Самарқанд туманида Давлат хизматлари марказининг янги биноси фойдаланишга топширилди
Янги йил байрами арафасида Самарқанд тумани аҳолиси учун яна бир байрам совғаси сифатида туман Давлат хизматлари марказининг барча қулайликларга эга замонавий биноси туҳфа этилди.
Марказ биноси давлат-хусусий шерикчилик асосида қурилган бўлиб, энг замонавий ахборот технологиялари воситалари билан жиҳозланган. Энди марказга ташриф буюрувчиларга кенг ва ёруғ, шинам хоналарда қулай шароитларда хизмат кўрсатилади.
Зал бўйлаб ўрнатилган белгилар давлат хизматини олишингиз учун қадамма-қадам йўналтиради. Электрон навбат олиш учун инфокиоск ишлаб турибди. Талонни олиб, кутиш залидаги шинам ўриндиқларга жойлашишингиз мумкин. Мониторлар орқали эса навбатингиз келгани ҳақида хабардор қилиб, қайси қабул ойнасига ўтиш кераклиги кўрсатилади.
Янада қулайлик яратиш мақсадида бу ерда болалар ўйингоҳи, давлат божини тўлаш учун махсус касса ва бошқалар ишлаб турибди. Ташриф буюрувчилар бепул WiFi дан фойдаланиш имконига эга.
Шунингдек, янги иншоотда адлия ва ФҲДЁ бўлимлари, нотариус ва Бош вазирнинг тадбиркорлар қабулхонаси жойлашганлиги фуқароларга яна бир қўлайлик яратиб, уларнинг оғирини енгил, узоғини яқин қилиши, асосийси, аҳолининг ортиқча оворагарчиликларининг олдини олади.
Шу билан бир қаторда, бинода кафе, болалар хонаси, тиббиёт хонаси, инвесторлар хонаси мавжуд. Марказ бир вақтнинг ўзида 24 та қабул ойнасида мурожаатчиларга хизмат кўрсатади. Замон андазаларига мос равишда жиҳозланган бинода 7 та мониторда 120 дан ортиқ давлат хизмати турлари юзасидан маълумотлар марказга келувчи фуқаролар учун тақдим этилган.