Самарқандда Бутунжаҳон жамиятининг олтинчи халқаро конгресси ўтказилмоқда

Бугун Самарқанд шаҳрида Бутунжаҳон жамиятининг “Ўзбекистон маданий мероси - янги Ренессанс пойдевори” олтинчи халқаро конгресси бошланди.

Дунёга машҳур 250 нафардан ортиқ шарқшунос олимлар, жумладан, 33 нафар машҳур халқаро, 15 нафар миллий музейлар директорлари, 6 нафар халқаро ташкилот вакиллари, 15 нафардан ортиқ академик, 20 нафардан ортиқ профессор ҳамда 20 нафар фан докторлари иштирок этаётган тадбирнинг биринчи кунида “Ўзбекистон маданий мероси жаҳон тўпламларида” (51-60 жилд) туркумидаги 10 та янги китоб-альбомлар тақдимоти бўлиб ўтди.

- Ушбу китобларда ўзбек халқининг бой тарихи, маданияти, урф-одати, масканлари ва дунёга машҳур буюк алломалари ўрин олган, - дейди Туркия элчихонаси маданият ва туризм маслаҳатчиси Альпарслан Акинжи. – Бизнинг Истанбул кутубхоналарида ҳам Алишер Навоий қўлёзмаларининг нусхалари бор. Бу китобларда ўзбек ва турк қардошларининг кўп асрлик маданияти акс этган.

Тадбир доирасида Франция Миллий кутубхонасида сақланадиган қадимий қўлёзманинг ноёб нашри тақдимоти ҳам ўтказилди. Европанинг етакчи нашриёт уйларидан бири Муэллер&Счиндлер буюк мунажжим Мирзо Улуғбек буюртмаси билан яратилган ноёб қўлёзма факсимилини намойиш этди. Шунингдек, конгресс доирасида Ўзбекистон санъатига оид яна иккита ноёб китоб “Орол ва Аму қирғоқларида. Қорақалпоқ санъати” ҳамда “Безак: эстетика, сеҳр, маъно” китоблари ҳам тақдим этилди.

Конгресс 24 июлга қадар давом этади ва икки кун давомида дунёнинг 35 дан ортиқ давлатидан келган таниқли шарқшунос олимларнинг Ўзбекистон ва Марказий Осиё мамлакатлари маданий меросига бағишланган 100 дан ортиқ маърузалари тингланади.