Самарқанд шаҳрида 100 мингдан зиёд абонент янги тизимга уланган. Нима ўзгарди?
Президентимизнинг 2017 йил 13 ноябрдаги “Электр энергияси ва табиий газ назорати ва ҳисобининг автоматлаштирилган тизимини жадал жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига кўра, аҳоли ҳамда улгуржи истеъмолчиларнинг электр энергияси истеъмолини назорат қилиш, ҳисобга олишнинг автоматлаштирилган тизими жорий этилмоқда.
Мажбурий ижро бюроси Самарқанд вилояти бошқармасидан маълум қилинишича, янги ҳисоблагичлар истеъмолчиларга “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ ҳисобидан бепул ўрнатиб берилмоқда. Бунда бир абонентга ўртача 770 минг сўм сарфланаётгани инобатга олинса, ҳар бир истеъмолчининг шунча маблағ иқтисод қилаётгани англашилади. Шунингдек, пластикли ҳисоблагичи мавжуд истеъмолчиларнинг пластик картасида қолган пул маблағи янги ҳисоблагич учун очилган ҳисоб рақамига тушириб берилмоқда.
Бугунги кунда 100 минг 154 абонент янги тизимга автоматик тартибда уланган. Мажбурий ижро бюроси, электр таъминоти корхонаси, ички ишлар бўлими ҳамда маҳалла фуқаролар йиғини вакилларидан иборат ишчи гуруҳи истеъмолчиларни хатловдан ўтказмоқда.
Қайд этилишича, АСКУЭ тизимига улангач электр энергиясидан тўлов ошган. Хусусан, Самарқанд шаҳрида 2018 йилнинг 8 ойида 144 миллиард 782 миллион 9 минг сўм тўлов қилинган. Тўловларнинг 46 миллиард 597 миллион 3 минг сўми аҳоли, 98 миллиард 185 миллион 6 минг сўми улгуржи истеъмолчилар томонидан амалга оширилган.
Жорий йилнинг 8 ойида эса электр энергияси учун 204 миллиард 164 миллион 2 минг сўм тўловлар амалга оширилган. Шундан 62 миллиард 150 миллион 2 минг сўми аҳолидан, 142 миллиард 14 миллион сўми улгуржи истеъмолчилардан ундирилган.