Референдум-2023: Мутасаддилар ахбороти эшитилди
Ўзбекистон Республикаси референдумини ўтказувчи 7-Самарқанд округи комиссиясининг навбатдаги мажлиси ўтказилди.
Комиссия раиси Ф.Тошев бошқарган мажлисда округ ҳудудида референдумга тайёргарликнинг бориши, овоз беришни ўтказиш учун кўрилаётган чоралар муҳокама этилди.
Референдум участкаларида электр энергияси таъминоти, алоқа ва интернет тармоқларнинг ишлаши, аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш борасида кўрилаётган чора-тадбирлар юзасидан вилоят электр тармоқлари корхонаси, “Ўзбектелеком” акциядорик жамияти Самарқанд филиали ва вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси раҳбарларининг ахбороти эшитилди.
Масъуллар округ ҳудудидаги барча участкаларда комиссия аъзолари ва овоз берувчилар учун зарур шарт-шароит яратилгани, соҳавий хизматлар мутахассислари бириктирилганини маълум қилди. Шунингдек, мажлисда 19-26 апрель кунлари ўтказилган муддатидан олдин овоз бериш жараёнлари якунлари ҳам кўриб чиқилди.
Йиғилишда комиссия ваколатига тегишли бошқа масалалар ҳам муҳокама этилди.
Мажлисдан сўнг округ матбуот марказида оммавий ахборот воситалари ходимлари учун брифинг ўтказилди ва округ ҳудудида референдумга ҳозирлик жараёнлари ҳақида маълумот берилди.