Самарқанд электр тармоқлари корхонаси мансабдори ЖКнинг 167-моддаси билан айбланмоқда: Бу нимани англатади?

Маълум бўлишича, вилоят прокурорининг шу йил 13 октябрдаги қарори билан “Самарқанд ҲЭТК” АЖнинг тизимидаги Самарқанд ЭТК бўлими бошлиғи ва бошқаларга нисбатан ЖКнинг 167-моддаси 3-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилган.

Шунингдек, Самарқанд туман ЭТК ва Самарқанд магистрал электр тармоқлари корхонасининг мансабдор шахслари ва бошқаларга нисбатан ҳам ЖКнинг 205-моддаси 2-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, терговга юборилган.

Хўш, жиноят кодексининг 167-моддаси нимани англатади?

Ушбу модда “Ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш” деб номланади. Суд ҳужжатида мазкур модданинг 3-банди билан иш қўзғатилгани айтилган. Бундан кўринадики, ўзлаштириш жуда кўп миқдорда амалга оширилган.

205-моддада қандай жиноят назарда тутилган?

Жиноят кодексига кўра, мансабдор шахснинг ўз мансаб ваколатларидан қасддан фойдаланиши фуқароларнинг ҳуқуқларига ёки қонун билан қўриқланадиган манфаатларига ёхуд давлат ёки жамоат манфаатларига кўп миқдорда зарар ёхуд жиддий зиён етказилишига сабаб бўлса 205-моддага тушади.