Сабрга эмас, иштиёққа ўргатаётган ташкилот

Оқдарёлик Сабоҳат Раҳмонова йилнинг бошида “Аёллар дафтари”да рўйхатда турарди. Ҳозирда тикув цехи очиб, қизларга ўз касбини ўргатаяпти, хотин-қизларни иш билан таъминлаяпти. Унинг бу эришганларида давлат идоралари билан бир қаторда нодавлат ташкилотларининг ҳам ўрни катта. Ўтган йил охирида у “Сабр” маркази томонидан ташкил этилган ўқувларда қатнашди. Ўзи қизиқиб, тикиш билан шуғулланиб юрарди, марказдаги машғулотлар унга соҳанинг нозик сирларини ўргатиши баробарида ўзига ишончини ҳам оширди.

Ҳилола Юсупова ҳам Оқдарё туманидаги Мустақиллик маҳалласида истиқомат қилади. Оиласида ҳеч муаммо йўқ эди, турмуш ўртоғи билан фарзандларини тарбиялаб келаётганди. Аммо тўсатдан ҳаммаси ўзгариб кетди. Турмушнинг молиявий томонига ёрдам бермаса, оила парокандаликка юз тутиши муқаррар эди. Ҳилола шуни ўйлаб юрган пайти маҳалла фаоли унга бепул ҳунар ўрганиш имконияти борлиги ҳақида айтди. У ишониб-ишонмай, машғулотларга қатнай бошлади. Кўп ўтмай бу масканга боғланиб қолди.

-“Сабр” менга фақат ҳунар эмас, ҳаётни ҳам ўргатди, - дейди у. Ўзимиз учун пишириқлар пишириб юрардим. Лекин уларни дўконларга олиб чиқиб сотиш, бундан фойда кўришни хаёлимгаям келтирмасдим. Машғулотлар давомида ўзим каби хотин-қизларни кўриб, улар билан ҳамсуҳбат бўлдик, устозларнинг меҳр билан сабоқ бериши далда бўлди. Айниқса, мутахассисларнинг бизни тадбиркорлик қилиш учун оддий ва содда тилда руҳлантирувчи машғулотлари катта туртки берди.

Ҳозир Ҳилола ўнлаб дўконларга 20 турдан ортиқроқ пишириқ етказиб беради. Мижозлари кундан-кунга кўпаймоқда.

Тадбиркорлик, рўзғорини уддалаш, деймиз-у, аслида бир ишни бошлаш биз тасаввур қилгандан анча қийин. Айниқса, молиявий аҳволи оғир, хонадонида турли муаммолари мавжуд оилалар вакиллари учун ўн карра мураккаброқ бу жараён. 

Шу маҳаллада яшовчи Садоқат Шерназарова ҳам ҳозир яхшигина тикувчи сифатида танилиб, уч-тўртта тикув машинкаси, шогирдлари билан турли ёшдагиларга мўлжалланган кийим-кечаклар тикиб, рўзғорини уддаламоқда. Рўзғорни юритиш, фарзандларнинг соғлом улғайиши, яхши таълим олиши учун бу оилага ҳар ой камида 5-6 миллион сўм маблағ керак. Садоқат ҳам ўз ишини бошлагач, эр-хотиннинг баргаликдаги даромади шунга бориб қолди.

“Сабр” ижтимоий-иқтисодий ривожланиш маркази томонидан “Фуқаролик жамияти иштироки орқали ҳудудларда гендер ислоҳотларга кўмаклашиш” лойиҳаси 2024 йилнинг мартидан бошланди. Лойиҳа Европа Иттифоқи ва Германия иқтисодий  ҳамкорлик ва тараққиёт Федерал вазирлиги томонидан биргаликда молиялаштирилган бўлиб, Самарқанд, Бухоро, Андижон, Сирдарё вилоятларининг саккиз туманида амалга оширилди. Хусусан, вилоятимизда бу лойиҳа Оқдарё туманининг Мустақиллик ҳамда Ургут туманидаги Мерганча маҳаллаларида ўтказилди.

Лойиҳанинг натижалари бўйича яқинда якуний тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.

- Касб-ҳунар ўрганишни истовчи, асосан ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатлами учун ташкил этилган ушбу курслар фақатгина бир неча босқичда амалга оширилди, - дейди “Сабр” республика ижтимоий-иқтисодий ривожланиш маркази раҳбари Мавлуда Ширинова. -  Улар касбий йўналтирилган курслар, хусусан, сартарошлик, қандолатчилик, тикувчилик, каштачилик, компютер саводхонлиги каби йўналишларда билимларини оширди, бизнес, тадбиркорликни юритиш бўйича махсус тренингларда қатнашди. Оқдарё туманида 93 нафар, Ургут туманида 106 нафар тингловчи касбий кўникмаларни эгаллаб, ўз малакаларини оширди.

Касбий йўналтирилган курслар битирувчиларининг бизнес-ташаббуслари икки босқичли танлов натижасида қўллаб-қувватланди. Хусусан, Оқдарё туманида 10 нафар, Ургут туманида 15 нафар бизнес-ташаббуслар молиялаштирилди. Ушбу битирувчилар ўз бизнесларини бошлаши учун тикув машинкалари, печлар, сартарошлик ускуналари ҳамда ноутбук ва бошқа зарур жиҳозлар сотиб олинди.

Шунингдек, лойиҳа иштирокчилари касбларни ўрганиши баробарида маиший муаммоларни ҳал этиш ва эҳтиёжларни қондиришга қаратилган ташаббусларни ишлаб чиқишни ўргандилар.

- Марказ бир неча йилдан бери туманда фаолият олиб бориб, хотин-қизлар ҳаётини яхшилашга ҳисса қўшмоқда, - дейди Оқдарё тумани ҳокими ўринбосари - оила ва хотин-қизлар бўлими раҳбари Юлдуз Ўроқова. – Бугун хотин-қизларни касб-ҳунарга ўқитиш, уларга кўмак беришда “Аёллар дафтари” тизими бўйича ҳам қатор ишлар олиб борилмоқда. Лекин ушбу нодавлат ташкилоти фақат ҳунар ўргатмайди, уларнинг оилавий ҳаётини ҳам ўрганади, зарур бўлса, шу ҳунари орқали даромад топиши учун ускуналар билан ҳам таъминлайди.

Гулруҳ МЎМИНОВА.