Самарқанд вилоятидаги ОТМларга кириш имтиҳонлари бешта очиқ майдонларда бўлиб ўтади

Жорий йилда вилоятимиздаги олий ўқув юртига бакалавр таълим йўналишларига қабул учун 103 275 нафар абитуриентдан ҳужжатлар қабул қилиш режалаштирилган. Бу ҳақда Zarnews.uz'га ДТМ Самарқанд вилояти бўлими хабар бермоқда.

Ҳужжатларни қабул қилиш масофадан амалга оширилгани аҳолига катта қулайликлар яратмоқда. Олий таълим муассасаларининг бакалавриатига ўқишга кириш учун Ягона интерактив давлат хизматлари портали my.gov.uz сайти ҳамда Давлат тест марказининг my.dtm.uz сайти орқали 27 июль кунига қадар онлайн рўйхатга олинади.

Самарқанд вилоятидаги кириш имтиҳонлари вилоятдаги бешта очиқ майдонларда бўлиб ўтади. Шу жумладан, вилоятимизда бир сменада жами 5400 ўрин тайёрланмоқда.

Самарқанд шаҳар “Локомотив” футбол стадиони (1200 ўрин), Сартепо массивидаги Самарқанд шаҳар 2-сон болалар ва ўсмирлар спорт мактаби стадиони (1080 ўрин), Кимёгарлар шаҳарчасидаги “Нурафшон” футбол стадиони (960 ўрин), Самарқанд туманидаги БЎСМ футбол майдони (960 ўрин) ва Жомбой туманидаги БЎСМ футбол майдони (1200 ўрин) очиқ майдонларида тест синовлари ўтказилади.

Эпидемиологик талабларга мувофиқ синовлар икки сменада ўтказилади. Абитуриентларни киритишда ва шахсини аниқлашда шахсни идентификациялаш воситалари (видеофиксация, бармоқ изи сканери)дан фойдаланилади. Жараёнлар видеокузатув остида онлайн эфирга узатилган ҳолда ўтказилади ҳамда абитуриентлар ва уларнинг ота-оналари тест синовларини телевидение ва https://test2022.uz/ сайти орқали онлайн кузатиб боришлари мумкин бўлади.

Таъкидлаш жоизки, саналар эълон қилинганидан кейин абитуриентларга онлайн тарзда рўйхатдан ўтиш учун фойдаланган телефон рақамига СМС шаклида тест ўтказиш жойи тўғрисида маълумот юборилади.

Рухсатномада кўрсатилган сана ва вақтда тест синовлари бошланишидан камида 1-1,5 соат олдин паспорт ҳамда рухсатнома билан бирга тест синовлари ўтказиладиган ҳудудга бориш талаб этилади.

Вилоятимиздаги барча абитуриентларга муваффақият тилаймиз.