Саидаҳмад УСМОНОВ: Масъулият ҳам, тизим ҳам замонга мос бўлсин

Мактаб ҳаётида йиллар давомида йиғилиб келган камчиликларга бугун барҳам берилмоқда. Кўз юмилган муаммолар муҳокама қилинмоқда. Вилоят халқ таълими бошқармаси бошлиғи Саидаҳмад УСМОНОВ билан суҳбатимиз шу ҳақда бўлди.

- Вилоят мактабларининг рейтинги республикада паст кўрсаткичдалиги аниқланди. Ўқитувчиларнинг касбий маҳоратини оширишда вилоятда қандай ишлар қилинмоқда?

- Яшириб нима қиламиз, бундан бир неча йил аввал ўқитувчини менсимадик, унга кўча тозалатдик, бинолар қурилишига сафарбар қилдик, пахта теримига жалб этдик... Тўғриси, жамиятда халқ таълимига эътибор сусайди. Ўқитувчи манфаатини ўйламадик, соҳадан безитдик. Оқибатда фарзандларимиз “Келажакда муаллим бўламан!” дейишга чўчий бошлади. Олий таълим муассасаларини битирган энг яхши кадрлар “ёғли” жойларга ишга кетди, ҳеч қаерда ўрнини топа олмаган, билими ва салоҳияти ҳаминқадар кадрларнинг аксариятини мактабга ишга олдик. Уларнинг билими, лаёқати билан деярли ҳеч ким қизиқмади. Бугун мана шу хатти-ҳаракатларимиз учун эски қолиплардан тўлиқ воз кеча олмай қийналяпмиз.

Нафақат Самарқанд вилояти халқ таълими тизими, балки бошқа вилоятларда ҳам миллий рейтинг кўрсаткичининг аянчли ҳолати мана шундай омиллар билан боғлиқ.

Бундай ҳолатларга барҳам бериш, ўқитувчининг жамиятдаги нуфузини оширишда Президентимиз Шавкат Мирзиёев бош ташаббускор сифатида соҳа вакилларининг олдига улкан вазифалар қўйди. Хусусан, таълим соҳасига илғор хорижий мамлакатлар тажрибасини татбиқ этиш, тизимда меҳнат қилаётган педагогларни моддий ва маънавий рағбатлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Биз, авваламбор, ўқитувчини изланишга, ўз устида ишлашга, билимини оширишга ундаяпмиз. Эндиликда ўқитувчиларнинг билими, касбий малакасига “Билимлар беллашуви”, “Билимлар фестивали” доирасида ҳар ойда бир марта ўтказилаётган танловлар орқали баҳо беряпмиз. Унинг натижалари ҳар бир мактабнинг ўқитувчилар хонасига илиб қўйилмоқда. Бу эса бир ой давомида паст кўрсаткични қайд этган ўқитувчини ўз устида ишлашга, билим ва педагогик кўникмасидаги камчиликларини тўғрилашга ундамоқда.

Шу билан бирга, биз умумтаълим мактабларида “Устоз-шогирд” анъанасини қайта кўриб чиқяпмиз. Жумладан, жорий йилнинг октябрь ойида Каттақўрғон шаҳридаги 14-умумий ўрта таълим мактабида ўқитувчилар иштирокида ўтказилган методик ўқув-семинарда бу масалага алоҳида эътибор қаратиб, ҳақиқий ҳолатни муҳокама қилдик.

Шу асосда соҳада меҳнат қилиб, улкан тажриба тўплаган, қатор ютуқларга эришган ўқитувчиларга шогирдлар бириктиряпмиз. Шунингдек, вилоятдаги етакчи ўқитувчилар фаолият олиб бораётган, муайян фан бўйича тажриба тўпланган 395 та мактабни “Таянч мактаблар” сифатида белгилаб, у ерда ҳар ой давомида туман ёки шаҳар мактаблари фан ўқитувчиларининг ўзаро тажриба алмашинувига, мавжуд бўшлиқларини тўлдиришига имконият яратиб, олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчиларининг маҳорат дарсларини ўтказишни йўлга қўяяпмиз.

- Мактаблар рейтинги, нуфузи ўқувчиларнинг олий таълим муассасаларига ўқишга кириши билан ҳам белгиланади. Шу жиҳатдан вилоятимизда жорий йилда 11-синфни битирган ўқувчиларнинг неча фоизи институт ва университетларга ўқишга кирди?

- 2019-2020 ўқув йилида умумий ўрта таълим мактаблари 11-синф ўқувчиларининг олий таълим муассасаларига ўқишга кириш кўрсаткичлари кўнгилдагидек бўлмади. Ўтган ўқув йилида мактабларимизни 30316 нафар 11-синф ўқувчиси битирган бўлса, уларнинг 2128 нафари юртимиздаги институт ва университетларга, 105 нафари Ўзбекистондаги хорижий олий таълим муассасаларига, 285 нафари эса чет эл олий таълим муассасаларига ўқишга кирди.

Ўқувчиларнинг олий ўқув юртларига кириш кўрсаткичларини туман ва мактаблар кесимида таҳлил қилдик. Умумий ўрта таълим мактабларни битирган 30,8 фоиз ўқувчи талаба бўла олмаган. Бундай паст кўрсаткич Пайариқ, Нуробод ва Ургут туманларига тўғри келмоқда.

- Ота-оналар мактабларда турли сабаблар билан пул йиғиш ишлари давом этаётганидан норози. Бундай ҳолатларни қандай изоҳлайсиз?

- Беш қўл баробар бўлмаганидек, мактабларда ноқонуний пул йиғимлари қатъиян тақиқланганига қарамасдан баъзи нохуш ҳолатлар кузатилган. Жорий ўқув йилида 11 та умумий ўрта таълим мактабларида 14 ҳолатда, яъни таъмирлаш, синф ва мактаб фонди, туғилган кун учун ўқувчиларнинг ота-оналаридан ноқонуний пул йиғиш аниқланди. Ўз навбатида, уларнинг барчасига огоҳлантириш ҳамда интизомий жазо чоралари қўлланилди.

Бундан ташқари, айни шундай нохуш ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида таълим муассасалари ходимлари ҳамда ота-оналар ўртасида тарғибот-ташвиқот ишлари олиб борилди. Шунингдек, вилоят халқ таълими бошқармасининг (66) 233-93-60, 233-93-57 рақамли “Ишонч телефони”га ёки бошқарма бошлиғининг +99899-778-55-01 телеграм рақамига мурожаат қилиш бўйича тавсиялар ҳар бир таълим муассасаларига илиб қўйилган. Бундай муаммоларнинг олдини олишда биз ҳар доим ота-оналар ва кенг жамоатчиликнинг ҳамкорлигидан манфаатдормиз.

- Умумий ўрта таълим мактабларида фан ўқитувчилари етарлими? Айниқса, қишлоқ жойларда инглиз, рус тилидан дарс берадиган ўқитувчилар борми?

- 2019-2020 ўқув йилида вилоятнинг туман, шаҳарларидаги умумий ўрта таълим мактабларида фанлар кесимида жами 163 нафар ўқитувчиларга эҳтиёж мавжуд бўлиб, энг кўп эҳтиёж инглиз тили (49 нафар), рус тили ва адабиёти (28 нафар) фанларига тўғри келади.

Таълим муассасаларини олий маълумотли педагог кадрлар билан таъминлаш мақсадида педагогик йўналишдаги Самарқанд давлат университети, Самарқанд давлат чет тиллар институти, Ўзбекистон Миллий университети, Жиззах давлат педагогика институти, Навоий давлат педагогика институти, Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети, Тошкент давлат педагогика университетлари билан ҳамкорлик дастури тузилган бўлиб, битирувчиларни иш билан таъминлаш йўлга қўйилган. Бундан ташқари, ҳар йили олий таълим муассасалари битирувчиларини бўш иш ўринларига ишга таклиф этиш бўйича жойларда учрашувлар ўтказилиб, битирувчилар билан уч томонлама ишга қабул қилиш бўйича шартномалар имзоланиб келинмоқда. Эҳтиёж мавжуд бўлган дарслар бўйича ўқитувчиларнинг дарс соатини ошириш, ўриндошлик, пенсионер ўқитувчилар ва юқори курс талабаларини жалб қилиш ҳисобига қопланмоқда. Самарқанд шаҳрида эҳтиёж фақатгина таълим рус тилида олиб бориладиган мактабларда мавжуд.

Шу ўринда умумий ўрта таълим мактабларида фаолият олиб бораётган ҳар бир педагог ходимга, раҳбарларига қарата айтмоқчиманки, мактабга қадам қўйиб келган ҳар бир ўқувчини ўз фарзандингиздек қабул қилинг. Ўзингиз ўзингизга бир савол беринг: билими паст, лаёқатсиз, ўз устида ҳеч қачон ишламайдиган ўқитувчи сизнинг фарзандингизга сабоқ беришини истармидингиз? Директори таълим-тарбия сифатига бефарқ, бирор марта ўқитувчисининг дарсига кириб таҳлил қилмайдиган мактабга болангизни берармидингиз? Йўқ, сизнинг бугун улғайтираётган фарзандингиздан умидингиз катта. Унга энг яхши устозлар таълим-тарбия беришини хоҳлайсиз, илғор мактабда сабоқ олишини истайсиз. Билингки, бугун ҳар бир ота-она бундан-да юксак умид ва ишонч билан сизнинг қўлингизга фарзандини топширяпти, ундан худди сиздек умидлари катта. Ўйлайманки, ана шу ҳақиқат, муҳим тушунча билан фаолият олиб борсангиз, ўз устингизда тинимсиз ишлаб, халқ фарзандига сифатли илм берсангизгина таълим ривожланади, юрт равнақ топади.

Хуршида ЭРНАЗАРОВА суҳбатлашди.