Самарқанд тўртта катта кўчадан иборат эмас

Кеча оқшом ёққан қор таъсирида бугун эрталаб йўллар музлаб, транспорт воситалари ва пиёдалар қатнови учун ноқулайликлар кузатилди.
Ярим тунда ижтимоий тармоқларда ободонлаштириш бошқармаси транспорт воситалари Самарқанд шаҳридаги Мирзо Улуғбек, Бўстонсарой, Беруний ва бошқа кўчаларда қум-туз аралашмаси сепаётгани акс этган видеолавҳа тарқатилганда, кўнгил хотиржам бўлганди. Эрталаб йўлларда юришда қийналмас эканмиз, деб ўйлагандик.
Афсуски, эрталаб бутунлай бошқа манзарага дуч келдик. Тўғри, марказий кўчаларга туз сепилибди. Лекин шаҳар фақат шу тўрт-бешта кўчадан иборат эмаску. Нарпай кўчасида, Акбар Отахўжаев кўчасида, Тойлоқ туманидан шаҳарга кириладиган Панжикент кўчасида умуман, туз сепилмаганини кўрдик.
Кейинги пайтда катта шаҳарчага айланаётган, лекин на йўли, на ободонлаштирилишига етарлича эътибор қаратилмаётган Қорасув массивидага йўлларга соат 8.00 гача қум-туз аралашмаси сепилмаган эди. Ҳатто ушбу массивдаги шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Самарқанд филиалига борадиган йўлга ҳеч нарса сепилмаганини масъуллар қандай изоҳлайди?
Кечаги қор ва совуқ фавқулодда рўй бермади, бир неча кун олдин бу ҳақда хабарлар берилди. Шундан кейин ҳам бу вазиятга тайёргарлик кўрилмагани масъулиятсизликми ёки ишончни суиистеъмол қилишми?
Катта йўллардаги ҳолат шундай бўлгач, ички кўчаларни, маҳаллалар ичидаги йўлларни тасаввур қилаверинг!
Хуллас, мутасаддилар қачон хўжакўрсинга ишлашни бас қилиб, одамлар учун қулайлик яратишни ўйлаб ишлашади?