Самарқанд давлат музей-қўриқхонаси таркибида айрим музейлар ташкил этилмасдан қолиб кетган

Ўзбекистон ҳукуматининг 1982 йил 26 майдаги қарорига биноан, Акмал Икромов номидаги Ўзбекистон маданияти ва санъати тарихи музейи базасида Самарқанд давлат музей-қўриқхонаси ташкил этилган. Музей-қўриқхонанинг қўриқланадиган ҳудудлари сифатида тарихий, тарихий-топографик ва меъморий жиҳатдан кўчалар ҳамда кварталларга ажратилган. Унга кўра, Самарқанд шаҳридаги бир нечта кўчалар, меъморий ёдгорликлар, мадраса-масжидлар, кўплаб тарихий аҳамиятга эга мажмуалар киритилган.

Умумий муҳофаза этиладиган ҳудудлар жами 798 гектарни ташкил этиб, шундан, Афросиёб шаҳарчаси 218 гектар, Ўрта асрдаги Самарқанд шаҳри (эски шаҳар) 320 гектар ва “Янги шаҳар” 260 гектарни ташкил этган. Самарқанд давлат музей-қўриқхонаси ташкил топишидан бир йил ўтиб, яъни 1983 йилда 1642 та моддий-маданий ёдгорликлар давлат муҳофазасига олинган. Улардан 214 таси меъморий ёдгорликлар, 335 таси монументал санъат ёдгорликлари ва 1093 таси археологик ёдгорликлар ҳисобланади.

1964 йилда ташкил этилган “Мирзо Улуғбек мемориал музейи”, 1965 йилда Садриддин Айний уй-музейи, 1970 йилда Самарқанд шаҳри тарихи-Афросиёб музейи, ўтган асрнинг 70-йилларида ташкил этилган Иштихон, Пахтачи туманлари ҳамда Каттақўрғон шаҳар тарихи музейлари Самарқанд давлат музей-қўриқхона тасарруфига олинган.

1982 йилда “Ёдгорликларни музейлаштиришнинг 1990 йилгача бўлган истиқболли режаси” тузилган. Унга кўра, 1985 йилда Регистон ансамблидаги Тиллакори мадрасасида “Меъморий ёдгорликларни таъмирлаш ва ўрганиш тарихи музейи”, 1982 йилда Шердор мадрасасида “XIX аср талабалари музей комплекси” ва 1984 йилда Нодир Девонбеги мадрасасида “Самарқанд вилояти ҳалқ ҳунармандчилиги ва маҳаллий саноат музейи” ташкил этилди. Каттақўрғон туманида Муҳаммад Амир Нақиббек мадрасаси, Нурота туманида Чилустун меъморий ёдгорликларида туман ўлкашунослик музейлари ташкил этиш кўзда тутилди. Ҳазрати Хизр масжидида “Тош ўймакорлиги музейи”, Қўшҳовуз мажмуасида “Этнография ва маиший турмуш музейи”ни ташкил этиш бўйича илмий ишланмалар ҳам тайёрланган. Шунингдек, Шердор мадрасасида Ўзбекистон халқлари мусиқа асбоблари музейи, Улуғбек мадрасасида ноёб қўлёзмалар музейи, Шоҳи Зинда мажмуасида XIX аср охири XX аср бошлари ёғоч ўймакорлиги музейи ва ниҳоят Акмал Икромов уй-музейини очиш ҳам белгиланган эди.

Афсуски, музей-қўриқхона моддий-техник жиҳатдан етарли даражада таъминланмаганлиги туфайли юқорида келтирилган баъзи музей ва экспозицияларнинг ташкил этилиши амалга ошмасдан қолди.

Маҳмудхон ЮНУСОВ,

Самарқанд давлат музей-қўриқхонаси бош муҳофизи.