Самарқандда Франция телевидениеси учун кенг кўламли реалити-шоу тасвирга олинмоқда
Жорий йилнинг 10-11 сентябрь кунлари Самарқандда Франция телевидениеси учун кенг кўламли реалити-шоу суратга олиш ишлари олиб борилмоқда.
Лойиҳа Бельгиянинг "Eccholine" компанияси томонидан амалга оширилмоқда. Ташрифнинг асосий мақсади, шоу дастури орқали Самарқанднинг сайёҳлик салоҳиятини очиб берадиган суратга олиш ишларини олиб бориш, шунингдек, маданий-тарихий меросни халқаро даражада танитишдан иборат.
Суратга олиш ишлари Регистон майдони ҳамда Самарқанднинг қадимий-тарихий қисмида амалга оширилади.
Мазкур шоу йирик аудиторияга эга. Шоу бир неча жамоаларнинг саёҳати орқали маълум бир мамлакат маданиятини ёритишга қаратилган ва миллионлаб француз томошабинлари уни катта қизиқиш билан томоша қилади.
Шуни таъкидлаш жоизки, француз телевидениесида реалити-шоу премьераси намойиши 2022 йил баҳорида бўлиб ўтади.
Самарқанд вилояти Туризм ва спорт бош бошқармаси ахборот хизмати.