Самарқанд тумани ҳокими Носир Мавлонов иштирокида онлайн брифинг бўлиб ўтди

Қайд этилганидек, пандемия шароитида мамлкатимизнинг бошқа ҳудудларида бўлгани каби Самарқанд туманида аҳолининг даромадларини ошириш, эпидемиологик вазиятнинг иқтисодиётга салбий таъсирини юмшатиш бўйича зарур ишлар амалга оширилмоқда.

Хусусан, Самарқанд туманида ҳам 239 киши жамоат ишларига жалб қилиниб, 180 миллион сўм тўланган. Дала кооперацияси бўйича 98 миллион сўм сарфланиб, 100 нафар фуқаронинг бандлиги таъминланган.

Туманда 1820 нафар якка тартибдаги тадбиркорлар учун 202,9 миллион сўм ижтимоий солиқ суммаси камайтирилган. 1140 та ЯТТларга ойлик 228 миллион сўм қатъий белгиланган ҳамда ижтимоий солиқлар ҳисобланиши вақтинча тўхтатилган.

Шунингдек, 37 та тадбиркорлик субъектларига 1,8 миллиард сўм маҳаллий солиқларни тўлаш муддатларини кечиктириш имконияти берилган бўлса, 9 505 нафар жисмоний шахсларнинг 6,1 миллиард сўмлик солиқлари бўйича декларация муддати 1 августгача, 79 минг жисмоний шахсларнинг мол-мулк ва ер солиғини тўлаш муддати 15 октябргача узайтирилмоқда.

2020 йил Инвестиция дастурига мувофиқ, 525,1 миллиард сўмлик қўшимча лойиҳалар ишлаб чиқилиб, бугунгача 292,6 миллиард сўмлик ишлар амалга оширилган.