Расул Ҳамзатов “юлдузларни ичган, қуёшни қучган” шоир эди

“Гулистон” журналида авар шоири Расул Ҳамзатовнинг “Менинг Доғистоним” номли асари чоп этилган дамлар (1970 йиллар)дан уни қалбимга яқин олган эдим. Журналнинг навбатдаги сонини орзиқиб кутар эдим. Оддий воқеалар, содда тасвирлар, таниш манзаралар, отамерос удумлар баёни ва улардан келиб чиқадиган фалсафалар ҳайратга соларди.
Бу асар ватанга муҳаббат туйғуларини камолга етказар эди. Тушунарли ва севиб ўқилар эди. Авар халқининг ориятли, жўмард одамлари, фидойи, меҳрибон оналари кўз ўнгимизда жилоланарди. Йиллар ўтган сари Расул Ҳамзатов кичкина мамлакатини, нисбатан кам сонли халқини нақадар кучли муҳаббат билан севган катта ижодкор эканини англадим. Ўз ватанини шундай оташ бўлиб сева олган одам ҳақиқий шоир эканини англадим. Уни излаб ўқидим. Шеърлари туфайли тиниқ булоқларидан оққан сувлар билан осмонни, юлдузларни, қуёшни ичганига гувоҳ бўлдим. Буюк онага, севгилисига иқрорларини маза қилиб ўқидим.
Ўтган асрнинг саксонинчи йиллари бошида мен учун қўл етмас юлдуз каби туюлган шоир рафиқаси билан Самарқандга ташриф буюрди. Чехов номидаги рус драма театрида халқлар дўстлигига бағишланган кеча бўлиб ўтди. Минбарда турли юртлардан келган шоир, ёзувчилар, Самарқанднинг обком секратари, адабиётнинг фидойи тарғиботчиси, ёш ижодкорларнинг ҳомийси Бектош Раҳимов ва Расул Ҳамзатов ҳам савлат тўкиб ўтиришар эди. Зал самарқандликлар билан тўла эди. Мени ҳам минбарга таклиф қилишди. Расул Ҳамзатов шеър ўқиган минбардан туриб шеър ўқиш жуда ҳаяжонли эди. Овчининг қопқонига тушган оҳу каби юрагим дукиллар, вужудим титрар эди. Ўзимни зўрға босдим, шоирга ва халққа енгил таъзим қилдим. Шеъримни ўқидим. Шеърим мени хижолатлик домидан қутқарди, бирдан бошқа одамга айландим. Қарсаклардан ўзимга келдим. Қарасам, минбардагилар ҳам, мен ихлос қўйган шоир ҳам қарсак чалаётган экан. Шу пайт одамлар орасидан беш ёшли, сочлари патила, атлас куйлакли (менинг эгнимдаги атлас билан бир хил) қизчам Сурайё қўлидаги бир даста райҳон билан мен томонга югуриб келаётганини кўрдим. Мен ҳаяжонда гулни олибману, боламни бағримга босишдан уялибман. Мен қилмаган ишни Расул шоирнинг рафиқаси қилди, қизчамни бағрига босиб, юзларидан ўпди. Қизимнинг қўлига ким гул берди, ким саҳнага йўллади, билмай қолдим. Аммо мен яна бир хато қилдим: қўлимдаги Самарқандий райҳонларни шоирнинг рафиқасига тутқазмай, Сурайёмни етаклаб, саҳнадан тушиб кетдим...
Шоир билан иккинчи учрашувимиз орадан 14 йил ўтиб, Покистонда бўлди. Покистон бош вазири Беназир Бҳутто ўз юртида маданият кунларини ўтказди. Ер юзи бўйича ҳар бир мамлакатдан вакиллар боришди. Ўзбекистонликлар гуруҳида мен ҳам бор эдим. Йиғилишлар, маърузалар, сайру саёҳатлар бўлди. Ҳаммаси бир-биридан ажойиб эди. Аммо энг қизиғи охирги кунги, юртнинг подшоси зиёфат берадиган кечада бўлди.
Катта майдон ўтовлар билан безатилган, ошхоналар ҳам далага кўчиб чиққан, ҳар жойда турли таомлар ҳозирланган эди. Бир жойларда гулханлар ёқилган, мушоиралар ташкил қилинганди. Ҳамма эркин сайр қилар, бу ҳолни кўкда юлдузлар берилиб томоша қиларди.
Не кўз билан кўрайки, Расул Ҳамзатов рафиқаси билан рўпарамда турарди. Шошиб, суюниб саломлашдим. Ўзбекистондан, Самарқанддан эканимни айтдим. Шоир Самарқандни яхши хотиралар билан эслади. Икковлари ҳам эски қадрдонини кўргани каби елкамдан қучдилар.
Шоир менга рус тилида нашр қилинган янги китобини муборак дастхати билан совға қилди. Менинг қўлимда улуғ шоирга ҳадя қилишга арзигулик китоб ҳам йўқ эди... Қарздор бўлиб қолдим. Худди қизалоғимни ўпган каби, эр-хотин иккаласи менинг ҳам пешонамдан ўпиб, одамлар орасига сингиб кетишди.
Хосият Бобомуродова,
шоира, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими.