Республика бўйича 2,4 млн. хонадоннинг кадастр ҳужжати йўқлиги маълум қилинди
Республика ҳудудидаги 2 млн. 400 мингдан ортиқ аҳоли хонадонларининг кадастр ҳужжатлари йўқлиги ва бино-иншоотларига нисбатан мулк ҳуқуқини белгиловчи тартиб мавжуд эмаслиги сабабли аҳоли томорқа учун кредит, субсидия ҳамда уй-жойини кенгайтиришга ипотекадан фойдалана олмаяпти. Бу ҳақда Сенатнинг Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитаси мажлисида ахборот берилди.
Шу туфайли Агентликка ҳамда Халқ қабулхоналарига мурожаатлар сони кўпайган. Таҳлил натижаларига кўра айни шу мазмундаги мурожаатлар жами мурожаатларнинг 40 фоиздан ортиғини ташкил этади.
Жорий йил давомида Агентликнинг ҳудудий бошқармаларига жисмоний ва юридик шахслар юборган мурожаатларни кўриб чиқишда раҳбар ва масъул ходимлар томонидан камчиликлар ва қонунбузарликларга йўл қўйилганлиги учун жавобгарликка тортилиш ҳолатлари таҳлил қилинган. 10 та жарима ва 78 та ҳайфсан, 1 та лавозимдан озод этиш, жами 89 та интизомий жазо чоралари қўлланилган.
Агентлик томонидан 2023 йил 5 ойлиги давомида жами 5 600 дан зиёд мурожаат ижро учун қабул қилинган (ўтган йил мос даврида 12 мингга яқин). Мурожаатларнинг 5 мингтаси кўриб чиқилган, шундан 3350 га яқини ёки 66,7 фоизи қаноатлантирилган, 1600 га яқин ёки 31,6 фоизи юзасидан тушунтириш берилган бўлса, 80 таси ёки 1,7 фоизига рад жавоби берилган.