Самарқанд ветеринария медицинаси институтида коррупция ҳолатлари 70 фоизга камайган
Мазкур институт томонидан ишлаб чиқилган таълим кластерининг мамлакатда ҳозирча муқобили йўқ. Бу нима дегани ўзи? Республикадаги энг ёш проректор Самарқанд ветеринария медицинаси институтида ишлашини биласизми? Ўтган йилларда институт маъмуриятидан норозилар нега кўпайди? Хорижлик бир келиб-кетиши 5 минг АҚШ долларига тушган ветеринар мутахассиснинг ишини шу институт тадқиқотчилари амалга оширгани ҳам бор гап.
Вилоят матбуот уйида Самарқанд ветеринария медицинаси институти ректори бошчилигидаги жамоа иштирокида оммавий ахборот воситалари ходимлари учун матбуот анжуманида шу каби долзарб масалалар хусусида сўз борди.
- Жуда кўп давлатларнинг таълим тизимини ўрганиб, бевосита ўша жараёнда иштирок этган киши сифатида айтишим мумкинки, бугун мамлакатда олиб борилаётган таълим ислоҳотлари натижадорлиги билан аҳамиятли, - дейди институт ректори, биология фанлари доктори Худойназар Юнусов. – Бугун ҳар бир олий таълим даргоҳини ўз имкониятларидан, йўналишидан келиб чиққан ҳолда ривожлантириш, такомиллаштириш бўйича лойиҳаларни амалиётга татбиқ этиш учун Президентимиз имконият яратиб берди. Шу имкониятдан фойдаланган ҳолда биз институтимиз кластер тизими лойиҳасини ишлаб чиқдик. Институтимиз бевосита чорвачилик, паррандачилик, балиқчилик ва бошқа шу каби хўжаликлар билан айни пайтда 21 та шартнома имзолаган, илмий-амалий ҳамкорлик мақсадида юзлаб шартномаларимиз бор. Таълим кластерида нафақат талабалар ўқишни битирганидан кейин, балки институтга келишидан олдинги жараён, академик лицей, коллежни ҳам қамраб олиб, ўқув дастурлари институт билан ҳамкорликда тузилади. Мақсад битта – институтда шу соҳанинг ҳақиқий қизиқувчилари таҳсил олсин ва йилдан-йилга кўлами ошаётган турли йўналишлардаги хўжаликларни ривожлантиришга ўз ҳиссасини қўшсин.
Анжуман давомида институтда кейинги йилларда нафақат талабалар, балки ўқитувчиларнинг билим-савияси доимий равишда тегишли равишда, маълум қоидалар асосида баҳолангани айтилди. Бунинг натижаси кўпчиликнинг эътирозларига сабаб бўлгани ҳам бор гап. Мисол учун, ўтган йили 69 нафар битирувчи талабанинг давлат имтиҳонидан ўтказилмай қайтарилгани, 47 нафар ўқитувчилар билан янги йил учун аниқ шартлар, яъни ўз устида изланиш ва рейтинг даражасини кўтариш вазифаси қўйилган ҳолда шартнома тузилгани шулар жумласидандир.
- Институтимизда йўлга қўйилаётган бундай шаффофлик, аниқ талаб тўғрисини тан олиш керак, аввалига кўпчиликка маъқул келмади ва бундан норози бўлиб эътирозларини турли идораларга билдирди, - дейди институт проректори, профессори А.Даминов. – Ҳар бир иш қонуний асосда ташкил этилгани, муҳими, мақсад таълим сифатини яхшилаш, таҳсил олувчиларга самарали таълим ва ўқитувчилар ўз навбатида ўз вазифасини сидқидилдан адо этишини ташкил этишдан иборат эди. Табиийки, қўл учида ишлашга ўрганганлар учун бу ёқмади. Соғлом муҳит юзага келгани учун илмий иш қилувчилар сони ошди. Ўтган йили 19 нафар ўқитувчилар PhD даражасини, 3 нафари докторлик даражасидаги ишини ҳимоя қилди. Бу йил уларнинг сони янаям кўпроқ.
- Биринчи навбатда, талабларнинг фикри эътиборга олинмоқда, - дейди институтнинг ёшлар билан ишлаш бўйича проректори А.Гаппаров. - Дейлик, яқинда талабаларнинг дарс бериш бўйича эътирозлари туфайли икки гуруҳнинг ўқитувчилари ўзгарди. Талабаларнинг фикрини ўрганиш учун телеграм гуруҳлар ташкил этилиб, аноним сўровлар доимий равишда ўтказиб борилади. Шу аноним сўровлар натижасида институтда коррупция ҳолати 70 фоизга камайгани аниқланди. Бугунги талаба шаффофликка ўрганди, ундан ҳеч нимани сир тутиб бўлмайди ва шаффофлик билим олиш учун яратилган муҳим шароитдир.
Дарвоқе, институтнинг ёшлар масалалари бўйича проректори 34 ёшда бўлиб, мамлакатдаги энг ёш ўринбосарлардан биридир.
Анжуман давомида инстутда, шунингдек, ўтган ўқув йилида Беларус давлати билан ҳамкорликда ташкил этилган факультет ва бошқа янгиликлар хусусида ҳам маълумотлар берилди. Матбуот анжумани якунида бошқа олий таълим даргоҳларида шаффофликка эътибор, коррупцияга қарши кураш борасида шундай тизим йўлга қўйилганмикан, деб қизиқдик.
Гулруҳ МЎМИНОВА.