Самарқандда 105 та оила хиёнат сабабли бузилган
Самарқанд вилояти судларининг 2021 йилдаги фаолиятига бағишлаб ўтказилган брифингда вилоят суди раиси О.Ҳайитов ўтган йил никоҳдан ажратиш билан боғлиқ ишлар 2020 йилдагидан 1839 тага кўпайиб, 6942 тани ташкил этганини таъкидлади.
Лекин 3616 та ариза қаноатлантирилиб, никоҳ бекор қилинган бўлса, 2617 та даъво рад этилган.
Никоҳдан ажралиш сабаблари таҳлил қилинганда, 125 ҳолатда никоҳланувчиларнинг оилага тайёр эмаслиги, 469 ҳолатда фарзандсизлик ёки тарафлардан бирининг фарзанд хоҳламаслиги, 105 ҳолатда эр ёки хотиннинг оиласига хиёнат қилганлиги, 69 ҳолатда эр ёки хотиннинг хорижга ишлаш учун кетиши оила бузилишига олиб келгани маълум бўлди.
Никоҳдан ажратиш бўйича даъволарнинг 2256 таси эрлар ва 1360 таси хотинлар томонидан судларга киритилган.
Ёш тоифаси бўйича ажрашганларнинг 570 нафарини 18 ёшдан 28 ёшгача бўлганлар, 1669 нафарини 28 ёшдан 36 ёшгача бўлганлар ва 1377 нафарини 36 ёшдан юқори шахслар ташкил этган.