Самарқанд жаҳон туризм марказига айланади

Ҳар бир обидани бир кун томоша қилиш керак

Самарқанд шаҳрида МДҲ мамлакатлари туризм кенгашининг навбатдаги йиғилиши ҳамда биринчи туристик ярмаркаси ўтказилди.

Тадбир дастурига кўра, ҳамдўстлик давлатлари, халқаро ташкилотларнинг шу соҳа бўйича масъуллари бир кун Самарқанд шаҳридаги туристик объектлар, тарихий-маданий ёдгорликлар бўйлаб саёҳат қилди. Йўналиш катта эмас эди – Амир Темур мақбараси, Регистон майдони, Бибихоним масжиди, Улуғбек расадхонаси, “Конигил-мерос” қоғоз ишлаб чиқариш устахонаси ва бошқа ўнга яқин маскан. Меҳмонлар кун давомида ушбу объектлар билан танишгач, Самарқанддаги тарихий обида ва муқаддас қадамжоларнинг ҳар бирини бир кун томоша қилиш мумкин экан, дейишди.

Бундай фикрни аввал ҳам кўп эшитганмиз. Ёки хорижга бориб келган юртдошларимиз саёҳатга борган жойларидаги музей ёки тарихий масканни томоша қилиш учун бир кун вақт ажратилганини айтишган. Бундай дастур, аввало, турист учун саёҳатдан кўпроқ завқ олиш, унутилмас таассуротларга эга бўлишда қулай имконият. Иккинчи томондан, сайёҳларнинг бир неча кун меҳмон бўлишидан ўша юрт иқтисодиёти ҳам яхшигина фойда кўради.

Мамлакатимизнинг сайёҳлик салоҳияти жаҳоннинг туризм ривожланган давлатларидан кам эмас. Яъни, бизда бориб кўриш, зиёрат қилиш, завқ олиш мумкин бўлган туристик объектлар кўп. Самарқанд, Бухоро, Хива, Шаҳрисабз, Тошкент каби тарихий шаҳарларимиздан ташқари, мамлакатимизнинг бошқа исталган ҳудудида экологик туризм, агротуризм, зиёрат туризми, гастрономик туризм ва бошқа йўналишларни ривожлантириш имкониятлари бор.

Бугун дунё мамлакатларида кузатилаётган туризмни ривожлантириш орқали иқтисодиётни мустаҳкамлаш, янги иш ўринлари яратиш тенденцияси кейинги йилларда бизнинг юртимизда ҳам яққол намоён бўла бошлади. Президентимизнинг мазкур тармоққа бўлган алоҳида эътибори натижасида Ўзбекистоннинг бой туристик имкониятларидан самарали фойдаланиш, сайёҳлик салоҳиятини ошириш мақсадида узоқ истиқболга мўлжалланган ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

Фикримизни Самарқанд мисолида давом эттирсак.

Янги йўналишлар – янги таассуротлар

Юртимизга келаётган сайёҳлар оқимини кўпайтириш, улар учун замонавий сервис хизматларини йўлга қўйиш, хавфсизлигини таъминлаш юзасидан кўрилаётган чора-тадбирлар туфайли ўтган йили вилоятга 2017 йилдагидан икки борабар кўп, яъни 2 миллион маҳаллий ҳамда 351 минг хорижлик сайёҳ келди. Уларга 116,7 миллион долларлик хизматлар кўрсатилди. Хорижий сайёҳларнинг вилоятда қолиши ўртача 2,5 кунни ташкил этди. Бу йил эса 2,5 миллион маҳаллий ва 500 минг чет эллик сайёҳнинг келиши кутилмоқда.

– Самарқанд бугунги кунда сайёҳларни нафақат бир неча асрлик тарихий обидалари билан, балки бетакрор табиат манзараларидан завқ олиб, мазмунли дам олиш, сайр қилиш, миллий урф-одат ва анъаналар билан яқиндан танишиш, шарқ ширинликлари, сархил мева-сабзавот ва боғдорчилик маҳсулотларидан татиб кўриш, шарқона бозорларда харидларни амалга ошириш, муқаддас қадамжоларни зиёрат қилиш, даволаниш ва бошқа имкониятлар мавжудлиги билан ўзига ром этмоқда, – дейди Самарқанд вилояти туризмни ривожлантириш департаменти бошлиғи Дилшод Нарзиқулов. – Айни пайтда вилоятимизда 541 та туристик объект, 157 та туроператорлик субъекти мавжуд. Бир вақтнинг ўзида 6100 нафар меҳмонни қабул қилиш имкониятига эга 131 та меҳмонхона ва 93 та меҳмон уйи фаолият кўрсатмоқда. 209 та туристик синфга мансуб автотранспорт воситалари, 230 нафар ҳамроҳ-таржимонлар сайёҳларга хизмат кўрсатмоқда.

Яқин йилларгача сайёҳлар учун таклиф этиладиган йўналишларимиз асосан Самарқанд шаҳридаги тарихий обидалар ва музейлар билан чекланарди. Лекин бугун вилоятимизда туризмнинг тарихий-маданий, зиёрат, экологик, гастрономик, маданий-маърифий, археологик, соғломлаштириш ва агротуризм йўналишлари жадал ривожланиб, йил сайин улардаги объектлар кўпайиб бормоқда.

Жумладан, кейинги йилларда зиёрат туризми маршрутига Самарқанд шаҳри ва вилоятимизнинг бошқа туман, шаҳарларидаги Ислом Каримов мақбара-мажмуаси, Хўжа Абду Дарун, Хўжа Абду Берун, Хўжа Исҳоқи Вали, Абдураҳмон ад-Доримий, Шайх Худойдоди Вали, Саид Иброҳим Ибн Имоми Мусои Козим зиёратгоҳлари қўшилди.

Экологик туризм йўналишига қўшилган Жомбойдаги Зарафшон миллий боғи, Самарқанд туманидаги Оҳалик ва Миронқул тоғли қишлоқлари, Ургутдаги Тахтақорача довони ва Бешкон, Омонқўтон, Қоратепа қишлоқларидаги сув омборлари ва ғорлар, тоғли ҳудудлар, Нуробод туманидаги Сазағон, Анжирли, Жом, Ибройим ота аҳоли яшаш масканларидаги рекреацион ҳудудлар, Қўшработнинг Пангат, Қизилбел, Қоратош, Жонбулоқ қишлоқларидаги булоқлар атрофи, Фозилмон давлат ўрмон хўжалиги сайёҳларга манзур бўлмоқда. Ушбу объектлар атрофида сервис шохобчаларининг ташкил этилгани ҳудуд аҳолиси бандлигини таъминлаш ва уларнинг доимий даромад манбаига эга бўлишини таъминлаяпти.

Шунингдек, Зарафшон миллий боғида ташкил этилган экотуризм маскани, Самарқанд туманининг Бўзи маҳалласидаги “Chinaras” агро-эко туризм ҳудуди, Конигил маҳалласидаги миллий кулолчилик буюмлари устахонаси ҳам сайёҳлар билан гавжум бўлмоқда.

Шу пайтгача Самарқанд гастрономик туризм маршрути асосан “Самарқанд нонлари” ва “Қовун сайли”дан иборат бўлса, эндиликда улар қаторига “Палов сайли”, “Шарқ ширинликлари”, “Кишмиш”, “Silk Road Bazaar” фестиваллари, “Новвот сайли”, “Кабоб сайли” ва бошқа шу каби тадбирлар қўшилди. Эътиборлиси, мазкур фестиваллар фақатгина Самарқанд шаҳрида эмас, бошқа туман ва шаҳарларда ҳам ўтказилмоқдаки, бу вилоятимизнинг барча ҳудудларида туризмни ривожлантириш учун кенг йўл очмоқда.

Жорий йилда Самарқанд тумани Конигил маҳалласида жойлашган “Konigil House” гастрономик ва этник-анимацион маркази янги йўналиш сифатида киритилди. Бу йил яна Самарқанддаги Боғибаланд анжирзорларини ҳам йўналишга киритиб, сайёҳларнинг ушбу жаннат мевасидан татиб кўришлари ва бу боғлар билан танишишлари учун қулайлик яратиш режалаштирилган.

Бундан ташқари, кейинги пайтда вилоятда агротуризм ва соғломлаштириш туризми ҳам оммалашиб, ушбу йўналишларда ҳам сайёҳлар оқими ошмоқда.

Маданият ва маърифатимизга ошуфталар кўп

Таҳлиллар шуни кўрсатдики, Самарқандга хориждан келаётган сайёҳларнинг кўп қисми халқимизнинг бой санъати ва маданияти, бетакрор фольклор ва этнографик асарларимизга, миллий халқ ўйинларимизга ҳам жуда қизиқади. Шундан келиб чиқиб, маданий-маърифий туризм маршрутига “Шарқ тароналари” халқаро мусиқа фестивали, Регистон майдонидаги Шердор ва Мирзо Улуғбек мадрасаларида фольклор гуруҳларининг концерт дастурлари, туманларда “Чавқи”, “Бешқарсак”, “Сарбози” фольклор жамоаларининг чиқишлари, Регистонда 3D шоуси, “Эл-мероси” миллий маданий театри, “Улоқ-кўпкари” ўйинлари, алла айтиш, чақалоқни бешикка белаш маросимларини намойиш этиш қўшилди. Хусусан, яқинда Булунғур туманида “Бахшилар фестивали” ташкил этилди.

Жорий йилда Самарқанд туризм йўналишларига янги – таълим туризми киритилди ва бунда энг оммалашган ва сайёҳларни ўзига жалб қилган маскан Пайариқ туманида бунёд этилган Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ва Ҳадис илми мактаби бўлди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев жорий йилнинг 11 январь куни Самарқанд вилоятига ташрифи чоғида Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ва Ҳадис илми мактаби билан танишиб, ушбу маскан бизга буюк аждодларимизнинг кимлигини англатиши, маънавият, маърифатни тарғиб этишини таъкидлаган ва бу ерни ҳар бир юртдошимиз зиёрат қилиши мақсадга мувофиқлигини қайд этган эди.

Айниқса, халқаро марказдаги музей ва ундан ўрин олган тарихий экспонат ва ашёлар, буюк муҳаддис Имом Бухорийнинг ҳаёт йўли хронологик тарзда акс эттирилган суратлар ҳар бир сайёҳни ўзига ром этиб, ҳайратини ошириши табиий. Шу боис бугун Самарқандга келадиган, Имом Бухорий мажмуасини зиёрат қиладиган ҳар бир инсон мазкур марказ ва музейга бориш истагини билдирмоқда.

Гап таълим ҳақида борар экан, Президентимиз ташаббуси билан 2018 йилда Самарқанд халқаро “Ипак йўли” туризм университети ташкил этилганини алоҳида таъкидлаш лозим. Туризм соҳаси учун замонавий фикрлайдиган, юқори малакали кадрлар тайёрлашга ихтисослашган мазкур таълим муассасаси учун айни пайтда бугунги кун талабларига тўла жавоб берадиган бино ва иншоотлар бунёд этилмоқда. Фаолият бошлаганига қисқа вақт бўлса-да, ҳозиргача университет ўндан ортиқ хорижий олий таълим муассасаси билан ҳамкорлик шартномалари имзолади. Бу эса университет талабаларининг хорижда ўқишни давом эттириши, билим ва малакасини ошириши учун кенг имконият яратиб, пировардида, мамлакатимиз туризм соҳаси учун етук кадрлар тайёрлаш ва соҳа тараққиётига хизмат қилади.

Туризм учун сарфланган бир сўм ўн сўм бўлиб қайтади

Сайёҳликни ривожлантириш йўлидаги саъй-ҳаракатлар, сарфланаётган маблағ ва бошқа ресурслар изсиз кетмаяпти. Кутилган натижаларга эришилмоқда. Маълумотларга кўра, жорий йилнинг январь-июнь ойларида вилоятга 1 миллион 433 минг турист ташриф буюрган. Уларнинг 227 минг нафарини хорижлик сайёҳлар ташкил этади. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан икки баробар кўп дегани. Агар шу тарзда ҳар йили сайёҳлар оқими икки баробар ошиб бораверса, яқин йилларда Самарқанд жаҳон туризм марказларидан бирига айланиши, вилоят иқтисодиётида мазкур тармоқнинг улуши ҳам сезиларли даражада ошиши шубҳасиз.

Биргина жорий йилнинг биринчи ярмида 100 мингга яқин сайёҳга кўрсатилган меҳмонхона хизматидан тушган тушум 49 миллиард 762 миллион сўм ёки 5 миллион 786 минг АҚШ долларини ташкил этди. Бу рақамларни ҳам ўтган йилнинг шу даврига таққослаганда икки баробар ўсишни кўриш мумкин.

Шунингдек, туристик транспорт ва туроператорлик фирмалари томонидан кўрсатилган хизматлардан тушган тушум 27 миллиард 841 миллион сўмни ташкил этди.

Албатта, бундай ўсиш суръатлари соҳага инвестицияларни фаол жалб этиш, сайёҳлик инфратузилмасини янада ривожлантиришни тақозо этади. Шу мақсадда айни пайтда вилоят миқёсида 3,29 триллион сўмлик 46 та лойиҳани амалга ошириш режалаштирилган. Унинг 348,3 миллион доллари хорижий инвестициялар ҳисобига тўғри келади.

Хусусан, 37 та лойиҳа замонавий меҳмонхоналар қурилиши билан боғлиқ бўлиб, уларнинг умумий қиймати 1,855 триллион сўмни ташкил этади.

Йирик лойиҳалардан ташқари, хусусий тадбиркорлик субъектлари томонидан ҳам катта маблағ ва вақт талаб қилмайдиган лойиҳалар амалга оширилиб, соҳа ривожига ҳисса қўшилмоқда. Бу ўринда жорий йил бошидан буён Самарқанд шаҳри ва вилоятнинг табиати мафтункор тоғли ҳудудларида бир вақтнинг ўзида 820 нафар меҳмонга сифатли хизмат кўрсатиш имкониятига эга 93 та уй меҳмонхоналар фаолияти йўлга қўйилганини таъкидлаш лозим.

Самарқанд – Жаҳон сайёҳлик шаҳарлари федерацияси аъзоси

Самарқандда туризм соҳасида олиб борилаётган ишлар, сайёҳлар учун янги йўналишлар, янги хизматлар жорий этилганини дунё мамлакатларига маълум қилиш, хориждаги сайёҳлик фирма ва компаниялари билан ҳамкорлик ўрнатиш ҳам соҳа тараққиётида муҳим омил саналади. Шу сабабли Самарқанд вилояти ҳокимининг туризмни ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари, вилоят туризмни ривожлантириш департаменти масъул ходимлари ва вилоятдаги туристик компаниялар вакиллари турли мамлакатларда ўтказилаётган халқаро кўргазма ва ярмаркаларда фаол иштирок этмоқда. Жумладан, бу йил Испанияда “FITUR-2019”, Туркиядаги “EMITT-2019”, Россиядаги “MITT-2019”, Германиядаги “ITB BERLIN-2019”, Латвиядаги “Balttour-2019”, Бирлашган Араб Амирликларидаги “Arabian tarvel market” халқаро туристик кўргазмаларида Самарқанднинг сайёҳлик салоҳияти ва имкониятлари ҳақида тақдимотлар ўтказилди. Шунингдек, хорижий давлатларнинг телеканаллари ижодкорлари Самарқандга келиб, махсус кўрсатувлар тайёрлади.

Эътиборлиси, жорий йилда Самарқанд Жаҳон сайёҳлик шаҳарлари федерацияси (WТCF) аъзолигига қабул қилинди. Демак, энди Самарқанд ҳақиқатдан ҳам дунё туризм шаҳарлари орасида ўз ўрнини топиб, йирик сайёҳлик марказига айланиши шубҳасиз.

Ғолиб ҲАСАНОВ.