Самарқанд аэропортида дрон олиб кирмоқчи бўлган шахс тўхтатилди
“Самарқанд аэропорти” чегара божхона постида дронни яширинча олиб киришга уринган шахс аниқланди.
“Домодедово-Самарқанд” йўналишида Самарқанд халқаро аэропортига учиб келган фуқаро П.С. “яшил йўлак”дан ҳаракатланаётганда божхоначилар ва холислар иштирокида унга тегишли бўлган багаж сумкасини кўздан кечиришди.
Божхона ходимларининг оғзаки сўрови пайтида маълум қилинмаган хорижда ишлаб чиқарилган қиймати 600 000 сўмлик 1 дона “DJI DRONE” номли учувчисиз учиш аппарати яширилгани фош этилди.
Самарқанд вилояти божхона бошқармаси ахборот хизмати хабарига кўра, ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан божхона текширувлари давом эттирилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 26 ноябрдаги «Ўзбекистон Республикасининг ҳаво бўшлиғида учувчисиз учиш қурилмаларидан санкциясиз фойдаланишда огоҳлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига мувофиқ, Ўзбекистон ҳудудида учувчисиз учиш қурилмаларидан ноқонуний фойдаланиш тақиқланган.