Самарқанд вилоятида аёлларнинг мавқеи қандай? Туманларда ҳолат қанақа?
Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Барқарор ривожланиш мақсадларидаги асосий 17 йўналишдан бири - бешинчиси гендер тенгликни таъминлаш ҳисобланади.
Хўш, бу борада Самарқанд вилоятида вазият қандай?
Вилоят республикадаги аҳолиси сони жиҳатидан биринчи рақамли ҳудуд. Чунки, жорий йил 1 январь ҳолатига доимий аҳоли сони 3 миллион 878 минг кишини ташкил этиб, йил бошидан 79,1 минг кишига ёки 1,2 фоизга ўсди.
Таҳлилларга кўра, вилоят аҳолиси таркибида эркаклар сони аёлларга нисбатан кўп. Аммо 35-39 ёш гуруҳидан 85 ёш ва ундан катталар бўйича аёллар сони эркакларга нисбатан кўпроқ.
Самарқанд вилоят аҳолисининг ёш-жинс таркиби пирамидаси (2019 йил ҳолатига)
Бугунги кунда гендер тенгликни таъминлаш, хотин-қизларнинг жамиятдаги ўрни ва нуфузини ошириш борасида амалга оширилаётган ишлар натижасида кўпгина аёллар давлат ва маҳаллий аҳамиятдаги бошқарувда, хусусан, раҳбар лавозимларида фаолият юритмоқда. Хусусан, вилоятда жорий йилнинг 1 январь ҳолатига 4 минг 285 нафар аёллар тадбиркор сифатида рўйхатдан ўтган.
Тадбиркор сифатида фаолият юритаётган аёллар сони бўйича Самарқанд тумани пешқадам (850 нафар), кейинги ўринларда Ургут тумани (699 нафар), Иштихон тумани (617 нафар), Каттақўрғон шаҳри (504 нафар), Пайариқ тумани (362 нафар) ва Паст Дарғом (324 нафар) туманлари турибди.
Олий Мажлис депутатлари, шунингдек, маҳаллий Кенгашлар депутатлари орасида ҳам аёлларнинг салмоғи сезиларли равишда кўпайган. Жумладан, ўтган йилги сайловлар натижаларига кўра, вилоят Кенгашига сайланган 60 нафар депутатнинг 36,7 фоизи ёки 22 нафарини опа-сингилларимиздир.
Маҳаллий Кенгашларда эса хотин-қизлар 40 фоизгача ўрин эгаллаган.
Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш тизимидаги раҳбар аёллар сони бўйича Паст Дарғом тумани (12 нафар) ва Самарқанд шаҳри (11 нафар) етакчилик қилади. Булунғур, Қўшработ ва Пахтачи туманлари 1 нафар кўрсаткич билан охирги ўринларда жойлашган.
Республикамизнинг барча ҳудудларида мактабгача ва халқ таълими тизимида аёлларнинг ўрни ва сони юқори даражада эканлиги маълум. Самарқанд вилоятидаги мактабгача таълим тизимида (бошқарма, бўлим, МТТ) раҳбарлик қилаётган опа-сингилларимиз сони бўйича Ургут, Тайлоқ, Оқдарё туманлари ва Самарқанд шаҳрида кўрсаткичлар нисбатан юқори. Халқ таълими тизимида эса Паст Дарғом тумани ва Самарқанд шаҳрида хотин-қиз раҳбарлар (ХТБ мудири, мактаб директори) бошқа ҳудудларга нисбатан кўпроқ.
Қуйидаги расмда соҳалар бўйича вилоятдаги раҳбар аёллар тўғрисида маълумотлар акс эттирилган.
«Юксалиш» умуммиллий
ҳаракати вилоят бўлими.