Самарқанд туманида ярим триллионга яқин инвестиция ўзлаштирилиб, 600 га яқин иш ўрни яратилади
Туманда жорий йилда қиймати 494,4 миллиард сўмлик 65 та инвестиция лойиҳалари амалга оширилиши режалаштирилган. Бунинг натижасида 600 га яқин янги иш ўринлари яратилиши кўзда тутилган.
Таҳлилларга кўра, ўтган давр мобайнида қиймати 320,4 миллиард сўмлик 49 та лойиҳа фойдаланишга қабул қилинган. Соҳалар кесимида олиб қараганда, энг кўп лойиҳа қишлоқ хўжалиги йўналишида - 146,1 миллиард сўмлик 39 та амалга оширилган.
Хусусан, Жанубий Корея Республикаси фуқароси Пак Жин Со томонидан 3,5 миллион АҚШ доллари миқдорида тўғридан-тўғри хорижий инвестиция киритилган. Лойиҳа доирасида масъулияти чекланган жамият шаклидаги "Multi Fruit Korea" хорижий корхонаси томонидан 540,5 гектар суғорилмайдиган - лалми ер майдонида замонавий интенсив боғ ташкил қилиниб, 75 та янги иш ўрни яратилди.
Гилос, анор ва ёнғоқ мевалари парваришланаётган боғда етиштирилган ҳосилнинг 80 фоизи Жанубий Корея Республикаси ҳамда Европа мамлакатларига экспорт қилинади.
Ушбу йўналишдаги яна бир йирик лойиҳа масъулияти чекланган жамият шаклидаги "AGROMIR" қўшма корхонаси томонидан амалга оширилган. Лойиҳа доирасида қиймати 139,2 миллиард сўмлик мева-сабзавот маҳсулотларини қайта ишлаш кластери ташкил этилиб, 25 та янги иш ўрни яратилган. Эътиборлиси, кластерда қайта ишланган маҳсулотларнинг 75 фоизи хориж бозорларига чиқарилмоқда.
Туманда, шунингдек, саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш йўналишида 148,1 миллиард сўмлик 5 та ҳамда хизмат кўрсатиш соҳасида 26,3 миллиард сўмлик 5 та лойиҳа доирасидаги ишлар якунига етказилган. Амалга оширилган лойиҳалар доирасида импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар тайёрлаш йўлга қўйилгани алоҳида эътиборга молик.
Хусусан, "MUSLIM TRADING COMPANY" масъулияти чекланган жамиятида пойабзал маҳсулотлари ишлаб чиқариш, "MOTRID SIFAT POLIMER" масъулияти чекланган жамиятида эса плёнка ишлаб чиқариш, "SEMURG` SAM" масъулияти чекланган жамиятида картон қоғоз ишлаб чиқариш линиялари фойдаланишга қабул қилинди.
Жорий йил якунигача туманда 14 миллион АҚШ доллари миқдорида тўғридан-тўғри хорижий инвестиция ўзлаштирилиши кўзда тутилган. Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, бу борадаги кўрсаткич 8 миллиард 770 минг АҚШ долларини ташкил қилган.
Самарқанд тумани ҳокимлиги ахборот хизмати.