Самарқанд университетининг ёши нечада?

Ҳар қандай халқнинг асрлар давомида яшаб қолиши, давлат барпо этишининг асосий манбаи бу илм-маърифатга асосланган лаёқати билан боғлиқ.

Инсоният дастлаб табиат ҳодисаларига, мавжуд муҳитга мослашишни ўрганган бўлса, кейинчалик уни ўраб турган макон тўғрисидаги билимларини бойитди. Энг буюк кашфиётлардан бири ёзув пайдо бўлди. Ёзув – инсоният тарихини ўзида мужассам этган ягона ва мангуликка дахлдор маънавий мерос ҳисобланади.

Қадим Шарқ цивилизациясида билимларни умумлаштириб, таҳлил қилиб ўрганиладиган ва ўқитиладиган жой – мадрасалар жаҳон маданиятидаги яна бир улкан кашфиёт бўлди. Тарихий манбаларда  Марказий Осиёда Х асрда университет ва олий таълимнинг илк шакли мадрасалар пайдо бўлгани ҳақида маълумотлар учрайди.

Ислом дини мафкуравий дунёсида таълимнинг дастлабки даргоҳи масжид ҳисобланиб, у ерда фан ва таълим соҳаси мутахассисларининг маърузалари  тингланган. Шунингдек, масжидлар қошидаги мактабларда бепул таълим берилган. Х асрда янгича ўқиш усулига асосланган тадрислар пайдо бўлади. Уларда ёзиш билан бирга изоҳ бериш, мунозара кенг тарқалади. Бу мадраса институтининг кенг тарқалишига олиб келади.

Марказий Осиёдаги дастлабки мадрасалардан бири Бухородаги Фаржак мадрасаси Х асрда фаолият юритгани тўғрисида тарихчи Наршахий маълумот беради. Асрлар давомида юртимиз маданият марказларида мадрасалар фаолият олиб борган. Самарқанддаги Улуғбек мадрасаси 1420 йилда ташкил этилиб, кўп асрлар давомида олий таълим маскани сифатида фаолият олиб борган. ХХ аср бошларидаги сиёсий ўзгаришлардан кейин мадраса мударрис ва талабалари янги давр талабларини қабул қилиб, педагогика курслари, институти, университети ўқитувчилари таркибига сингишиб, замонасининг кўзга кўринган зиёлилари бўлиб етишган.

Самарқанд давлат университетининг ёшини университет ректори, профессор Р.Холмуродов "Самарқанд университети қачон ташкил топган?" мақоласи асосида 1420 йил, деб хулоса бериш мумкин. Чунки юртимиздаги билим масканлари орасида Самарқанд давлат университети ўзининг тарихий илдизларига кўра Улуғбек мадрасасининг давомчиси экани билан изоҳланади.

 

Д.ЮСУПОВА,

тарих фанлари доктори, академик.

ЎзА