Самарқанд шаҳрининг айрим ҳудудлари чиқиндилардан нега тозаланмаяпти?

Аҳоли ўртасида юқумли касалликлар кўпайиши ва ҳавонинг ифлосланишининг олдини олиш мақсадида шаҳар, туман марказларидаги маҳалла, кўча, бозор, мактаб ҳамда бошқа жамоат жойларида чиқинди қутилари ўрнатилган ва ободонлаштириш ишлари олиб бориляпти. Кўп қаватли уйлар атрофига эса махсус чиқинди ташлаш шохобчалари қурилган. Аммо кўчаларнинг одам гавжум жойлари - бозор, маҳалла гузарлари, мактаблар ёнидан ўтар экансиз, чиқинди уюмларига кўзингиз тушади.

Самарқанд шаҳридаги айрим кўча ва маҳалла ҳудудларини ўрганиш жараёнида бунга гувоҳ бўлдик. Жумладан, шаҳарнинг Шоҳруҳ Мирзо, Амир Темур номли кўчаларидаги ариқлар чиқинди ва хазон уюмлари билан тўлган. Шунингдек, шаҳардаги Абдулла Авлоний номли маҳалладаги деярли барча кўп қаватли уйлар атрофида худди шундай ҳолат.

Абдулла Авлоний номли маҳалла раиси Дилором Ширинбоеванинг маълум қилишича, йиғилган чиқиндиларни ҳафтасига икки марта олиб кетиш “Мароқанд Обод” давлат унитар корхонаси ходимларининг вазифаси. Уларга бугун чиқиндиларни тозалаш айтилган. Лекин уюлиб қолган чиқиндилар кўплигидан кўриш мумкинки, яқин бир ойлар орасида маҳалладан чиқинди олиб кетилмаган. Буни маҳаллада яшовчи фуқаро ҳам тасдиқлади.

- Шу маҳаллага кўчиб келганимизга икки йил бўлди, - дейди 154-кўп қаватли уйда яшовчи И.Ражабова. – Қачон қарасангиз, уйимиз ёнида чиқинди тўпланиб туради. Яқин бир-икки ойда бу чиқиндилар тозаланганини кўрмадим.

Ачинарлиси, маҳалла ҳудудидаги болалар майдончасининг атрофи чиқинди билан тўлганидан атрофга ёқимсиз ҳид тарқалган. Ахир ёш болалар ҳар куни шу майдончада ўйнашади. Наҳотки, ота-оналарнинг ёки маҳалла аҳлининг нигоҳи чиқинди уюмларига тушмаган бўлса.

Тўғри, ҳозир хазонрезги мавсуми. Шу боис чиқиндиларнинг кўп қисмини барг-хазонлар ташкил қилади. Аммо қонунчиликка кўра, хазонлар тўкилиши даврида барг-хазонларни ҳар куни йиғиштириш зарур. Вазирлар Маҳкамасининг “Маиший чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш соҳасидаги ишлар самарадорлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига кўра, тўпланган барглар махсус ажратилган жойлар ёки компостёрлаш майдонларига олиб чиқилади. Тўпланган баргларни олиб чиқиб кетиш ҳудудларни тозалаш учун масъул бўлган жисмоний ва юридик шахслар томонидан ёки шартнома асосида ихтисослашган ташкилотлар томонидан амалга оширилади.

Фазлиддин Рўзибоев.