Самарқанд туманида бир кунда тўртта иншоот фойдаланишга топширилди

Мустақиллигимизнинг 29 йиллиги арафасида Гулбоғ маҳалласида “Камелот” номли нодавлат мактабгача таълим ташкилоти давлат-хусусий шериклик асосида қурилди.

Ўз фаолиятини бошлаган мазкур боғчада 180 нафар болажон тарбия олади. Шундан 25 нафар ижтимоий кўмакка муҳтож оилаларнинг фарзандларини қабул қилиш режалаштирилган.

2,3 миллиард сўм имтиёзли кредит маблағлари асосида қурилган масканда таълим-тарбия жараёни илғор хорижий тажрибалар асосида олиб борилади. Рус, инглиз тиллари чуқур ўргатилади. Расм, бадиий гимнастика, сузиш, рақс тўгаракларида малакали мутахассислар машғулот ўтказишади.

Ушбу нодавлат мактабгача таълим ташкилотининг очилишига бағишланган тадбирда туман ҳокими Н.Мавлонов иштирок этди.

Шунингдек, Гулобод маҳалласидаги 120 ўринли “Парвоз” мактабгача таълим ташкилоти, Янгижой маҳалласида 50 ўринли “Билимдон академияси” номли нодавлат мактабгача таълим ташкилоти ҳам фойдаланишга топширилди. Муассасаларда замонавий техника воситалари ва жиҳозлар билан таъминланган ўқув хоналари бўлиб, болажонлар учун барча шароитлар яратилган.

Бундан ташқари, туманда “Рақамли технологиялар ўқув маркази” фойдаланишга топширилди. Бу марказда ёшлар ахборот технологиялари, дастурлаш ва робототехника  асосларини ўрганади.

Самарқанд тумани ҳокимлиги ахборот хизмати.