"Рулда - нуроний" деган махсус белги жорий этилса...

Бугунги автомобиллар ҳаётимизга чуқур сингиб, узоғимизни яқин, оғиримизни енгиллаштириш ва бошқа юмушларимизни ҳал қилишда катта имкониятлар яратмоқда. Шу билан бирга, одамлар ҳаётига ҳам катта хавф солиб, йўл-транспорт ҳодисалари кун сайин кўпайяпти. 

Аслида автомобилдан фойдаланиш ўзига хос тартиб, тизим орқали амалга оширилиши керак. Автоуловни маҳорат билан, хатарсиз бошқариш учун кишиларга ҳайдовчилик гувоҳномасини бериш катта масъулият бўлиши зарур. Бунинг учун ўргатувчи бўлғуси ҳайдовчига пухта назарий ва амалий билим бериши керак. Аммо биз бу борада оқсаб қолдик. Барча таълимдаги каби ҳайдовчиларни тайёрлашда ҳам таниш-билишчиликни, ҳайдовчилик гувоҳномасини сотиш, сотиб олиш каби иллатларни чуқурлаштириб юбордик. Натижада йўлларда - катта автоуловлар ҳаракати оқимида билими, тажрибаси етарли бўлмаган, аммо замонавий тезкор автоуловни бошқараётганлар кўпайди. Оқибатда автоҳалокатлар содир бўлиб, одамлар бевақт ҳаётдан кўз юмяпти ё ногирон бўлиб қоляпти.

Жойи келганда ҳайдовчилик гувоҳномасини бир кунда олганларни ҳам эшитдик, кўрдик. Буни шундай баҳолаш мумкин: ҳайдовчилик гувоҳномасини ўқимасдан сотиб олиш, ўзига ва бошқаларга ажални сотиб олиш билан баробар.

Шу ўринда бир таклиф бор: кўчаларда ҳаракатланаётган енгил автомобилларда баъзи белгиларни кўрамиз. Масалан, автомашинани бошқаришни ўргатаётганларга “Ўргатувчи” белгиси ёки аёллар бошқараётган енгил автомобилда пошнали пойабзал, ногиронлар бошқарадиган автомобилда ногиронлар аравачаси ва ҳоказо.

Ҳозирги кунда енгил автомашиналарни 80-90 ёшли кекса нуронийлар ҳам бошқараётганига гувоҳ бўляпмиз. Бундай ёшда, ҳозирги серқатнов автоҳаракатда, тезюрар енгил автомашиналарни бошқариш осон эмас. Чунки, кекса кишилар қаторида қизиққон, тез юришни ўзига ҳавас қилиб олган ёш йигит-қизлар "юксак маҳорат" билан бир-бирини қувиб, йўл ҳаракати белгиларига эътибор бермасдан тез ҳаракат қилаётганлар талайгина. Ана шундай пайтларда ёнида ҳаракатланаётган машинани кекса-нуроний бошқараётганидан бехабар бўлиши мумкин. Бундай ҳолатлар баъзан йўл ҳаракатида ноқулайлик, ҳатто йўл транспорт ҳодисаларига ҳам олиб келиши мумкин. Шунинг учун, кекса кишилар бошқарадиган енгил автомобилларга нуроний бошқараётганини англатувчи махсус белги, масалан, "Рулда - нуроний" белгиси ишлаб чиқилиб, енгил автомашинага ўрнатилса. Бу, биринчидан, кекса нуронийларга ҳурматни билдиради, иккинчидан, йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлашга ёрдам беради.

Ҳамроқул Рафиев.