Самарқанд шаҳридаги автобусларга электрон тўлов ускунаси ўрнатилди

Йўлкира тўловлари пластик карта ва смартфонларда АТТО иловасини юклаб олган ҳолда амалга оширилади.

Самарқанд шаҳридаги 288 та йўловчи ташиш автобуслари ва 13 та трамвай вагонларида электрон тўлов валидаторлари ўрнатилди.

"Автоматлаштирилган транспорт тўлов тизими оператори" МЧЖ билан ҳамкорликда ишга туширилган мазкур ускуналар ҳар бир автобуснинг кириш қисмидаги таянч тутқичларда жойлаштирилган.

Йўловчилар “АТТО” ягона транспорт картаси, “Humo”, “Uzkard” (янгиси), “Viza”, “Маstercаrd” карталари, шунингдек, смартфонлар орқали АТТО иловасини юклаб олган ҳолда тўловларни амалга ошириши мумкин. Бир картадан биринчи ва иккинчи тўловни амалга ошириш вақти хавфсизлик нуқтаи назаридан 6 дақиқа қилиб белгиланган.

"Ҳозирда ягона транспорт карталарини Самарқанд шаҳрининг 8 та шохобчасида сотиш йўлга қўйилган. Жумладан, "Темирйўл" автобошбекати ҳудудида, “Беруний” кўчасидаги “Темирйўл шифохонаси” бекатида, Буюк Ипак йўли кўчасидаги марказий поликлиника рўпарасида, Даҳбед ва Рудакий чорраҳасидаги 2 та бекатда, “Шодиёна” савдо мажмуасида, “Университет хиёбони” (Филология факультети) бекатида мазкур карталар сотилади.

Шунингдек, вилоят транспорт бошқармасида “АТТО” ягона транспорт карталарини 10 000 сўмдан харид қилишингиз мумкин", дейилади вилоят транспорт бошқармаси хабарида.