Самарқанд делегацияси Хитой ва ШҲТга аъзо мамлакатлар ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича конференциясида иштирок этди

Хитой Халқ Республикасининг Синдао шаҳрида ўтказилган мазкур конференцияда вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари Феруз Абилов бошчилигидаги Самарқанд вилояти делегацияси ҳам қатнашди.
Унда ШҲТнинг савдо-иқтисодий соҳадаги ҳамкорлигини ривожлантириш бўйича жорий вазифалар, натижалар ва режалар ҳақида маълумотлар берилди. Ташкилотнинг улкан иқтисодий салоҳиятини тажриба зоналари, трансчегаравий ҳамкорлик марказлари, транспорт-логистика марказлари, ярмарка ва кўргазма майдончалари ҳамда нодавлат платформалар имкониятларидан фойдаланган ҳолда янада кенгроқ амалга ошириш бўйича истиқболли режалар кўриб чиқилди.
Сўз чиққанлар Синдао шаҳридаги “Хитой-ШҲТ” минтақавий савдо-иқтисодий ҳамкорлик кўргазмали зонасининг ШҲТ мамлакатлари ўртасидаги амалий ҳамкорлик, ишбилармонлик ва минтақалараро алоқаларни мустаҳкамлашдаги конструктив ролини алоҳида қайд этишди.
Конференцияда тоза энергия, юқори даражадаги ускуналар, замонавий қишлоқ хўжалиги ва бошқалар соҳаларида саноат соҳасини кучайтириш, икки томонлама савдо кўламини янада кенгайтириш, инфратузилма алоқаларини жадаллаштириш, прагматик ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш масалалари муҳокама этилди.