим. Ушбу жараёнда “Пахта иши” комиссияси раиси Исмоил Жўрабеков ва комиссия раиси ўринбосари Абдусамад Полвонзодалар билан бақамти ишлаш насиб этди. Ўшанда Ўзбекистонга ноҳақ ёғилган маломат тошлари ва айбномалар чок-чокидан ситилиб кета бошлади. Бир қатор ишлар якунига кўра, бевосита Шароф Рашидовга қилинган туҳмат ва маломатлар хусусида “Марҳумлар сўроқ қилинмайди...” (Ўзбекистон овози”, 1990 йил, 17 январь) мақоламни эълон қилишга муяссар бўлдим. Мақола Ислом Каримов назарига тушганлигини айтишганда эса елкамдан тоғ ағдарилгандай бўлди. Чунки “Тошкент оқшоми”—“Вечерний Ташкент” газеталари бош муҳаррилигидан ишдан четлатилишимда “Рашидовчи”лар рўйхатида эканлигим асосий “айбнома” эди.
Лекин адолат юзасидан айтганда, марҳум Рашидовнинг номини сиёсий оқлаш Ислом Каримовнинг чекига тушди. Тез орада Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитетининг янгидан тузилган матбуот хизмати раҳбари — матбуот котиби вазифасига тасдиқланиш жараёнида аввалига Марказком котиблари Ефимов ва Комил Юсуповлар суҳбатидан ва сўнгра Биринчи котиб Ислом Каримовнинг қарийб икки соатлик “чиғириғи”дан ўтишимга тўғри келди.
Ўтган асрнинг 90-йиллари бошида Марказқўмда ва Президент аппаратида Рашидовга қарши шиддатли ҳужум кампаниясида фаол қатнашган гуруҳларда очиқ ва яширин тарзда иш кўрган бир қанча аламзадалар ҳали юқори курсиларни эгаллаб, Биринчи котибни ҳам қандай қилиб илигидан олиш пайида зимдан иш олиб боришар, айниқса унинг Москвага тескари тарзда қарор топган “Президентлик” мавқеини бекор қилишни орзу қилишарди. Бу ҳаракатга москвалик “десантчи”ларнинг ҳали бир мунча бақувват саналган сўнгги қолдиқлари раҳнамо эди. Мамлакатнинг ҳуқуқ-тартибот идоралари ва айниқса куч ишлатар тизимлари тўлалигича уларнинг измида эди. Яксон қилиш механизми сўнгги кунларда Болтиқбўйи республикаларида ва Кавказда, хусусан, Грузияда қаттиқ ва бешафқат ишга солинган эди. Ислом Каримов билан бўлган икки соатлик суҳбатда давлат раҳбари садоқатли кадрлар сув ва ҳаводек зарур эканлигини яшириб ўтирмади. Бу суҳбатда айнан Шароф Рашидов билан ишлашганим ва бу инсонни ҳеч қачон, ҳеч қаерда сотмаганим ва бундай имконият бўла туриб, бу “қулай имконият”дан фойдаланмаганим ҳақидаги “маълумот”лар базаси асосий роль ўйнаганини сезмаслик мумкин эмасди.
Рашидов номини оқлашда Ислом Каримов чин жасорат кўрсатган эди. Чунки бў йўлда биринчи қадамлар ташланган пайтда ҳали “Политбюро” қонли қиличини мустамлака мамлакатлар боши узра бот-бот сермаб турган ва Рашидовнинг бир қанча аламзада душманлари ичкарида, ташқарида, ҳатто Москванинг оғушида давру даврон сураётган таҳликали замонлар эди. Худди ана шундай кунларда Ислом Каримов Шароф Рашидовнинг муборак номини оқлашга бел боғлади.
1991 йилнинг кузида бир гуруҳ талабалар, асосан Тошкент давлат университетида таҳсил олаётган бўлажак журналистлар Шароф Рашидов таваллудининг 74 йиллигини нишонлаш юзасидан Президент қабулхонасига мурожаат қилади. Бироқ уларнинг “Шароф Рашидов — журналист” деган мавзуда тантанали йиғилиш ўтказиш ҳақидаги ташаббуси Тошкент шаҳар маъмурияти томонидан жиддий қаршиликка дуч келади.
Президент ёрдамчиси Г.Крайнов топшириғига кўра, мен талабалар “делегация”си билан қабулхонада учрашдим. Улар уч киши бўлиб, “делегация” раҳбари кавказликларга ўхшаб кетадиган, серҳаракат, гапга чечан Ҳусан исмли йигитча экан. Улар ҳатто “Таклифнома” тайёрлашган ва энг биринчи рақамлисини Президент Ислом Каримовга топшириш ва шахсан маросимга таклиф қилиш учун ташриф буюришганини маълум қилишди.
Республикада ўша кунларда “Эрк”, “Бирлик” ва бошқа турли оқимларнинг бошбошдоқлиги туфайли талабаларнинг ҳар қандай йиғинлари ҳукумат томонидан рағбатлантирилмас, аксинча, тўхтатиларди. Лекин “делегациянинг шашти баланд эди, йўқ десангиз, расмий жавоб беринг, нега биз Рашидовни журналист сифатида олқишлашга ҳақимиз йўқ экан?” деган савол-жавоблар ортидан мен расмий жавоб учун уч кун муҳлат сўраб, улар билан хайрлашдим ва ўша онда “делегация” раҳбарини алоҳида суҳбатга тортиб, укажон, сен ўзинг қаерликсан, деб сўрадим. “Жиззахликман. Бахмал деб эшитганмисиз, Бахмал олмаларини еб кўрганмисиз, ўша юртданман”, — деб жавоб қилди.
Мазкур суҳбат якунини мен Президент ёрдамчиси Г.Крайновга хотиржам етказдим. Кутилмаганда Ислом ака чақириб қолди ва талабаларнинг ташаббуси унга маъқул эканлигини айтди.
— Сен ўзинг талаба бўлганмисан, — деб сўраб қолди Ислом ака кўтаринки кайфият билан (эҳтимол талабалик йиллари ёдига тушгандир). Президентнинг курсдоши бўлган устозимиз Раҳим Ражабовдан уларнинг жўшқин талабалик йиллари ҳақида эшитган ҳангомаларим кўз олдимга келди. Тикилиб турсам, Президентнинг кўзлари навқирон йигитлардай ёниб турибди. Ўшанда айтган гаплари ёдимдан чиқмайди: “Менга қара, Мавлонга айт, бирга боринглар, вақти бўлса, Раҳим (Раҳим Ражабов ўша йилларда республиканинг иккинчи раҳбари) борсин, айтиб кўринглар... Эҳ, вақтим бўлса, ўзим борардим, менинг номимдан табрикланглар, раҳмат айтинглар. Умуман, Шароф Рашидов номини талабаларга сингдириш, ёшларга ўрнак қилиб кўрсатиш — бу муҳим сиёсат! Шароф Рашидовдек инсонлар юз йилда, балки минг йилда бир марта туғилади!..”
Шароф Рашидов таваллудига бағишланган норасмий, бироқ мутлақо ёшлар ташаббуси ва талабалар қанотида ўтган тантанали кечада Президентнинг давлат маслаҳатчиси Мавлон Умурзоқов уларни олқишлар экан, Ислом Каримов номидан юксак тилаклар билдирди. Айтишларича, бу Шароф Рашидовга бағишланган биринчи кеча бўлиб тарихда қолди. Чунки Шароф ака тириклик пайтида ҳатто 50 йиллик, 60 йиллик юбилейлари муносабати билан бошланган барча тадбирларни ўзлари тўхтатиб қўйган эди...
Талабаларнинг йиғини тафсилотлари Ислом Каримовни янада тўлқинлантириб юборди. Ўшанда Ислом ака Давлат котиби Раҳим Ражабов, Бош вазирнинг биринчи ўринбосари Исмоил Жўрабеков, Давлат маслаҳатчилари Мавлон Умурзоқов, Темур Алимов, ўша йиллар Олий таълим вазири бўлиб турган Оқил Салимов, Президент бош ёрдамчиси Георгий Крайнов иштирокида ўтган ихчам таркибдаги йиғилишда атоқли давлат ва жамоат арбоби Шароф Рашидовнинг 75 йиллигини бутун мамлакат миқёсида тантанали ўтказиш вазифасини қўяр экан, “Юбилей комисиясини тузиш керак, барча вилоят раҳбарлари, Шароф Рашидов билан ишлашган ветеранларимизни бу комиссияга киритиш керак. Юбилей тантаналарини Жиззах шаҳрида ўтказсак, Халқлар дўстлиги саройида эса катта концерт берсак ва бутун собиқ Иттифоқдан Шароф Рашидов билан бирга ишлаган сафдошларини таклиф этсак, нима дейсизлар? Ҳозир эса, юбилей комиссияси раисини сайлаб олишимиз керак, раиснинг қулочи Иттифоққа етадиган одам бўлиши керак, айтинглар, кимни раис қиламиз?”
Ҳамма бир овоздан “Раисликка фақат сиз муносибсиз, Ислом ака” деган таклифни шартта тўхтатиб, мен фахрий раис бўлай, чунки бу вазифа вақт талаб қилади, амалий раис Жўрабеков бўлсин, у Рашидов билан узоқ ишлашган, энг муҳими, устозини сотмаган, қамалишига бир баҳя қолганда ҳам, ҳатто Гдлян дўқ-пўписа қилиб ва ҳатто шахсан Нишонов шуни илтимос қилганда ҳам, сотмаган ва сотилмаган, юзини, виждонини сақлаб қолган. Мавлон Умурзоқов, майли, муовин бўлсин, чунки анча-мунча ташкилий масалаларни ҳал қилиш керак бўлади. Бундан ташқари, энди ётиб доимий ишлайдиган, матбуотни ишга соладиган ишчан котиб керак, асосий юк унинг бўйнида бўлади, агар бу инсон Рашидов билан ишлашган ва уни яқиндан биладиган одам бўлса, ёмон бўлмасди!...”
Юбилей комисияси маъсул котиблиги вазифасини менинг зиммамга юклар экан, Ислом ака қатъий топшириқ берди:
— Бугунги йиғилишимизни юбилей комиссиясининг 1-мажлиси сифатида расмий баёнлаштириб ёзинг, мажлис шундай қарор қабул қилади:
1. Шароф Рашидов номини абадийлаштириш ва унинг оиласига белгиланган барча имтиёзларни олиб ташлаган КПСС Марказий Комитети ва Политбюро қарорларини бекор қилиш ҳамда ноҳақ қарор сифатида тубдан қоралаш.
2. Шароф Рашидов оиласининг барча ҳуқуқ ва имтиёзларини тиклаш, шахсан Хурсан Рашидованинг ҳолидан хабар олиш ва тез кунларда у билан Шароф Рашидов ҳақида батафсил суҳбат қилиб, матбуотда ёритиш (шу ерда Ислом ака ажойиб бир хотирани эсга олди: биласизларми, мен Самарқандда Бибихоним кўчасида туғилганман. Бу кўча советлар даврида “8 март” деб ўзгартирилган бўлса-да, каттаю кичик Бибихоним кўчаси деб атайди ва буни фахру ифтихор билан айтади.
Бибихонимни биз, самарқандликлар Темур бобомиздан кам яхши кўрмаймиз, чунки, Темурни Темур қилган Бибихоним бўлади! Бу донишманд ва оқила аёл Темурни кўпдан-кўп балолардан сақлаб қолган, барча яхши ишларида мададкор бўлган. Темурийлар авлодининг тарбиячиси — онахони бўлган! Бибихонимсиз биз Улуғбекдай буюк олимга эга бўлолмасдик... Мен Хурсан опада Бибихонимнинг барча хислатларини кўраман! Бу заҳматкаш аёлсиз биз Шароф Рашидовдай баркамол раҳбарга эга бўлолмасдик, деб айта оламан! Бу донишманд аёл миллатнинг онаси, миллатнинг тарбиячиси бўлишга арзигулик! Қирқ йил Шароф Рашидовдай буюк инсоннинг сояси бўлиб яшаш, қирқ йил парда ортида туриш, қирқ йил оилада темир интизомни сақлай билиш тарихда бўлмаган ҳодиса, бу фақат Хурсан опанинг қўлидан келди. Мана, бизнинг давр, бизнинг замоннинг Бибихоними! Бу хокисор ва оқила аёлнинг ўхшаши йўқ, бундан кейин ҳам бўлиши қийин, чунки бундай мусаффао ва покиза қалб бўлиши учун, Хурсан опа босиб ўтган йўлнинг ҳеч бўлмаганда ярмисининг ярмини босиб ўтиш керак! Бунинг учун буюк садоқат, буюк вафо, буюк сабру тоқат керак! Шароф Рашидовдай буюк зотнинг бошиданоқ пешонаси ярқираган бўлган, назаримда.
Йигирма беш ёшида қирғинбарот урушдан омон чиқиб вилоят газетасининг бош муҳаррирлигидек катта мақомга эришган, юртга таниқли шоир ва журналист, кўркам ва келишган йигит минг-минглар ичидан Хурсан опадай ота-онасиз ёлғиз қолган бир қизни ўзига ёр қилиб танлар экан, у ўзининг узоқни кўра билишини, ёшлигиданоқ нақадар зукколигини яна бир бор кўрсатган ва адашмаган эди! Келинг, бизнинг авлодимиз Хурсан опани деярли кўрмай-билмай, танимай ўтдик, эндиги авлодимиз танисин, билсин, ёшларимиз у кишидан ибрат олсин! Мана, бизга Хурсан опа намунаси нима учун керак, шуни унутмайлик, у киши биринчи навбатда миллатга керак! Бундай инсонлар — милдлатнинг кўрки, миллатнинг бахти! Хурсан опа Рашидовлар оиласининг маликаси бўлганлар ва айни пайтда, ҳеч шубҳасиз, Хурсан Ғафуровна — замонамиз фариштаси! — деб якунлади Ислом ака ўз сўзини. Яна бир воқеа ёдимда, шу гапдан кейин Самарқандда ҳам шошилинч ўзгариш қилинди, “8 март” кўчасига ўзининг тарихий — Бибихоним номи қайтарилди...)
3. Шароф Рашидов оиласини Герман Лопатина кўчасидаги ўз қонуний уйига тез кунда кўчириш вазифалари юклансин...
Талабаларнинг ташаббуси асносида Шароф Рашидовнинг 75 йиллик юбилейига асос солинди. Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасига Шароф Рашидов юбилейига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича кенг қамровли дастур ишлаб чиқиш вазифаси топширилди ва тез кунда дастур дунёга келди ва янада бойитилди.
Шу маънода ҳеч иккиланмай айтишим мукинки, Хурсан Рашидова билан бўлган ушбу тарихий суҳбатнинг асл муаллифи Ислом Каримов бўлган эди. Ўшанда бу журъатни Ислом ака бермаганида, бизга қанот бағишламаганида, умримизнинг яна кўп қисмини мажлисбозлик билан ўтказган бўлармидик... Лекин ушбу баённоманинг 3-банди бажарилмай қолди. Мамлакат Президенти бу уйни, керак бўлса, милиция орқали бўшатинглар, уларга (яъни Шароф Рашидов уйини эгаллаб турганлар назарда тутилади) айтган жойидан уй берамиз, хоҳласа котеж берамиз... Бу уй келажакда Шароф Рашидовнинг уй-музейи бўлиши керак, деган бўлишига қарамай, салкам ўттиз йилдирки, Ислом Каримовнинг топшириғи бажарилмай қолди... Мана, ҳозиргача, Шароф Рашидовдай буюк зот қаерда яшаган эди, деган савол ҳамон очиқ — жавобсиз.
Хуллас, Президентнинг шундай ташбеҳларидан кейин мен Хурсан опанинг ҳузурига ошиқар эканман, интервью қандай кечиши, замонамиз Бибихонимининг қалбига йўл топиш ташвишлари, табиийки, елкамдан ергача босиб турарди. Худога минг шукр, ўшанда кутилмаганда Оқил Умурзоқович хонамга кириб келдилар ва дабдурустдан “Хурсан опадан билдим, сен ҳали ҳам бормабсан-ку” деб қолдилар ва бундан бир неча йил бурун Марказқўмда ишлаган кезлармиздагидек, олдиларига солиб олиб кетдилар...
Ҳозир бундан роппа-роса 28 йил аввал ёзилган, “Саодат” журналининг 1992 йил 10-сонида эълон қилинган ўша суҳбатни эътиборингизга ҳавола этарканман, унда тилга олинган фикрлар бугун ҳам ғоят муҳим деб ўйладим. Зеро, садоқат, нафосат, меҳру вафо, матонат ва фидойилик — аёл кўрки. Бундай хислату фазилатлар соҳибалари эса ҳар бир замонда, ҳар бир маконда улуғланади, эъзозланади. Хурсан Рашидованинг мазмунли ҳаёт йўли нафақат буюк давлат арбоби, етук ижодкорнинг рафиқаси, балки жонфидо аёл сифатида ҳам ибратга лойиқ.
Шу ўринда ўз даврида мазкур суҳбатнинг ўқувчилар қўлига етиб боришида шоира, ўша пайтда “Саодат” журнали бош муҳаррири бўлган Ҳалима Худойбердиеванинг катта меҳнати ва ижодий ёрдами борлигини мамнуният ва қарздорлик туйғуси билан ёдга олишдан бахтиёрман.
Рашидовлар сулоласининг маликаси
“— Мен 1920 йилда Жиззах районининг ҳозирги Навоий номли колхозида ўрик гуллаган фаслда туғилган эканман, — дейди Хурсан Рашидова. — Онам, Норбуви Ҳайдарова асли сарбазорлик (ҳозирги Ғаллаорол райони) бўлиб, саводсиз, оқкўнгил ўзбек аёли эди. Отам Абдуғаффор ҳожи Бойматов уч марта ҳаж зиёратини бажо келтирган, маълумотли киши эдилар. Ҳатто Октябрь инқилобидан кейин ҳам ҳаж сафарига улгурган эканлар. Отамнинг оталари — бобом Бойматбой ҳожининг ҳоки тупроғи Маккада қолган, ҳаж сафарида бандаликни бажо келтирган эканлар. Отам қазо қилганда мен 7 ёшда эдим. Онам раҳматлик ҳам менинг тўйимни кўролмадилар. 1942 йил охирида фронтдан қайтган муаллим Шароф Рашидов билан турмуш қурдик. Тўрт қиз — Сайёра, Дилором, Гулнора, Света ва Илҳомжоннинг онаси бўлдим. Шароф Рашидовдек буюк инсоннинг ҳаётига ҳаётим туташ бўлганидан бахтиёрман. Мен бахтли аёлман...
— Хурсан Ғафуровна, рози бўлсангиз, суҳбатимизни сиз Шароф Рашидов ҳаётига, Шароф Рашидов сизнинг ҳаётингизга кириб келган, таъбир жоиз бўлса, юлдуз-юлдузга мос тушган — муҳаббат боғидан гул терган илк кундан, илк воқеадан бошласак...
— Бу “боғ”га ким қачон киргани ва ким қачон гул тергани ўзимизга ҳам аён эмас. Таъбир жоиз бўлса, бизда муҳаббатдан бошқа яна бир қудратли куч бўлганки, мен буни таърифлай олмайман. Чунки ҳали тақдиримизни боғламай туриб Шароф ака мен учун ҳам ота, ҳам она, ҳам оға, ҳам суянчиқ ролини ўтаганлар. Аниқроқ айтсам, Шароф ака Жиззах педагогика техникумини яқиндагина битириб бизга адабиётдан дарс берардилар. Мен ўшанда 7-синфда ўқир эдим. Бутун синфни у киши ўзларига маҳлиё қилиб олгандилар. Синфда 36 ўқувчи бўлиб, шундан 10 нафари қизлар эди. Ёдимда А.С.Пушкиннинг юз йиллиги арафалари эди. Шароф ака Пушкиннинг ўнлаб шеърларини ёд билар ва ҳайратланиб ўқирди. У киши туфайли адабиёт фани бизни ўз сеҳрига олганди. Бир сафар ҳамма ғўр ўқувчилар каби мен ҳам ўз ўқитувчимнинг сеҳри билан каловланиб, ундан сўраганим ёдимда “Муаллим (биз Шароф акага шундай мурожаат қилардик), нега ҳамма сизни бирдай Шарофжон дейди. Нега ҳамма сизни яхши кўради?”, “Чунки мен ҳаммани яхши кўраман, Хурсаной, — дегандилар Шароф ака. — Одамларга қандай муносабатда бўлсангиз, одамлар ҳам сизга шундай муносабатда бўладилар...”.
Шароф аканинг нафақат ўзига яқин тутган одамларни, балки бир кўришган одамларни ҳам сеҳрлаб қўйгувчи оҳанрабоси бор эди. Шу жиҳатдан менинг онам билан бўлган уларнинг илк учрашуви кўзим олдига келаверади... 1937 йил Шароф ака биз, етти йиллик мактабни битираётган бир гуруҳ қизларни ЎзГУ (ҳозирги СамДУ)га ўқишга юбориш ташаббускори бўлган эдилар. Мен ҳам мактаб аълочиси сифатида ана шу рўйхатга тушган эдим. Лекин ўқишга жўнашим учун онамнинг розилигини олишим шарт эди. Менинг ёлғиз қиз бошим билан Самарқанддек азим шаҳарга жўнашимни онам хаёлига ҳам сиғдира олмасдилар. Шароф ака онамни мактабга таклиф қилиб, мени ўқишга жўнатишга кўндирганда, бу суҳбатнинг нақадар енгил кўчганига лол қолган эдим. Шароф ака билан онамнинг суҳбатини эшик тирқишидан ҳам кўриб, ҳам ҳаяжон билан қулоқ солиб турардим. Шароф ака айнан қайси сўзлари билан онамга мурожаат қилганлари ҳозир ёдимда йўқ. Бироқ “Хурсаной ўқиши керак, аълочи, қобилиятли ва ҳоказолар” деганларини эслайман. Шу билан бир қаторда онамнинг жавобини эшитиб, мен “шу гапираётган менинг онамми?”, деб ёқа ушлаб қолгандим. “Майли, Шарофжон, ўғлим, қизимни сизга, сизни худога топширдим”. Эшик ташқарисида туриб уялгандан юз-кўзим ловуллаб қизариб кетган эдим.
Йўлда эса “Нега ундай дедингиз, она? Нега мени “биров”га топширдим, дейсиз, — дедим уялганимни яширолмай. — Нега дарров энди кўна қолдингиз?”. “Бу йигитнинг шундай оҳанрабоси” бор эканки, мен унга йўқ деган сўзни раво кўрмадим, —дегандилар онам. — Бу йигитда ўзига хос хислат бор, қизим. Хизир кўрган йигит. Менга шундай туюлди. У йигит кам бўлмайди. Унга суянганлар ҳам...”
1937 йил кузида 15 та жиззахлик йигит-қиз ЎзГУ қошидаги ишчилар факультетига ўқишга бордик. Шароф ака ўша йили ЎзГУнинг филология факультетига ўқишга кириб, айни пайтда “Ленин йўли” газетасида ҳам ишлардилар. Шароф ака олийжаноб инсон эди. У газета редакциясидан олган маошидан турмуш шароити оғир бўлган бир гуруҳ талабаларга доимий ёрдам кўрсатиб турарди. Дугоналарим Нишонбуви, Зайнаб ва курсдошларимиз Ҳайитбой, Султон ва бошқалар бу ёрдамдан баҳраманд эдилар.
1941 йил уруш бошланган кезданоқ Шароф ака бизнинг тақдиримиз ҳақида, айниқса, қаттиқ қайғура бошладилар. Ўша йили август ойида Шароф акани Самарқанд вокзалидан фронтга кузатиб қўйдик. Жиззахдан оталари Рашид бобо ва тоғалари Ҳамроқул Носиров келдилар. Поезд вокзали перронида жўнаш олдидан Шароф ака биз билан бирма-бир хайрлашди. Шунда кутилмаганда оталари ва тоғалари томонга ўгирилиб, илтимос оҳангида сўз қотдилар: “Тоға, сиздан илтимос, ота, сиздан ҳам, Хурсанойни Жиззахга олиб кетсаларингиз... У ёқдан омон-эсон қайтсам, биз бирга бўлармиз”. У пайтда мен ота-онасиз ва ёлғиз ўз муаллимимга суяниб қолган эдим. Балки мана шу сиз айтган илк муҳаббатдир. Балки мана шу юлдузи-юлдузига дуч келишидир. Балки мана шу тақдирдир. Худога минг қатла шукр, тақдиримдан мамнунман.
— Шароф Рашидовнинг тақдир йўли ўзига хос мўъжиза бўлганди. Ва ҳамон шундайлигича қолмоқда: 25 ёшида у обком котиби, 30 ёшида “Қизил Ўзбекистон” газетаси бош муҳаррири, 32 ёшида Республика Ёзувчилар уюшмасининг раиси, 33 ёшида республика Олий Совети Президиумининг Раиси, 42 ёшида Ўзбекистоннинг биринчи раҳбари! Қарийб 24 йил “биринчи раҳбар”ликда оғишмай туришнинг ўзи бўладими?! Ҳаётлик пайтидаёқ унга ҳайкал қўйилганди. Хурсан Ғафуровна, Шароф Рашидов беназир кишимиди? Табиат унга алоҳида қандай хусусиятлар бахш этганди? “Худо берган” томонлари нимада эди?
— 1942 йилда Шароф ака жангдан ярадор бўлиб қайтгач, Фарҳод ГЭСи қурилишига жалб этилди. Мана шу қурилишда у киши Акоп Абрамович Саркисов, юртдошлари Маманазар Турсунов, Зокир Норматов ва бошқалар билан бирга бўлганлар. Қурилишда партия ташкилотчиси бўлиб қатнашаётган Шароф ака Фарҳод ГЭСи қошидаги бой кутубхонада бош кўтаролмасди. Одатдагидек кутубхонада мутолаага шўнғиб турганида кимнингдир ғойибдан келган момақалдироқ гулдурагидек овози янграйди. “Бу йигит ким?”.
Китоб дунёсига шўнғиб турган Шароф ака ўгирилиб салом беради. Шунда одамлар қуршовида келаётган паҳлавон келбатли, баланд бўйли, соябонли шапка кийган номаълум киши ўзидан ўзи сўрагандек саволга тушади: “Мунча юлдузи исиғ-а, бу солдат йигитнинг? Кимсан ўғлим?”.
Шароф Рашидовнинг Фарҳод ГЭСига ташриф буюрган Усмон Юсупов билан илк учрашуви мана шундай кечган экан. Бу ҳақда Шароф ака кейинчалик бир неча бор тўлқинланиб ҳикоя қилган эди. Усмон Юсупов қайта-қайта саволга тутган ва савол-жавоб ниҳоясида ёнидаги ёрдамчисига қараб: “Ўртоқ Рашидовнинг координатларини яхшилаб ёзиб олинг, Тошкентга боргандан кейин менга эслатасиз”, — дейдилар.
1942 йил кузида Шароф ака билан турмуш қурдик. Нарзиқул ака деган Жиззах райкомининг биринчи котиби тўйимизга бош бўлганини эслайман. 1943 йил августда қизимиз Сайёра туғилди. Сайёра тўрт ойлик бўлганда бизни раҳматлик қайнотам Рашид бува ва у пайтларда ўсмир бўлган Ўктам Орипов Жиззахдан Самарқандга от-аравада кўчириб олиб келдилар. Самарқандда “Советская” кўчасидаги 19-уйда яшадик. Бу пайтда Шароф Рашидов “Ленин йўли” газетасининг масъул муҳаррири эди. Кейинчалик у тез орада Самарқанд обкомининг кадрлар бўйича котиби бўлди. 1946 йилнинг бошлари эди. Усмон Юсупов Шароф акани Тошкентга шошилинч чақириб қолди. Усмон ота негадир Шароф Рашидовни Фатхиддин Шамсиддинов ва Нажимовлар билан биргаликда қабул қилганлар. Улар ҳам Усмон Юсупов суҳбатига чақирилган экан. У.Юсупов Шароф Рашидов билан эски танишлардек қуюқ сўрашиб, “Комсомол ишига қандай қарайсиз, ўғлим?” деб сўрайдилар. Шароф Рашидов эса дабдурустдан қўйилган таклиф гирдобидан чиқиб кетиш ўнғай эмаслигини сезгач, юракдаги асл муддаосини рўй-рост айтишга ўтади. Ва ижодий ишга майли зўрроқ эканлигини ва иложи бўлса, уни вилоят газетасида қолдиришларини сўрайди. “Нима, обком оғирлик қиляптими, ўғлим?” — сўрайди Марказий Комитет биринчи котиби. “Газета юрагимга яқинроқ? — жавоб қайтаради Шароф ака. Шунда фикрлари бир жойдан чиқмаганини кўриб, Усмон ота Носир Маҳмудов (Самарқанд вилояти партия қўмитасининг биринчи котиби)га қўнғироқ қилади. “Ўртоқ Рашидовни республика комсомол қўмитасига биринчи котиб қилиб тавсия этиш таклифига сиз қандай қарайсиз, Носир Маҳмудович?”, деб сўрайдилар. Телефонда бир фурсат давом этган суҳбатдан кейин Усмон ота трубкани қўяр экан, “Хайр, мен сизни тушундим, Носир Маҳмудович” — дейди-ю ва суҳбатда қаттиқ қаршиликка дуч келганини яширолмайди: “Носир Маҳмудов ҳам ўриснинг ўзгинаси, ўжар одам. Комсомолга бўлса, бермайман деяпти. Майли, Самарқандда ишлаб тургин, ўғлим, сенга муносиб иш топамиз”. Орадан бир йил ўтиб Шароф ака “Қизил Ўзбекистон” газетасига муҳаррир бўлиб келдилар. Оиламиз Тошкентга кўчиб келди. Шароф Рашидов онгли ҳаётининг асосий даврини — 36 йилини мана шу шаҳарда яшади. Шароф ака Жиззахда туғилди. Самарқандда билим олди, лекин менинг назаримда, у киши Тошкентда камолотга етди.
Менинг назаримда, у Тошкентни Жиззах ва Самарқанддан кам севмасди. У киши Жиззахни қадрлар, Самарқандни улуғлар, бироқ Тошкентни жон дилидан севарди. Бир куни вақти-соати етиб ҳоки тупроғи мана шу шаҳар тупроғига сингиб кетишини бу одам ҳис қилган бўлса ажаб эмас.
“Худо берган” томонларидан бири шунда эдики, кўп нарсаларни Шароф ака олдиндан кўра биларди. Ҳаётда кечган кўпдан-кўп воқеаларни у киши аввал тушда кўрганларини айтганлари ёдимда. Ҳатто, ўз ўлимини ҳам. Шароф ака 1983 йил октябрь фожиасидан анча олдин ярим тунда мени уйғотдилар. Уйғотиб, анча вақтгача гап бошламай туриб қолдилар. Кейин эса “Хурсаной, мен туш кўрдим, эрталаб ҳаммасини сизга айтаман”, — дедилар-да, яна ёстиққа бош қўйдилар. Сезиб ётдим, қайтиб у кишининг кўзларига уйқу келмади. Кейин ўзларининг айтиб беришларича, ўша тунда у киши чоптириб келаётган оқ от аввал қоқилиб йиқилади-ю, Шароф ака ерга қулайди. Яна бироздан кейин қанот пайдо қилган от Шароф акани олиб осмонга уча бошлайди. Улардан ҳам олдинда оппоқ кийинган, соч-соқоли ҳам оппоқ бўлган мўйсафид учиб боради...
— Хабардор кишиларнинг каромат қилишларига кўра, Шароф Рашидов умрининг охирини бутунлай ёзувчилика бағишламоқчи бўлган эканлар. Давлат арбоби ва ижодкорлик унинг қалбига қай даражада яқин эди? У кишининг қалбида замондошлари ўқиб улгурмаган ва пайқамаган қандай мақсадлар бор эди?
— Шароф Рашидов 1959 йил март ойида Ўзбекистон Компартияси Марказий Қўмитасининг биринчи котиби қилиб сайланганини биз қандай “кутиб” олганимизни” айтсам, кўп жиҳатдан ўринли бўлар, деб ўйлайман. Шуни таъкидлашим керакки, Шароф ака билан ҳамма нарсани гаплашиш мумкин эди, бироқ, у кишидан “ахборот” олиш осон эмасди. У давлат ишини оила ишига сира-сира қўшмасди. Шароф ака биринчи котиб бўлиб сайланган кунлари биз оиламиз билан мутлақо бехабар эдик. Ўша куни Шароф ака кеч соат 12 дан ошганда уйга қайтдилар. Биз доимо Шароф ака қаердалигини билар ва ундан хабардор бўлар эдик. Лекин ўша куни бу сирни ҳеч ким ечолмади. “Шароф ака қаердалар?” деган саволимизга, у кишининг ҳамма ишидан хабардор ёрдамчиларидан “мажлисдалар” деган жавоб олдик. Лекин бу қандай мажлис эканлигини кейин билдим. Уйга жуда ҳорғин қайтган Шароф ака “Нега бунча кеч қолдингиз?” деган саволимга “Болалар ухлашяптими?”, деб саволга савол билан жавоб қайтардилар. “Аллақачон” дедим мен. “Бўлмаса болаларни уйғотинг”, — дедилар кутилмаган буйруқ оҳангида. “Ҳаммасиними?” — сўрадим ажабланиб. “Ҳа, ҳаммасини уйғотинг”. Энг кичигимиз ўшанда 7 ёшда, ҳали мактабга бормаганди. “Ҳаммасини уйғотинг! Ҳаммасини ювинтиринг!” — деб яна такрорладилар. У кишининг ҳорғин чеҳрасидан бирор бир маъно ўқиш учун кўз югуртирганимда, зўр-базўр жилмайиб қўйдилар: “Оилавий мажлис қиламиз”.
Болалар ювиниб, кийиниб давра тортишди. Шунда Шароф ака бир неча йиллар бурун бизни Жиззахдаги Ленин номли мактабда ўқитгани каби дона-дона сўз бошлади: “Болажонларим, мен бугун катта бир мажлисдан ҳозиргина чиқиб келяпман. Бугун бизда бюро бўлди. Мени республиканинг биринчи котиби қилиб сайладилар. Энди бу оғир вазифада мен кимга суянаман? Биринчи навбатда сиз — болажонларим, менинг ёрдамчим бўлишингиз керак. Бунинг учун нима қилишимиз керак? Биринчи навбатда, мактабда аъло баҳога ўқишингиз керак. Хулқ-атворимиз ҳаммага намуна бўлиши керак. Оилада темир интизом бўлмай туриб, мен қандай қилиб кўчада интизом ҳақида гапира оламан?”.
Биз ўшанда Тошкент шаҳрининг Урицкий маҳалласидаги Кренкель кўчаси, 5-уйда турардик. Болалар қайта-қайта ваъда беришиб, хоналарига кириб кетдилар. Кейин биз Шароф ака билан ёлғиз қолдик. Шунда мен дабдурустдан айтган сўзимни қаранг-а: “Шароф ака, бўйнингизга оғир вазифа олибсиз-ку?” десам у киши: “Хурсаной, қўйишмади, лекин тўрт-беш йил ишлаб, кейин ёзувчилигимга қайтаман. Вазифа оғир. Республика мисоли ботқоққа ботиб ётибди. Амал талашувлар республикани хароб қиляпти. Ватанни ўйлайдиган раҳбар кам. Пойтахтнинг аҳволига қараб ачинаман. Шундай республиканинг пойтахти қандай бўлиши керак? Қўлимдан келгунча Тошкентни жаҳонга таниқли шаҳар, Шарқнинг буюк шаҳри қилишга бор кучимни аямайман”. “Соғлиғингиз кўтарармикан, Шароф ака?”. Бу саволга ҳам асосим бор эди. 1952 йилда Шароф ака Москвада ўт пуфагини олдириб ташлашга мажбур бўлган эдилар. Кейинги йилларда ҳам ўт пуфаги йўқлиги ўз касрини кўрсатиб тез-тез жигарда ўт йиғилиб қолар ва бу Шароф аканинг ранги-рўйида ҳам ўз асоратини кўрсатиб турарди. “Соғлиқни энди худодан тилаймиз, Хурсаной”, — деб қўйдилар.
Шароф Рашидов орадан сал кун ўтиб, Марказий шифохона докторларининг қатъий талаби билан 1-стационарда уч кун ётиб чиқишга мажбур бўлдилар. Докторлар жигарда йиғилиб қолган ўтни обдон ювдилар. Мен ҳам у кишининг ёнида бўлишимга тўғри келди. Шароф аканинг стационарга тушгани қаттиқ сир тутилганига қарамай, эртаси куни палатага машҳур раис Ҳамроқул Турсунқулов кириб келдилар. Ҳамроқул Турсунқулов Шароф ака учун ўз ўғлидек ғамхўрлик қилишини мен ўша суҳбатда ҳис қилдим. Ҳамроқул Турсунқуловнинг Шароф акани огоҳлантириб айтган бир сўзи ўшанда мени анча-мунча таажжубга солган бўлса ҳам, вақти-соати келиб кекса деҳқоннинг сўзи тўғри чиқди. “Шарофжон, Ўзбекистонни учта-тўртта “чипқон”дан халос қилиш керак, болам. Бу “чипқон”ларни даволайман, деб овора бўлманг. Сиз учини даволасангиз, бошқа жойида чипқоннинг болачалари яна чиқаверади. Уларни илдизи билан суғуриб ташламасангиз, Ўзбекистон покиза бўлмайди”, — деб кекса деҳқон ўша уч-тўрт “чипқон”нинг номини санаган эди.
Шароф Рашидов эса хато қилган одамга ўз хатосини тузатиш учун имконият бериш кераклигини ва ўзи ҳам шундай йўл тутажагини кекса раисга уқтириб турганда, Ҳамроқул Турсунқулов гўё портлади: “Ие, сиз қизиқ экансиз, Шарофжон! Иккита касални даволаб бўлмайди. Сиз ҳам даволайман, деб овора бўлманг. Бу мен айтган одамлар ўша ҳар икки касал билан баб-баравар оғришган. Бу порахўрлик ва хотинбозлик касали. Бу касал уларнинг оёғидан чалган. Хотинбоз борки — порахўр бўлиши турган гап. Бу бир-бири билан боғланиб кетган дард. Бу чипқонларни тузатаман, деб уринманг. Бу хато бўлади. Кейин кеч бўлади!”.
Ҳурматли раисни кузатиб қўйгач, Шароф ака оғир ўйга толдилар. Республиканинг бешигини тебратиб турган ҳукмдор кишиларини рўй-рост порахўр ва хотинбоз деб дангал тилга олиш ўша пайтнинг ўлчови билан айтганда, катта айбнома эди. Шароф Рашидов, яқинда республиканинг “биринчилигига” сайланган киши бундай айбнома билан қизиқмаслиги мумкин эдими? Бу айбномани ўртага қўйган одам республиканинг биринчи деҳқони, уч марта Социалистик Меҳнат Қаҳрамони эди. Шароф ака бир хулосага келиши учун вақт керак эди, албатта.
Бироқ асосий сабаб вақтмиди? “Бу “чипқон”ларни мен ҳам яхши биламан, — деганди Шароф ака бир сафар менга ҳам юрагини ёриб. — Лекин улардан ҳам каттароқ “чипқон”лар Москвада туришибди. Бу “чипқон”лар марказдаги “чипқон”лар билан илдизи-илдизига туташиб кетган. Улар учун бу дунё фақат айши-ишратдан иборат. Улар гўё фақат шунинг учун туғилган”.
Шароф ака республика “биринчи”лигига сайланган йилларда республика раҳбариятидаги маънавий турмуш нақадар оғир кечиши билан бир қаторда, Москванинг ҳам маҳаллий шароит билан мутлақо ҳисоблашмаган валюнтаристик қарорлари аҳволни янада танг қиларди. Шароф ака янги иш бошлаган йилларда бир кун тонг маҳали уйимизда уч раис олдинма-кейин тўқнаш келиб қолдилар. Аввал Жиззахдан Ҳамроқул тоға келганди. Кейин Янгийўлдан Ҳамроқул Турсунқулов билан Абдулла Ортиқов келишди. Ўша кезда Н.С.Хрушчевнинг ташаббуси билан қишлоқ хўжалигини “ихтисослаштириш” бўйича Иттифоқ ҳукумати қабул қилган қарор юзасидан норизолик машҳур раисларни тонг маҳали Тошкентга Шароф ака ҳузурига отланишга мажбур қилган эди. Бу қарорга кўра ҳамма хўжалик ўз доирасида етакчи бўлган соҳа билан шуғулланиши, пахтакор пахта билан, чорвадор эса фақат чорва билан шуғулланмоғи даркор эди. Ана шу қарорга асосан колхозлар ихтиёридаги қўйлар совхозларга ўтказилиши шарт қилиб қўйилган эди. Шароф ака уйдан туриб ўша пайтда қишлоқ хўжалиги вазири бўлиб ишлаб келган Н.Ж.Худойбердиевга қўнғироқ қилдилар, “Нормуҳаммад Жўраевич, колхозларимиздан қўйлар батамом олиб қўйилса, уларнинг ҳоли нима кечади? Уларнинг қозонига тош солиб қайнатамизми? Колхозларда чорва туёғининг бир қисмини сақлаб қолишга эришмоқ керак, ёрдам қилинг, керак бўлса, Москва билан гаплашинг. Мен ҳам гаплашаман”.
Кейинчалик бу суҳбат Шароф Рашидовга қанчалик қимматга тушганлигини ҳам айтиб ўтиш керак. Москва қарорларини етарлича бажармаганлиги учун Ўзбекистон марказда қаттиқ “муҳокама”дан ўтди. Бу республикада ўз пайтида суғуриб ташланмаган “чипқон”ларнинг Москвадаги “чипқон”лар билан ҳамкорликда Шароф акага ва унга яқин кишиларга марказ қўли билан берилган илк зарбалардан бири бўлди.
— Шароф Рашидов ўз замондошларидан кимнинг суҳбатини ардоқлар ва кимнинг маслаҳатини айниқса қадрлар эди? Яхши кунларнинг ҳамроҳи кўп. Лекин оғир дамда у киши кимга кўнгил ёрарди?
— 50-йилларнинг иккинчи ярми Шароф Рашидов учун енгил кечмади. Шароф Рашидов Олий Совет Президиуми Раиси бўлиб ишлаб турганда бир йилда 300 кунга қадар командировкада бўлардилар. Иванов деган шофёрлари бўларди, ҳозир ҳам ҳаёт, биз билан, оиламиз билан яқин алоқасини сақлаб қолган. Шароф аканинг командировка чемоданини аэропортга чиқиб, алмаштириб бериб келарди. Шароф ака бир вилоятдан учиб келиб, бир самолётдан иккинчи самолётга ўтирардилар. 1952 йили Шароф аканинг соғлиги ёмонлашиб, бизни қаттиқ ташвишлантирди. Ўшанда Тошкентда республика раҳбариятидаги маънавий турмуш ҳам у кишини озмунча эзмас эди. Ўша йили Шароф Рашидовни Кремль касалхонасига ётқизишга тўғри келди. Ҳамон эсимда, уни аэропортда республика активидаги икки киши — М.М.Мусахонов ва С.К.Зиёдуллаевлар кузатиб қўйишди.
Шароф ака соғлиги яхши бўлган йилларда ишлаб чарчамасдилар. 70-йилларда ёдимда бор. Айни саратон маҳалида Тошкент обкомининг биринчи котиби М.М.Мусахановни зўрлаб дам олишга жўнатар ва у кишига Мирзамаҳмудович “Биз шу кундан эътиборан Тошкент обкоми котиби бўлиб ишлаб турамиз. Сиз хотиржам бўлиб дам олиб келинг: ҳордиқ чиқариб қайтган кунингиз кўнглингиз тўқ бўлсин, ўрнингизни бўшатиб берамиз” деб ҳазил-мутойиба қилардилар.
Сўнгги йилларда сир эмаски, Шароф Рашидов қишлоқ хўжалигига тааллуқли асосий масалаларни Н.Ж.Худойбердиев, М.М.Мусахонов, Й.Р.Қурбонов ва вилоят раҳбарлари билан бамаслаҳат ҳал қилардилар. Шунингдек, қишлоқ хўжалигида суяги қотган тажрибали деҳқонларнинг маслаҳатларига қулоқ осишни ўз бурчи деб биларди. Шароф аканинг ишдан кейин ҳам уйда туриб кўп марта Маҳмуд Мирзаев, Маҳмуд Исматов, Жўра Хоназаров, Андижондан Абдусамат Тиллабоев, Самарқанддан Жониқул Юсупов, Шамси Назаров, Сурхондарёдан Бобомурод Омонов, Намангандан Аҳмаджон Одилов, Юқори Чирчиқдан Хван ва бошқалар билан телефонда тез-тез суҳбатлашиб, фикрлашиб турганларининг кўп бор гувоҳи бўлганман. Маданият соҳасида эса у киши Оқил Умрзоқович Салимовга батамом ишонардилар.
Бироқ мен шу ўринда Шароф Рашидовнинг дўстлари ва шогирдлари унинг ишончини қай даражада оқлай олишди, деган бир қўшимча саволга аниқлик киритишни истар эдим. Айрим бировлар Шароф Рашидовнинг “Фалончи сафдоши уни турмада сотибди, бюрода ёки пленумда у ҳақда нохуш сўз айтибди” деган майда-чуйда гапларни ташиб юришни ўзларига эп билмоқдалар. Ким нима айтган бўлса, бу уларнинг виждонига ҳавола. Бироқ мен шунга далолат беришим керакки, Шароф Рашидов бошида қора булутлар айланган дастлабки кезлардаёқ мен унинг сафдошларидан ва шогирдларидан бир қанчасини бўлажак оғир кунлар юзасидан қаттиқ огоҳлантирганман. Уларга иложи борича бизнинг хонадонимизга боғланган томонларни унутишларини ва оғир кунларда ўз бошларини омон сақлашларини таъкидлаганман. Шароф аканинг чин дўстларини, сафдошларини сақлаб қолишнинг бошқа йўлини топмаганман. Шу боисдан мен бугун Шароф Рашидов ҳақида айтилган у ёки бу гапнинг замирида нималар ётганлигини англаган ҳолда хулоса қилиш кераклигини илтимос қилардим. Айтмоқчиманки, бир нокас Шароф Рашидовни улуғлайман, деб марказдан келган жаллодларнинг қиличига дучор бўлгандан кўра мен Шароф аканинг дўстлари ва сафдошларининг жонини сақлаб қолишни афзал билганман. Бугун айтишга осон, ўша кезларда Шароф Рашидовнинг дўстлари ва сафдошлари бошида қатағон қиличи ҳеч нимани аямаган ҳолда бешафқат қайралган эди. Гдлян ва Иванов бошчилигидаги жаллодлар одамларни не аҳволга солишганини мен ўз кўзим билан кўрганман, 25 кун мени ҳам тинимсиз тергов қилишган, сўроққа тутишган. Асосий савол нимадан иборат эди денг? Шароф Рашидов оиласининг яқинлари ким эди? Шароф Рашидов оиласининг тўйларида кимлар таклиф қилинарди? Қаранг-а, Шароф Рашидов оиласининг яқини бўлишнинг ўзи ҳар қандай жазога лойиқ деган ҳукм учун етарли асос бўлиб қолганди. Ўз-ўзидан шундай бўлгани йўқ, албатта. Республикада ва марказда ин қуриб ўз пайтида суғуриб ташланмаган ва бунинг учун энг аввало Шароф Рашидовнинг марҳаматидан миннатдор бўлиш керак бўлган “чипқон”лар бунга биринчи навбатда сабабчи бўлди! Улар ўзларининг ифлос ўтмишини оқлашнинг бошқача йўлини тополмадилар. Республикада Усмонхўжаев ҳукмронлик қилган даврда шундай бўлди. Шароф Рашидовнинг дўстлари ва сафдошлари, шогирдлари ва издошларига оғир кунларни бошидан кечиришга тўғри келди. Бу қатағон Нишонов даврида авжга минди. Лекин мен аминманки, Шароф Рашидовнинг назари тушган ҳақиқий инсонлар ўз қиёфасини заррача ўзгартирмади. Шароф Рашидов ҳаётда майда гаплардан ўзини йироқ тутарди. Бугун ҳам Шароф ака руҳини ҳурмат қилган ҳар бир инсон у киши ҳақидаги майда-чуйда гаплардан сақланишса, яхши бўларди.
— Вақти-соати етиб, инсон бу дунёнинг барча кошонаси билан, шу жумладан тожу тахт билан видолашуви аниқ. Шу жиҳатдан Шароф Рашидов ўз ворисини танлаб улгурмаганмиди? Айрим тахминларга кўра, Шароф Рашидов бир пайтлари ўз ўрнига Нишоновни, кейинчалик Салимовни ва ниҳоят Усмонхўжаевни муносиб кўрган эмиш! Сиз бу тахминлар ҳақиқатга қай даражада яқин деб биласиз?
— Мен суҳбатимиз бошидаёқ айтиб ўтдим. Шароф Рашидов оқкўнгил одам эди, одамларга ўта ишонувчан, соддафеъл киши эди. Бироқ ундан, давлат ишига оид ахборот олиш осонмасди. Шу боисдан мен ҳам унинг “ворис”лик ҳақидаги васияти қандай бўлганлигини аниқ айтолмайман. Лекин юқорида келтирилган номзодлар устида Шароф аканинг муносабатлари қай даражада бўлганлиги ҳусусида фикримни айтишим мумкин. Нишонов “ворис”лик даражасига етмаганлиги аниқ. Қолаверса, унинг башарасини Шароф Рашидов жуда барвақт билиб олганди. Табиатан мутлақо ҳалол ва покиза ҳаёт тарафдори бўлган Шароф ака Нишоновнинг ҳаёт тарзидан ҳазар қилар ва қаттиқ нафратланар эди. Рафиқ Нишоновнинг марҳум хотини ўз эрининг мунофиқлиги, риёкорлиги ва хиёнатлари устида Шароф Рашидовичга мурожаат қилганида у киши бир неча кун оромини йўқотган ва бизнинг ичимизда кимлар яшаб, кимлар ишлаяпти, деб тўлғаниб юрган эдилар. Усмонхўжаев ҳақида эса кўп гап эшакка юк деб ўйлайман. Чунки Усмонхўжаевнинг Олий Совет Раислигига муносиб номзод бўлолмаганини ҳам Шароф ака ҳаётлигидаёқ тан олган эдилар. Бир сафар Усмонхўжаев ичиб, уйда бўкиб қолганидан Шароф Рашидов хабардор бўлгач, телефонда: “Ука, ўзингизни қўлга олинг, докторларни овора қилманг. Ҳали биронта доктор алькаш раҳбарни даволай олмаган!” — деб қаттиқ танбеҳ берганларини эслайман.
О.У.Салимов ҳақида нима дейишим мумкин? Назаримда, у ҳеч қачон катта раҳбарликка интилмаган.
— Ёзувчи Шароф Рашидов кимни севиб ўқиб, кимни ўқиб ҳайратланарди? Адиб сифатида у кимларни қадрлар эди?
— Шароф аканинг адабиёт, санъат ва маданият арбоблари ичида астойдил ҳурмат қиладиган дўстлари кўп эди. Яшин ака, Иброҳим Мўминов, Обид Содиқов, Воҳид Зоҳидов, Садриддин Йўлдошев, Абдували Имомалиев, Восил Қобулов, Саъди Сирожиддинов, Эркин Юсупов, Ўктам Орипов, Ҳамробоев, Содиқ Мираҳмедов, Уйғун ака, Раҳмат Файзий, Александр Удалов... Эҳ-ҳе, қай бирларини санай. Шароф ака уларга ўзига ишонгандек ишонар ва уларни фанимиз ва маданиятимизнинг жонкуярлари, деб эътироф этгандилар. Лекин катта адабиёт ҳақида гап кетганда, Шароф ака “ўзбек адабиётининг уфқида уч юлдуз балқиб чиқмоқда”, — деб қўярдилар. Уларнинг ҳар бир янги сатри Шароф аканинг эътиборидан четда қолмасди. Булар: “Абдулла Орипов, Эркин Воҳидов, Ҳалима Худойбердиева... “Улар устозларидан ўтиб кетишди!”... — бу ҳам Шароф аканинг айнан сўзлари. Адабиётимизнинг бу уч ёрқин юлдузи Шароф акада катта умид уйғотганди. Ўйлайманки, улар ўртасида бўлган ижодий мулоқотни уларнинг ўзлари учун қолдирсак яхши бўларди. Абдулла Ориповнинг китобларини Москвада нашр эттириш, унга муносиб ва мойил таржимон топиш хусусида бош қотирганларини Абдуллажоннинг ўзлари яқинда газетда ишонарли қилиб ёздилар ва Шароф аканинг Москвага йўлланган дастхатигача эълон қилдилар. Айни пайтда Эркин Воҳидов ҳам Шароф аканинг меҳр ардоғида эди. Унинг машҳур “Ўзбегим” шеъри атрофида турли кимсалар ўз ҳукмини ўтказишга уринганларини яхши биламан. Тун ярмидан оққанда ётоқхонада телефон жиринглаб, Шароф ака аллакимнингдир Эркин Воҳидов ҳақида билдирган эътирозларига: “Қўйинг, Эркин Воҳидовни сиздан кўра яхшироқ биламиз, тегманг, шоирни безовта қилманг”, — деганини яхши эслайман. Кейин билсам, бу бемаҳалда сим қоққан республика Давлат хавфсизлик қўмитасининг раиси экан... Бироқ муддаосига ета олмади... Ҳалимахон ҳақида нима дейиш мумкин? Мен ўйлайманки, Ҳалимахон Шароф Рашидовнинг чин қизи эди ва шундай бўлиб қолди. Шароф Рашидов Ҳалимахонни кашф этганида бу жингалак соч, келажаги порлоқ қизча ҳали ўрта мактаб ўқувчиси эди.
— Санъат оламида Шароф Рашидов ардоқлаган кишилар кўп, албатта. Лекин ўзи билан ўзи ёлғиз қолганда Рашидов кимни тинглашни ёқтирарди?
— Шароф аканинг санъат оламига бўлган муносабати ҳақида сўз айтганда, ёдимга биринчилар қаторида Раҳим Аҳмедов, Сора Эшонтўраева, Шукур Бурхонов, Зикир Муҳаммаджонов, Галия Измайлова ва бошқалар келади. Ажойиб ҳофизимиз, академик Юнус Ражабийга Шароф аканинг ҳурматлари бениҳоя зўр эди. Композиторлардан Улуғбек Мусаев, рассом Баҳодир Жалоловларни бизнинг келажагимиз деб билардилар. Баҳодирни эркалаб “худо бизга Камолиддин Беҳзодни қайтариб берди” деб фахрланиб гапирганлари ёдимда. Агар Шароф Рашидов қай куй ва мусиқани тинглашни хуш кўрарди, десангиз, айтишим мумкин. У ҳаётида камдан-кам бўладиган ҳордиқ онларида Турғун Алиматов маҳорат билан чалган танбур куйларини тинглаб ҳаёлга чўмарди. Ҳатто бир сафар: “Агар пенсияга чиқсам, албатта, танбурни ўрганаман”, деб иштиёқ билан айтгандилар.
— Фан олами билан Шароф Рашидовни кимлар ва нималар кўпроқ боғлаб турарди?
— Шароф Рашидов фан оламининг муаммолари билан ҳеч эринмай эртаю кеч шуғулланишга тайёр эди. У Муҳаммаджон Ўрозбоев, Убай Орипов, Иброҳим Мўминов, Содиқжон Азимов ва бошқаларнинг муаммолари билан Москвага тез-тез қўнғироқ қилар, масалалар ечимини шахсан илтимос қиларди. Академик Королев билан уйдан туриб кўп сўзлашганлари ёдимда. Шароф ака Королев эътиборини Ўзбекистонга тортишга эътибор берарди. Айни пайтда турли соҳаларнинг муаммолари билан академиклар Федосеев, Келдиш, Александров, Овчинников ва бошқалар билан тез-тез телефон суҳбати қурарди.
Айни пайтда Шароф Рашидовнинг юрагида буюк армонлари ҳам бор эди. (Биз бир сафар академик Иброҳим Мўминовнинг хонадони меҳмони эдик. Икки қуда биз улар билан яқинда қудалашган эдик). Амир Темур буюклиги ҳақида, унинг тарихдаги ўрни ва хизмати ҳақида узоқ суҳбат қурдилар. Мен Амир Темур ҳақида уларнинг қарашлари нақадар яқинлигини англаб, ҳайратланиб қулоқ тутардим. “Темур ҳақида бизнинг давримизда жим туриш гуноҳ. Бироқ нима қилиш керак? Ахир Петр I кўкларга кўтарилиб кино қилинаяпти, романлар ёзилган. Амир Темур олдида у ким?.. — деб суҳбатни якунладилар Шароф ака. Иброҳим Мўминовнинг Амир Темур ҳақидаги машҳур рисоласи ана шу суҳбатнинг меваси бўлса ажаб эмас.
— Лев Толстой: “Толстойни Толстой қилган — Толстойнинг кун тартибидир”, — деган экан. Шароф Рашидовнинг “Кун тартиби” қандай эди?
— Шароф Рашидовнинг кун тартиби қатъий эди: серҳаракат ва камуйқулик унга хос эди. Тонг соат 4 ярим — 5 да ўринларидан турар ва 30-40 минут ҳовли айланишидан сўнг иш столига ўтирардилар. Энг муҳим хусусият — у бутунлай иш формасига кириб, “ясаниб”, сўнг ишга киришарди. Иш столидан соат 8 гача бош кўтармасди. Қалам енгил кўчганда ижод юришиб кетса, бу ҳаракат соат 8 яримгача чўзиларди. Шунча йил яшаб, Шароф аканинг бирон марта ишга кечикиб кетганларини эслолмайман.
— Шароф Рашидов кўчадаги мавқеидан кечиб, “оддий ота” бўла олармиди? Оила даврасида у кишининг ўрни қандай эди?
— Мен Шароф аканинг уйда ва кўчада бир хилда камтарлиги ва оддийлиги ҳақидаги кўплаб мисоллар ва воқеаларни эслашим мумкин. Ўйлайманки, бу кўпчиликка ҳам сир эмас. Шароф ака одам турган жойдан қайрилиб кетолмас, кўришмай ўтолмас эди. “Раҳбар Рашидов” ҳақида бугунга келиб озми-кўпми ҳақиқат рўёбга чиқиб, хотиралар, ёдномалар битилмоқда. Шароф аканинг оиладаги ўрни ҳам ниҳоятда оддийлик ва соддаликка асосланган эди. У ўз фарзандларининг севимли отаси, набираларининг ёқимли бобоси эди. Шароф аканинг ишдан қайтиши оиламизда кичкинтойларнинг, айниқса, катта байрами. Улар оталари ва боболарининг ҳар куни ишдан қайтишини ювиниб, тоза бўлишиб, ясаниб-тусаниб кутиб олишарди. Шароф ака набиралари билан ҳар тўқнаш келганда ҳар қанча чарчоқ босганига қарамай, уларни ердан озод кўтариб олар, эркалар ва кичкинтойлар нима ўқиб, нима ёдлашганини сўраб, суриштирардилар. Сўнгги йилларда бизнинг кичик оиламиз 20 кишига етиб қолганди. Улар тўпланганда Шароф ака уларнинг ҳар бирига хос сўз топиб айтар, номларининг ёнига ширин сифатлар қўшиб кўнглини кўтарар ва шодлантирардилар. Ўғлим Илҳомжон, қизларимиз Сайёрахон, Дилоромхон, Гулнорахон, Светахон ва куёвларимиз Аҳтамжон, Толибжон, Азизжон, Алишержон ва набираларимиз Шароф ака ўтирган ҳовлида катта ҳаёт мактабини ўтардилар. Мен буни пайқаганим учун ва бу мактаб ва сабоқ уларнинг келажак ҳаёти учун асқотишини билганим туфайли бир стол устида уларнинг бошини қовуштиришга жоним ҳалак эди. Афсуски, биз камдан-кам бунинг уддасидан чиқар эдик. Байрамлардагина биз тўпланиб, ҳамма стол атрофида ўз ўрнини эгаллаганда, одатда тўрдаги ўрин кўпинча бўш бўларди. Шароф ака гоҳ Москвада, гоҳ республика бўйлаб командировкада, гоҳида эса мажлисларда ўз дарди, ўз ғами ва катта ташвишлари билан банд бўларди. Биз эса буни тушунганимиз учун у кишини кутиб чарчамасдик. Ҳаёт бизга кутиш ва сабр-тоқат бахтини мўл-кўл берган экан. Мен ҳамон Шароф ака шу эшикдан мана ҳозир, мана-мана ҳозир кириб келадилар, деб кутаман. Қалбингдаги одамни кутиш бахти буюк ва мароқли бахт. Мен бахтли аёлман. Шароф Рашидовдек буюк ва табаррук зот билан умрим бирга ва ҳамнафас кечганлигидан бахтиёрман. Ҳа, мен бахтли аёлман!...»
Шароф УБАЙДУЛЛАЕВ.