Самарқанд шаҳридаги Университет хиёбони реконструкция қилинмайди, ободонлаштирилади (Видео)

Самарқанд вилояти ҳокими Э.Турдимов бугун – 18 июнь куни оммавий ахборот воситалари вакиллари билан учрашиб, вилоятда, жумладан, Самарқанд шаҳрида амалга оширилаётган қурилиш-бунёдкорлик ишлари, аҳоли учун яратилаётгани замонавий турмуш шароитлари ва шаҳарнинг сайёҳлик салоҳиятини ошириш борасидаги тадбирлар ҳақида маълумот берди.

Таъкидлаш лозимки, яқинда Самарқанд шаҳрида XIX аср охирларида бунёд этилган бульвар, ҳозирда Университет хиёбони деб номланадиган масканда ободонлаштириш ишлари бошлангач, бу ижтимоий тармоқларда турли хил фикрларга сабаб бўлди. Жараён нотўғри талқин этилиши ҳолатлари кузатилди. Шу сабабли 16 июнь куни Самарқанд вилояти ҳокимининг ўринбосари ва шаҳар ҳокимлиги масъуллари, 17 июнь куни эса вилоят ҳокимининг ўзи хиёбонга бориб, журналист ва блогерлар, жамоатчиликка бу ерда амалга ошириладиган ободонлаштириш ишлари ҳақида маълумот берди, лойиҳалар билан таништирди.

Эркинжон Турдимовнинг журналистлар билан бу галги мулоқотида ҳам дастлаб хиёбондаги ишлар тилга олинди.

Видео: Youtube

– Аввало, қандай фикр бўлишидан қатъий назар, одамларнинг ўз муносабатини билдираётгани қувонарли, – деди вилоят ҳокими. – Бу юртдошларимизнинг, жамоатчиликнинг Самарқанднинг бугунги ва эртасига бефарқ эмаслигидан далолат беради. Университет хиёбони ҳам шаҳримиздаги муқаддас тарихий ёдгорликлар сингари барчамиз учун қадрли, фахрланадиган маскан ҳисобланади. Албатта, уни асраб-авайлашимиз, бу ердаги ҳар бир дарахт, ниҳолни парваришлашимиз керак. Шу билан бирга ушбу масканда аҳолининг ҳордиқ чиқариши, сайр қилиши учун муносиб шарт-шароит яратишимиз лозим. Афсуски, кейинги пайтда бу ерга одамлар кам келадиган бўлди. Хиёбондаги дарахтлар, майсазорларни суғориш ишлари кўнгилдагидек олиб борилмади, тунги ёритиш тизими яхши ишламади, ўриндиқлар етишмади. Шунинг учун жорий йил бошида Самарқанд шаҳар ободонлаштириш бошқармаси ва бошқа масъул кишилар Туркиянинг Анқара шаҳрига хизмат сафарига юборилиб, у ерда истироҳат боғлари ва хиёбонлар ташкил этиш, сақлаш бўйича тажриба ўрганиб келди. Ўз навбатида туркиялик мутахассислар Самарқандга келиб, ўз таклифларини билдирди. Хусусан, Университет хиёбонининг асл мазмун-моҳиятини сақлаган ҳолда унга замонавий қиёфа бериш, бу жойни шаҳар аҳли ва меҳмонлар ҳордиқ чиқарадиган кўркам масканга айлантириш ғояси илгари сурилди. Шу асосда лойиҳа ишлаб чиқилди. Бунда хиёбондаги бирорта дарахтни кесмай, шикаст етказмай, аксинча, қўшимча ноёб дарахт кўчатлари, гуллар ўтқазиб, ободонлаштириш ишларини олиб бориш белгиланди. Афсуски, кейинги кунларда ижтимоий тармоқларга асл лойиҳадан ташқари, турли хил лойиҳалар жойлаштирилдики, улар умуман Университет хиёбонига дахлдор эмас. Аслида хиёбонда асосан коммуникация тизими тўлиқ янгиланади, йўлаклар қайта, замонавий асосда қурилади, тарихий кўринишга мос ўриндиқ ва ёритиш чироқлари ўрнатилади. Хиёбон ўртасидаги асосий йўлакка гранит тош терилади. Икки четдаги ҳозирги қумли йўлаклар ўрнида резинадан югуриш йўлакчалари ташкил этилади. Ҳудудда фойдаланилмай турган насос станцияси ўрнида замонавий ҳожатхона қуриш режалаштирилмоқда. Лекин бу борада ҳали якуний қарорга келингани йўқ. Энг яхши таклифлар ўрганилмоқда. Фаввораларни реконструкция қилиш кўзда тутилган.

Хиёбонда ушбу маскан ким томонидан, қачон ташкил этилгани ва бошқа маълумотлар акс этган лавҳа, шаҳарнинг бош режаси ва соат жойлаштирилади. Шунингдек, Wi-Fi ҳудудлар ташкил этилади.

Хиёбондаги ободонлаштириш ишлари босқичма-босқич амалга оширилади ва бир қисмдаги ишлар якунлангач, кейинги қисмга ўтилади. Шу тарзда бу юмушлар жорий йил якунига қадар бажарилади.

Э.Турдимов шаҳарнинг бошқа ҳудудларида ташкил этиладиган, ободонлаштириладиган истироҳат боғлари ва хиёбонлари ҳақида ҳам маълумот берди.

Қайд этилишича, жорий йилда Сўғдиёна масканидаги Самарқанд автомобиль заводи яқинидаги ва Огаҳий маҳалласидаги хиёбонлар ҳам замонавий кўринишда ободонлаштирилади. Кимёгарлар шаҳарчасида эски маданият уйи реконструкция қилиниб, янги истироҳат боғи ташкил этилади. 2018 йилдан кўп қаватли уйлар қурилиши бошланган шаҳарнинг янги – Қорасув массивида ҳам бугунги кун талабларига мос маданият ва истироҳат боғи, стадион барпо этилади. Бундан ташқари, айни пайтда шаҳардаги Алишер Навоий номли марказий маданият ва истироҳат боғини реконструкция қилиш бўйича лойиҳа тайёрланмоқда.

– Шаҳарнинг Алишер Навоий кўчасини ҳам туну кун пиёда сайр қилиш мумкин бўлган масканга айлантирамиз, – деди Э.Турдимов. – Кўчанинг икки тарафида шунга мос хизмат кўрсатиш нуқталари, кўнгилочар масканлар ташкил этилади. Бунда албатта, ушбу кўчанинг тарихий қиёфаси сақлаб қолинади. Умуман, бугун Самарқандни сайёҳлик марказига айлантирмоқчи бўлсак, унинг тарихий жозибасини сақлашимиз керак. Бу ерда кўп қаватли бинолар қуриш, транспорт воситалари қатновини чеклаш устида ишлашимиз лозим. Албатта, яқин йилларда бу борада катта ишлар бажарилади. Маъмурий бинолар, кўп қаватли уйларни шаҳарнинг тарихий ҳудудидан бошқа жойларга кўчирамиз. Ҳозир фойдаланиб турган биноларнинг аксарияти меҳмонхона бўлиб қолади. Йилдан-йилга шаҳримизга сайёҳлар оқими кўпаяётган экан, шундай йўл тутишимиз тўғри бўлади. Маълумотларга кўра, ўтган йил Самарқандга 355 минг сайёҳ келган бўлса, бу йил 510 мингга яқин турист кутяпмиз. Бу кўрсаткич йил сайин ошиб борар экан, шунга мос шароит, имконият ҳам яратишимиз керак.

  Айни пайтда Самарқанд шаҳрида 1123 гектар тарихий ҳудуд, 1369 гектар буфер зона мавжуд. Ушбу ҳудудларда 9,5 мингта турар жой, 1,2 мингта нотурар жой объектлари бор. Ҳозирда шаҳарнинг бош режасини ишлаб чиқишда бу жиҳатлар инобатга олинмоқда. Самарқанднинг тарихий қисмини асл ҳолича сақлаган ҳолда, турар жойлар ва бошқа объектларни шаҳар ташқарисида қуриш орқали уни янада кенгайтириш режалаштирилган. Мана, икки йилдан буён Самарқанд туманидаги Қорасув массивидан жой ажратилиб, бу ерда шаҳар аҳолиси учун кўп қаватли уйлар қуришга киришдик. Яқин йилларда бу ер 100 минг аҳоли, келажакда эса 1 миллион киши яшайдиган шаҳарча бўлади. Ўтган йил 7 ва 9 қаватли уйлар қурилган бўлса, бу йил 12,14, 16 қаватли замонавий уйлар қад ростламоқда. Ҳозирда тегишли ташкилотлар билан лойиҳаларни муҳокама этяпмиз, агар улар тасдиқланса келгуси йил Қорасувда 30 қаватли уйлар қурилиши бошланади. Бундай замонавий уй-жойларни Кимёгарлар шаҳарчаси ва Сўғдиёна масканини боғлайдиган Нарпай кўчасида ҳам қуриш мўлжалланган. Бугунги кунда ушбу ҳудудда 15 минг 600 та хонадон қуриш бўйича бизнес-лойиҳалар тайёрланган. Яқин йилларда бу ерда ҳам 100 минг хонадонли кўп қаватли уйлар қурилади. Бундан ташқари, Самарқанд туманидан Нуробод туманига чиқиш ҳудудида ҳам кўп қаватли уйлар қуриш орқали шаҳарни кенгайтириш режамиз бор.

  Учрашув давомида Э.Турдимов Самарқанд шаҳрида 2022 йилда ўтказилиши режалаштирилаётган Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти саммити объектлари, шаҳардаги ариқлар атрофини ободонлаштириш, аҳолига транспорт хизмати кўрсатиш сифатини ошириш масалалари юзасидан ҳам сўз юритиб, журналистларни қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб берди.

  – Аслида, сизлар билан тез-тез учрашиб туришимиз керак ва бу барчамиз учун фойдали бўлади, – деди учрашув якунида Э.Турдимов. – Чунки, оммавий ахборот воситалари давлат органлари билан халқ ўртасида кўприк вазифасини ўтайди. Қанча кўп учрашсак, ечимсиз масалалар, жавобсиз саволлар камаяди. Мен ижтимоий тармоқлар орқали ҳам сизларни кузатиб, фикрларингизни ўқиб бораман. Ўринбосарларим, туман ва шаҳар ҳокимларига ҳам оммавий ахборот воситалари ходимлари билан яқин бўлишни, фаолияти тўғрисида маълумот бериб боришни айтаман. Раҳбарларнинг эшиги халқ учун, журналистлар учун доим очиқ бўлиши керак.

Ғолиб ҲАСАНОВ.