Самарқанд аэропортидан дрон "учиб" киролмади
Айрим фуқаролар томонидан мамлакатимизга олиб кириш тақиқланган учувчисиз учиш қурилмаларини олиб кириш ҳолатлари ҳамон учраб турибди.
Мазкур қурилмаларни фақатгина Вазирлар Маҳкамасининг алоҳида қарорида кўзда тутилган ҳолларда айрим ташкилотлар томонидан олиб кириш, реализация қилиш ва фойдаланишга рухсат берилган.
Шунга қарамай, жисмоний шахслар томонидан бу турдаги қурилмаларни божхона назоратидан яширинча олиб киришга уринишлар кўзга ташланмоқда. Шундай ҳолат “Самарқанд аэропорти” чегара божхона постида аниқланди.
“Домодедово-Самарқанд” йўналиши бўйича Самарқанд халқаро аэропортига учиб келган фуқаро Б.Ш. божхона назоратидан “яшил” йўлак орқали ўтар экан, унинг безовталаниши божхона ходимларида шубҳа уйғотди.
Унга тегишли қўл юклари назорат-рентген аппарати орқали ўтказилиб, холислар иштирокида кўздан кечирилди. Натижада, юклар орасидан божхона ходимларининг оғзаки сўрови пайтида маълум қилинмаган, 1 дона “BEAST” ёзувли учувчисиз учиш аппарати яширилганлиги фош бўлди.
Ҳозирда мазкур ҳолатлар юзасидан божхона текширувлари давом эттирилмоқда.
Самарқанд вилояти божхона бошқармаси ахборот хизмати.