Ўқитиш самарасизми ёхуд ёшлар уқувсиз? Самарқанд давлат университетида жорий ўқув йили давомида 1600 талаба ўқишдан четлатилган

Бу ҳақда вилоят Матбуот уйида бўлиб ўтган матбуот анжуманида айтилди.

Бугун университетда кундузги бакалавриат таълим йўналишида 14850 нафар, сиртқи ва кечки таълим йўналишларида 10 минг нафар талаба таҳсил олмоқда. Университетда масофавий таълимнинг янги услуби жорий этилган бўлиб, ҳозирда талабаларга 67 нафар хорижлик профессор-ўқитувчилар онлайн дарс ўтмоқда.

- Фақат бизнинг университетда талабалар билимини баҳолаш бўлими бўлиб, унда барча таълим йўналишларидаги талабалар анъанавий тарзда имтиҳон топширади, - деди университетнинг ўқув ишлари бўйича проректори Аҳмаджон Солиев. – Дарс ўтган профессор-ўқитувчи имтиҳонга аралашмайди, талабалар билимини баҳолаш бўлими олади. Ростини айтиш керак, имтиҳонлардан 60 фоиз талаба ўтади, қолган 40 фоизи йиқилади.

“Янги Ўзбекистоннинг 2022-2026 йилларга мўлжалланган Тараққиёт стратегияси тўғрисида”ги Президент қарорида 2022 йилда ёшларни олий таълим билан қамров даражасини 38 фоизга етказиш мақсад қилинган.

Шунингдек, мазкур ҳужжат лойиҳасига кўра, 2022 йил май ойига қадар олий таълим муассасаларида масофавий таълим шакли бўйича қабул квоталарини шакллантириш белгиланган.

Матбуот анжуманида Самарқанд давлат университети раҳбарияти масофавий таълим шакли бўйича қабул квоталари ажратилса, талабаларга масофадан дарс бера олиш имконияти борлигини билдирди. Аммо, масофавий таълим шакли ўзини қанчалик оқлайди? Ёки республика миқёсида олий таълим муассасаларида ўқув биноларининг етишмаётгани сабаб масофавий таълим шакли бўйича қабул квоталари эвазига қамров даражасини кўтариш мақсад қилиняптими? Буни вақт кўрсатади.