Самарқанд шаҳрида 5 миллион туп гул, 101 минг туп дарахт экилади
Кунлар илиши билан жойларда ободончилик ишлари авжига чиқмоқда. Айни пайтда мавсум учун зарур асбоб-ускуналар, иш қуроллари, уруғ, кўчатлар ғамланмоқда.
Самарқанд шаҳри ободлиги, тозалиги учун масъул бўлган ободонлаштириш бошқармаси ишчи-хизматчилари ҳам мавсумдаги ишларга пухта ҳозирлик кўрмоқда. Бошқарма тасарруфидаги иссиқхона хўжалигида баҳорги мавсумда экиш учун 1 миллион тупдан ортиқ гул парваришланмоқда.
- Аслида бошқармада гул экиш ишлари қишин-ёзин тўхтамайди, - дейди бошқарма бош агрономи Абдулатиф Баҳодиров. – Бугунги кунгача марказий кўчалар, хиёбонлар, тарихий обидалар атрофида совуққа чидамли «Виола», «Қировгул» каби гулларни экиб, шаҳримиз ободлигини таъминлаяпмиз. Бу гуллар май ойигача ўз чиройини сақлаб туради. Ҳозир баҳорги мавсумда экиладиган гулларни парваришлаяпмиз.
Жорий йилда шаҳримизга 5 миллион дона гул экиш режалаштирилган. Айни пайтда иссиқхона хўжалигимизда 1 миллион туп гул тайёрланмоқда. Бундан ташқари, ижарага олинган иссиқхоналарда гул етиштириш ишлари олиб борилмоқда.
Шаҳар ободонлаштириш бошқармаси иссиқхона хўжалигида иш қизғин. Ундан ортиқ турдаги гул ва райҳон кўчатлари экишга тайёрланмоқда.
- Иссиқхонамиз майдони 50 сотихни ташкил этади, - дейди иссиқхона хўжалиги масъули Қаҳрамон Сатторов. – Ҳавонинг совиб кетиши, ёғингарчиликлар сабаб қишки мавсумда экишга мўлжалланган гулларимиз кўпроқ муддат иссиқхонада қолиб кетди. Секин-аста ҳавонинг илиши билан ушбу гулларни шаҳримиз бўйлаб экяпмиз. Уларнинг ўрнида баҳорги ва ёзги мавсум учун уруғ қадаймиз. Умуман олганда, иссиқхонамиз йил давомида бўш турмайди. 25 нафар ишчи бу ерда доимий равишда гул кўчатлари тайёрлаш билан банд бўлади.
Обод жойда барака бўлади, деган нақлга амал қилган ҳолда бошқарма ишчи-хизматчилари ободончилик ишларини ўз ҳудудларини кўркамлигини таъминлашдан бошлади.
Самарқанд шаҳри бешта, яъни Боғишамол, Сиёб, Боғибаланд, Темирйўл, Қорасув ҳудудларига бўлиниб, ободонлаштириш ишлари олиб борилади. Ҳудудларда раҳбар, бригадир, агроном, дизайнер, ирригатор, кўкаламзорлаштирувчи, ҳудудларни қўлда тозаловчи ишчи-ходимлар ишлайди.
Юнус БОБОНАЗАРОВ,
Самарқанд шаҳар ободонлаштириш бошқармаси бошлиғи.