Самарқанд шаҳрида 251 объектга ер участкалари ажратилиши ва қонунийлигини таъминлаш чоралари кўрилмоқда
Етказилган зарарнинг 10 миллиард сўмдан ортиғи ихтиёрий ундирилган, 7 миллиард сўмини ундириш ҳақида судга битта даъво ариза киритилган. Қўпол қонунбузилиши ҳолатлари юзасидан 20 та жиноят иши қўзғатилган. Улардан 4 таси бўйича 5 нафар шахс қамоққа олиниб, жиноий жавобгарликка тортилган ва 11 таси бўйича тергов ҳаракатлари давом этмоқда.
Умуман, Бош вазирнинг жорий йил 5 мартда “Самарқанд вилоятида амалга оширилаётган қурилиш, бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишларини жадаллаштириш юзасидан ўтказилган сайёр йиғилиш” баёни асосида Самарқанд шаҳрининг тарихий қисми ва муҳофаза ҳудудидаги 251 объект 4 тоифага ажратилиб, ер участкалари берилиши ҳамда қонунийлигини таъминлаш белгиланган.
Биринчиси, 31 объект маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва шаҳарсозлик қоидаларига зид ҳолда қурилган. Бугунги кунда улардан биттасининг иши судда кўрилмоқда, 5 таси бўйича маданий мерос бошқармасининг ижобий хулосаси берилганлиги, муқаддам эгалиги бўлганлиги сабабли рад этилган. Шунингдек, 25 объект бўйича Мажбурий ижро бюроси Самарқанд шаҳар бўлими томонидан ижро ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Хусусан, биттаси ижро қилинганлиги сабабли ижро иши тамомланган, биттаси суд ажрими билан сектябргача кечиктирилган, 3 таси шикоят асосида вақтинчалик тўхтатилган.
Бундан ташқари, 12 объект уни қурганлар томонидан бузилмаганлиги сабабли ижро ҳаракатлари давом этмоқда. Бунда қарздорларнинг 7 нафари маъмурий, 5 нафарига жиноий иш қўзғатилган. Қолган 8 та ижро иши бўйича ихтиёрий 15 кунлик муддати бор.
Иккинчиси, 109 та лойиҳа ҳужжатини расмийлаштириш ишлари охирига етказилмаган.
Учинчиси, 101 тасида тасдиқланган лойиҳа ҳужжатлари асосида қурилиш-ободонлаштириш ишлари якунланмаган.
Тўртинчиси, 10 тасида қурилиш бошланмаган.
Прокуратура органлари томонидан ноқонуний қурилишлар билан боғлиқ 48 та қарорга протест келтирилган, 13 та тақдимнома киритилган. Шунингдек, 79 нафар масъул шахс маъмурий ва 12 нафари интизомий жавобгарликка тортилган, 254 нафар шахс огоҳлантирилган.
Эркин Раҳматуллаев,
Самарқанд вилояти прокуратураси бўлим бошлиғи.