Ростовдан Ўзбекистонга 918 нафар юртдошларимизни олиб келиш учун поезд йўлга чиқди

Республика махсус комиссияси томонидан Россиянинг Шимолий Кавказ ва Жанубий федерал округларидаги ҳамюртларимизни олиб келиш учун “Тошкент-Ростов-Дон-Тошкент” йўналиши бўйича темир йўл рейсни ташкиллаштириш тўғрисида қарор қабул қилинди.

Ўзбекистоннинг Ростов-Дон шаҳридаги Бош консулхонаси берган маълумотга кўра, бугун маҳаллий вақт билан соат 13:20 да 918 нафар юртдошларимиз билан поезд “Первомайская” станциясидан Ўзбекистонга жўнади.

Ватанимизга қайтиб келганидан сўнг Ўзбекистон фуқаролари Республика махсус комиссияси томонидан белгиланган талабларга қатъий риоя қилган ҳолда карантинда бўлишлари шарт.

Ҳозирда Республика махсус комиссияси томонидан Ўзбекистон фуқароларини Ватанимизга тезроқ қайтариш учун Россиянинг турли ҳудудларидан рейсларни кўпайтириш, рейслар, жумладан темир йўл рейсларининг йўналиши ва турларини кенгайтириш масаласи кўриб чиқилмоқда.