Россиялик профессордан мураккаб жарроҳлик амалиётлари

Вилоят ногиронларни реабилитация қилиш марказида Россиянинг Санкт-Петербург шаҳридаги Р.Р.Вреден номли травматология ва ортопедия илмий-текшириш институти профессори, тиббиёт фанлари доктори В.Усиков томонидан беморларнинг тиббий кўриги ва мураккаб жарроҳлик амалиётлари ўтказилди.

Россиялик профессор беш кун давомида 300 га яқин беморларни тиббий кўрикдан ўтказиб, уларга маслаҳат ва тавсиялар берди.

- Кунига 30-35 нафар беморни кўрикдан ўтказиб, куннинг иккинчи ярмида операция қиляпмиз, - дейди вилоят ногиронларни реабилитация қилиш маркази жарроҳлик бўлими бошлиғи Фарҳод Ботиров. - Ҳозирча умуртқа поғонаси касалликлари бўлган тўрт нафар беморда жарроҳлик амалиётлари ўтказилди. Беморлар ўзларини яхши ҳис қилмоқда.

Иштихондан келган бемор Ж.Норбеков бўйин умуртқаси синиши билан бир неча ойлардан буён тўшакка михланиб қолган эди. Россиялик профессордан тиббий маслаҳат олгач, жарроҳлик амалиётига рози бўлди.   

- Бу операциялар жуда мураккаблиги билан бошқаларидан фарқланади, -дейди В.Усиков. – Амалиётни ўта эҳтиёткорлик билан амалга ошириш зурур. Мазкур муассасада маҳоратли шифокорлар кўп экан. Улар билан ҳамкорликда ишлаб, ижобий натижаларга эришаяпмиз.

 Хорижлик шифокор маҳаллий мутахассисларга маҳорат сабоқларини ҳам  ўтмоқда.

Дилмурод ТЎХТАЕВ.