Самарқанд шаҳридаги кўп қаватли уйларни куз-қиш мавсумига тайёрлаш учун 3 миллиарддан кўпроқ кредит ажратилган
Жорий йилда Самарқанд шаҳрида 3 та 16 қаватли, 5 та 7 қаватли ҳамда 47 та 12 ва 16 қаватли уй-жойлар қурилмоқда.
Кўп қаватли уйларни 2020-2021 йил куз-қиш мавсумига тайёрлаш борасида шаҳардаги 30 та ширкатларга қарашли 77 та уй-жойларни банк кредитлари асосида таъмирлаш мақсадида 3,17 миллиард сўмлик дастур ишлаб чиқилган.
Бу ҳақда халқ депутатлари Самарқанд шаҳар Кенгашида шаҳар ҳокимининг ўринбосари ахборот берган.
Дастурга мувофиқ, 21 та уйнинг 5 900 квадрат метр том қисми, 110 та уйнинг кириш йўлаклари таъмирланади. Шунингдек, 53 та уйга кодли қулфлар ўрнатилади, 57 та уйнинг ертўласидаги тармоқларни таъмирлаш, 20 та уйнинг фасад қисмини, 31 та электр шитларини ва бошқа таъмирлаш ишлари режалаштирилган.
Шу билан бирга вилоят ҳокимлиги ҳомийлик маблағлари ҳисобидан 50 та кўп қаватли уй-жойлар мукаммал таъмирланиб, 26 та уй-жойларда мукаммал таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда.
Бугунги кунга қадар 31 километр электр тармоқлари ҳимояланган ёпиқ симларга алмаштирилган. 223 километр электр линиялар ҳамда 128 та транформатор пунктлари мукаммал таъмирланган. Шунингдек, 134 та ёғоч устунлар темир-бетон устунларга алмаштирилиб, қўшимча 7 та трансформаторлар ўрнатилган.
Газ таъминотини яхшилаш мақсадида 21 километр тармоқни қуриш ишлари олиб борилмоқда.
Ичимлик суви таъминоти борасида 200 миллиард сўмдан кўпроқ 14 та лойиҳа амалга оширилмоқда. Яқинда Чўпон Ота сув иншоотидан келадиган магистрал тармоқларнинг Рудакий кўчасидан ҳамда Афросиёб кўчасидан ўтган қисмлари фойдаланишга топширилган.