Самарқанд туманида янги сайёҳлик объекти очилди
- 17.10.2020 18:22
- 470
- Самарқанд
Оҳалик тоғ ён-бағрида жойлашган Янгиариқ маҳалласи ҳудудида ташкил этилган “Оқбўйро гарден” экотуризм маскани мароқли дам олиш учун оромгоҳлар, миллий кўринишдаги шийпонлар, сузиш ҳавзаси, болалар ўйин майдончасини ўз ичига олади. Шунингдек, очиқ ҳавода меҳмонлар учун концерт ва шоу-дастурлар намойиш этилади. Ҳудудга ташриф буюрувчилар тоғ манзарасидан баҳраманд бўлиши ҳамда пиёда, отда ёки эшакда сайр қилишлари мумкин.
Меҳмонлар учун экстремал туризм хизматларидан фойдаланиш, квадроциклларда сайр қилиш, пароплан, дельтаплан ва ҳаво шарларида парвоз қилиш имкониятлари ҳам яратилган. Замонавий талабларга жавоб берадиган лойиҳанинг умумий қиймати 10 миллиард сўмдан ортиқ.
Мазкур масканнинг очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари, туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси А.Абдуҳакимов ва Самарқанд вилояти ҳокими Э.Турдимов иштирок этди.