Саҳелда катта террорчи ўлдирилди
Франция "Исломий давлат"нинг бир бўлаги бўлган «Катта Саҳро исломий давлати» етакчиси йўқ қилинганлиги ҳақида хабар тарқатди.
Президент Макрон шахсан ўзи француз ҳарбийлари катта террорчини зарарсизлантиришга муваффақ бўлганини Twitterда билдирди. У Аднан Абу Валид ал-Саҳраийни йўқ қилиш операциясини "Саҳелда террорчи гуруҳларга қарши курашда эришилган катта муваффақият", деб атади.
Франция Мудофаа вазирлигининг аниқлик киритишича, жангарини йўқ қилиш "Бархан" антитеррор операцияси доирасида амалга оширилган. Ушбу операцияни Париж Африкада 2014 йилдан бери ўтказиб келмоқда.
Ўтган йили француз ҳарбийлари «Катта Саҳро исломий давлати"ни устувор нишон сифатида белгилади. Ёзда улар бу гуруҳнинг бир неча бошлиқларини йўқ қилишга муваффақ бўлди.