Самарқандда фахрий ва фаоллар учун байрам ташкил этилди

Бир пиёла чой устида кечган суҳбатларда 2018 йил самарқандликлар ҳаётида қандай из қолдиргани, амалга оширилган бунёдкорлик ишлари ва келгусидаги режалар хусусида сўз борди.

Самарқанд вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Э.Турдимов йиғилганлар, уларнинг тимсолида барча самарқандликларни Янги йил айёми билан қутлар экан,  аҳолининг ижтимоий муҳофазаси, ҳар бир фуқаронинг бугунги кунидан рози бўлиб яшаши йўлида давлат томонидан олиб борилаётган улкан ислоҳотлар ҳақида сўз фикр билдирди.

- Шу йили хонадонимиз дарвозасига «Бу уйда I даражали «Меҳнат фахрийси» кўкрак нишони билан тақдирланган фуқаро Ҳакима Ғуломова истиқомат қилади», деган ёзувли пешлавҳа илинди, - дейди «Нуроний» жамғармаси Самарқанд шаҳар бўлими фаоли Ҳ.Ғуломова. – Бу ёзувга ортиқча изоҳ шарт эмас, назаримда. Шу фикрнинг ўзиёқ мамлакатимизда фахрийларга қаратилаётган эътиборга яққол мисол бўла олади. Гарчи нафақа ёшида бўлсам-да, бу рағбатдан жамоат ишларида янаям фаол меҳнат қилиш, одамларга кўпроқ нафимиз тегиши учун қалбимизда иштиёқ пайдо бўлди.

- Шу йили мен учун унутилмас йил бўлди, - дейди тадбиркор, «Эко-планета» корхонаси раҳбари С.Салимова. - Қўшни давлатлар билан алоқамиз яхшилангани учун ушбу давлатларда ўтказилган ярмаркаларда ўз маҳсулотларимиз билан иштирок этдик. Ҳамкорларимиз, маҳсулотимизга ҳаридорларимиз янада кўпайди. Келгуси йил бу ишларнинг натижасини кўрамиз, деган умиддаман.

Пойтахтимиздан келган Ўзбекистон халқ артистлари Шерали Жўраев, Ортиқ Отажонов, Муножот Йўлчиева, Насиба Абдуллаева, Матлуба Дадабоева ва бошқа халқ суйган санъаткорлар ижросидаги куй-қўшиқлар кечага ўзгача шукуҳ бағишлади.

Гулруҳ МЎМИНОВА.