Самарқанд триатлон бўйича жаҳон чемпионатига мезбонлик қилади

25-26 апрель кунлари “Silk Road Samarkand” халқаро туристик маркази ҳудудида “World Triathlon Championship Series – 2026” ва “World Triathlon Para Series – 2026” мусобақалари бўлиб ўтади.

Жаҳон триатлон ташкилоти ҳомийлигида ташкил этилаётган ушбу нуфузли мусобақа халқаро триатлон пойгалари сериясининг энг юқори поғонаси бўлиб, Марказий Осиёда биринчи марта ўтказилмоқда.

Мазкур нуфузли спорт тадбири олдидан мусобақа ташкилий қўмитаси аъзолари ва триатлон юлдузлари иштирокида матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Жаҳон тоифасидаги профессионал триатлончилар - Ҳенрй Граф, Мигуел Ҳидалго, Тайлор Спивей, Давид Сантеро Дел Сампо, Жеанне Леҳаир, Жеремй Куиндиос мусобақа ҳақида фикрларини билдирди. Хусусан, ўтган йил Жанубий Америкада бўлиб ўтган WТ Cup мусобақаларида 2 та шоҳсупанинг юқори поғонасини эгаллаган Жеанне Леҳаир ўзини яхши ҳис қилаётгани ва Самарқандда ҳам медаль учун курашишини маълум қилди.

Матбуот анжуманида триатлон бўйича халқаро мусобақалар Самарқандда аввал ҳам юқори савияда ташкил этилгани ва 2024 йилда биринчи марта ўтказилган жаҳон кубоги жаҳон триатлон ташкилоти, хорижлик спортчилар ва мухлислар томонидан юқори баҳолангани қайд этилди.

Ўзбекистон триатлон федерацияси бош котиби Елена Куннинг таъкидлашича, турнирда 30 га яқин мамлакатдан энг кучли атлетлар иштирок этади. Ушбу мусобақа Самарқанднинг нафақат Марказий Осиёда, балки халқаро спорт майдонида ҳам ривожланаётган жаҳон триатлон маркази сифатидаги мақомини яна бир бор тасдиқлаши кутилмоқда. Шу билан бирга, нуфузли спорт тадбири дунё бўйича энг гўзал шаҳарлардан бирида спорт, маданият ва тарихни бирлаштиради.

Мусобақа иштирокчилари “World Championship” доирасида Стандард масофада 1,5 кмлометр сузиш, 40 километр велосипед пойгаси ва 10 километрга югуриш баҳсларида қатнашади.

“World Triathlon Para Cup”да турли тоифадаги пара-атлетлар, хусусан, жисмоний чекловларга эга атлетлар ( PTS2-3-4-5), ногиронлик аравачасидаги атлетлар (PTWC) ва кўриш қобилияти чекланган атлетлар, ўз гидлари билан (PTVI ) иштирок этади.

Спринт масофасида эса 750 метр сузиш, 19 километр велопойга ҳамда 5 километрга югуриш мусобақалари ўтказилади.

Триатлончилар мусобақа давомида “Silk Road Samarkand” халқаро туризм маркази ҳудуди, эшкак эшиш канали, шунингдек, “Боқий шаҳар” мажмуси бўйлаб белгиланган масофани босиб ўтади.