Самарқанд вилояти маҳаллий бюджетига 9 ойлик тушумлар прогнози 114 фоизга бажарилган
Бу ҳақда кеча бўлиб ўтган халқ депутатлари вилоят Кенгаши сессиясида маълум қилинган.
Берилган ахборотга кўра, ҳисобот даврида режадаги 1 триллион 627,9 миллиард сўм ўрнига ҳақиқатда 1 триллион 856,2 миллиард сўм маблағ туширилган. Яъни, прогноз режага нисбатан 228,3 миллиард сўм ортиқча маблағ тушишига эришилган.
Шу даврда вилоят маҳаллий бюджетининг харажатлар қисми 102,6 фоизга ижро этилиб, 3 триллион 677,9 миллиард сўмлик харажатлар амалга оширилган.
Жорий йилнинг ўтган 9 ойида ижтимоий-маданий тадбирлар учун 2 триллион 890,3 миллиард сўм маблағ молиялаштирилиб, таълим соҳаси бўйича 1 триллион 815,7 миллиард, соғлиқни сақлаш соҳаси бўйича 802,6 миллиард сўмлик харажатлар амалга оширилган.
Маҳаллий бюджет ижроси жараёнида бюджетдан ажратилган маблағлардан жойларда фойдаланилиши устидан қаттиқ назорат олиб борилган.
Шунга қарамасдан, давлат молиявий назорати бошқармаси ходимлари билан биргаликда бюджет муассасаларида ўтказилган 503 та тафтиш ва текширилардан 499 тасида 5 миллиард 723,5 миллион сўмлик мақсадсиз харажат ва камомадларга йўл қўйилганлиги аниқланган. Шундан 251 та бюджет ташкилотларида аниқланган 5 миллиард 103,9 миллион сўмлик ортиқча харажат ва камомадлар бўйича тафтиш ҳужжатлари ҳуқуқни муҳофаза қилиш идораларига берилган.
Ё.ГАДОЕВ.