Самарқандда “AKFA” сўзидан фойдаланган 54 та корхонага чора кўрилган
Сўнгги вақтларда маҳсулот сифати ҳамда стандарт талабларга жавоб бериши билан ном қозонган бренд ва логотипларнинг бошқа корхона ва ташкилотлар томонидан “ўғирланиши” ҳам кузатилмоқда.
Бу рақобатнинг ноҳалол бўлишига, истеъмолчилар ўртасида ўша бренд маҳсулотларига ишончсизликнинг шаклланишига олиб келади.
“Рақобат тўғрисида”ги Қонуннинг 4-моддасига асосан инсофсиз рақобат хўжалик юритувчи субъект ёки шахслар гуруҳининг иқтисодий фаолиятни амалга оширишда афзалликларга эга бўлишга қаратилган, қонун ҳужжатларига, иш муомаласи одатларига зид бўлган ҳамда бошқа хўжалик юритувчи субъектларга (рақобатчиларга) зарар, ишчанлик обрўсига путур етказадиган ёки зарар етказиши мумкин бўлган ҳаракатлар деб эътироф этилган. Мазкур қонуннинг 13-моддасига асосан инсофсиз рақобат тақиқланган.
Инсофсиз рақобатда товарни хўжалик юритувчи субъектнинг (рақобатчининг) товар белгисига, фирма номига ўхшаш бўлган белгидан ўзининг товарлари, этикеткалари, ўровларда жойлаштириш мумкин эмас.
Шу сабабли, интеллектуал мулкни муҳофаза қилиш муҳим вазифа ҳисобланади. Тадбиркорлар буни яхши англаган ҳолда ҳуқуқбузилиши ҳолатларига дуч келганликларида қонун йўли билан ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун монополияга қарши органга мурожаат қилмоқда.
Тушган мурожаатлар асосан, ҳуқуқий ҳимояга олинган товар белгисини такрорлаш, махсулот қадоғидан нусха кўчириш орқали қалбакилаштириш ва товар белгиларини фирма номларида кўрсатиш ҳолатлари бўйича келиб тушмоқда.
Жумладан, “Societe des Produits Nestle S.A.” компанияси (Швейцария)нинг музқаймоқ маҳсулотлари ишлаб чиқариш ва унинг савдоси бўйича йўллаган мурожаати ўрганиб чиқилганда, унда “KIT KAT” товар белгиси “Societe des Produits Nestle S.A.” компанияси тегишли эканлиги қайд этилган. Аммо Самарқанд шаҳрида жойлашган тадбиркорлик субъекти ўша товар белгисига ўхшаш “KIT KIT” товар белгили музқаймоқ ишлаб чиқариб, сотган ва инсофсиз рақобатга йўл қўйган.
Вилоятдаги “айрим” тадбиркорлик субъектлари томонидан “ROTBAND” товар белгисига ўхшаш бўлган “ROTBANT”, "NUTS” товар белгисига ўхшаш “NATSS” товар белгисидан фойдаланиш ҳолатлари аниқланиб, амалга оширилган ишлар натижасида қонунбузилиш ҳолатлари бартараф этилган.
Бундан ташқари, ҳудудий бошқарма томонидан олиб борилган ишлар натижасида фирма номларида “AKFA” сўзидан фойдаланган 54 та корхонанинг, “ARTEL” сўзидан фойдаланган 5 та корхонанинг фирма номларини ўзгартириш чоралари кўрилди.
Ҳудудий бошқармага тушган мурожаатларни ўрганиш натижаси бўйича қонунбузилиш ҳолатларига йўл қўйган корхоналарга қонунбузилиш ҳолатини тўхтатиш ва келгусида йўл қўймаслик тўғрисида кўрсатмалар берилиб, товар белгиси эгасининг интеллектуал мулк ҳуқуқларининг ҳимоя қилиниши таъминланди.
Азамат Ҳамроқулов,
Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ҳудудий бошқармаси бўлим бошлиғи ўринбосари.