Референдум ўтказувчи участкалар тузилди

Ўзбекистон Республикаси референдумини ўтказувчи 7-Самарқанд округ комиссиясининг навбатдаги мажлиси ўтказилди.

Комиссия раиси Ф.Тошев бошқарган йиғилишда округ ҳудудида референдум участкаларни тузиш ҳақидаги масала кўриб чиқилди.

“Ўзбекистон Республикасининг референдуми тўғрисида”ги қонуннинг 16-моддасига кўра, референдум участкалари туманлар, шаҳарлар, шаҳарлардаги туманларнинг чегараларини инобатга олган ҳолда, референдумда иштирок этиш ҳуқуқига эга бўлган фуқароларга мумкин қадар кўпроқ қулайлик яратиш мақсадида тузилади.

Референдум участкалари ҳарбий қисмлар, санаторийлар, дам олиш уйлари, касалхоналар ва бошқа стационар даволаш муассасаларида, олис ва бориш қийин бўлган ерлардаги фуқаролар турган жойларда қамоқда сақлаш ва озодликдан маҳрум этиш жойларида ҳам ташкил этилади.

– Қонунга мувофиқ, референдум участкалари туманлар, шаҳарлар ҳокимларининг тақдимномасига биноан референдум ўтказувчи округ комиссиялари томонидан тузилиши керак, – дейди 7-Самарқанд округ комиссияси раиси ўринбосари Д.Якубжанова. –  Ҳарбий қисмларда референдум участкалари қисмлар ёки ҳарбий қўшилмалар командирларининг тақдимномасига биноан тузилади. Ушбу тартибларга кўра, бизга тақдим этилган тақдимномалар асосида Самарқанд вилоятида 1111 та референдум участкаси тузишга қарор қилинди. Энг кўп участкалар Самарқанд шаҳри (175 та) ва Ургут туманида (126 та), энг ками Каттақўрғон шаҳри (33 та) ва Пахтачи туманида (43 та) тузилди. Участкалар референдумда иштирок этиш ҳуқуқига эга бўлган фуқароларнинг, қоида тариқасида, камида йигирма ва кўпи билан уч минг нафаридан иборат этиб ташкил этилмоқда. Референдум участкаларининг 890 таси умумий ўрта таълим мактабларида, 58 таси коллеж, лицей ва техникумларда, 41 таси маҳалла фуқаролар йиғинларида, 52 таси тиббиёт, санаторий ва дам олиш муассасаларида, 16 таси олий ўқув юртлари биноларида, 11 таси ҳарбий қисм ва озодликдан маҳрум этиш муассасаларида фаолият олиб боради. Участкалар рўйхати вилоятдаги оммавий ахборот воситаларида эълон қилинади.

Мажлисдан сўнг округ комиссияси раиси иштирокида ўтказилган брифингда 7-Самарқанд округи бўйича шу пайтгача амалга оширилган ишлар ҳақида маълумот берилди.